22 April 2014
21:26 - Сенсация: Қримтатарларининг миллий лидери Мустафа Жамилўғлига ватанига кириш 5 йилга таъқиқланди

Сталин томонидан Қримдан депортация қилинган қримтатарлари узоқ йиллар давом этган курашдан кейин ўз ерларига қайтиш ҳуқуқини олган эдилар. Мана энди, руслар бу ярим оролни босиб олдилар, Владимир Путин эса, Сталиннинг йўлидан кетмоқчи.

Бу ерда Путинни тилга олишимиз тасодифан эмас. Чунки, аслида, Мустафа Жамилўғлига Россияга кириш 5 йилга таъқиқланди, Қрим ҳозир Россиянинг бир қисмими, демак, у Қримга ҳам киролмайди.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, руслар феълан Қримдаги ҳокимиятни қўлга олгач, Киевдан келаётган Мустафа акани ўз ватанига киргизмаган эди. Кейинчалик, у Қримга қайтишга муваффақ бўлди.

Аммо, Қримтататар Халқ Мажлисининг расмий сайтида айтилишича, бугун эрталаб Украина халқ депутати Мустафа Қримўғли Қримтататар Халқ Мажлиси раисининг ўринбосари Аслан Қиримли билан Киевга кетаётиб, Қримдан чиқишаётганда, чегарачилар унга Россия Федерациясига киришга ҳаққи йўқлиги ҳақида ҳужжат топширишибди. У энди 2019 йил 19 апрелгача Россияга, жумладан, Қримга киролмас эмиш.

Мустафа Жамилев ҳеч қандай қарорларга қарамасдан, Қримга қайтиб келаман, дебди.

Табиий, руслар ҳаддан ошмоқдалар. Кўринишидан, Путин Қрим ёки Украина билан чекланмайди. Ҳамма собиқ Совет респупликларини Россияга ҳозиргидан ҳам кўпоқ боғлаб қўйиш учун қадамлар қилинади. Бу масалалар Ўзбекистонда ҳам муҳокама қилиниши, ўзбеклар ҳар нарсага тайёр бўлишлари, энг муҳими, ўзларини ҳимоя қилиш механизмларини яратиш устида ишлашлари керак.