22 April 2014
20:48 - Бухорода одамларнинг ер участкалари бузилмоқда
Бухоро вилояти Олот туманида фуқароларнинг ер участкалари тортиб олинмоқда. Аҳолига 22 йил аввал берилган ва шу муддат мобайнида улар томонидан фойдаланилиб келинган ерлар давлат ҳисобига қайтарилмоқда. Бу ҳақда Олот туманида яшовчи фуқаро Зулайҳо Қурбонова маълум қилди. Унга кўра, маҳаллий ҳокимият одамлар норозилигини бостириш учун миршаблар гуруҳларини ташлаган.

Масалан, Олот туманининг Давлатбой қишлоғида истиқомат қилувчи аҳолининг томорқа ерларига 17 апрель куни трактор солинган. Туман ҳокими Шерали Саломов эса мухбирларимиз билан суҳбатда одамларнинг "самозахват" қилиб олган ерларини давлатга қайтариш жараён кетаётганини таъкидлади.

Аммо, дейди мухбиримиз, экинлар гуркираб турган ерларни бузиш ва ҳуқуқий мақомидан қатъий назар бу жараённи айни шу кунланда амалга ошириш мантиқсиз зўровонликдир. Фуқаролар ҳокимят органларига ҳеч бўлмаса ҳосил йиғиб олиниши, кузнинг келишини кутишни айтиб ўтинишмоқда.

Мана шундай ҳолларда мамлакатимизда расмий мухолифатнинг йўқлиги қанчалик ёмонлиги кўринади. Мухолифат бўлсайди, бу масала дарҳол давлатнинг расмий органларига тўғридан-тўғри олиб чиқилган бўларди.