22 April 2014
20:15 - Ўзбекистон делагацияси Бангладешга боради, Ислом Карим ҳам инидан чиқиб кўп жойларга бориши зарур
Ўзбеклар делегацияси Бангладешга боришини шу мамлакатда чоп қилинадиган The Daily Star газетасидан билдик. Газетанинг ёзишича, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси мазкур мамлакат Бош вазири Шайх Хасин, Ташқи ишлар вазири Шаҳриёр Аълам, Савдо вазири Тофаил Аҳмад ва бошқа расмий шахслар билан учрашади ва савдо-иқтисодий алоқаларга оид масалаларни муҳокама қилади.

Шунингдек, кун тартибидаги асосий масалалардан бири бу мамлакатда Ўзбекистон элчихонсини очишдир. Хабарга кўра, масала принципиал келишилган ва яқин орада Бангладешда дипкорпусимиз иш бошлайди, Дакка ва Тошкент ўртасида авиақатнов йўлга қўйилади.

Бангладеш каби давлатлар билан яқинлашганимиздан зарар йўқ. Қолаверса, аҳолисининг сони 140 миллиондан ошган бу мамлакат қашшоқлик даражаси, яъни киши бошига Ялпи Ички Маҳсулотнинг кичиклиги билан худди ўзимиз кабидир.

Шуни ҳам ҳам ҳисобга олиб, биринчи навбатда Россия, Қозоғистон, Туркманистон каби биздан 6-8 баравар бой бўлган ён қўшнилар билан алоқаларни ривожлантириш ҳамда интеграцион процессларни чуқурлаштириш масаласига эътибор берилиши керак.

Аммо, ўзи зўрға юрган Ислом Карим Оқ Ўй деб аталувчи инидан чиқмасдан ўтираверар экан, аҳволимиз ўзгармайди. Уни истеъфога чақирувчи овозлар кучайиши керак. “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун мақолларидан бирида, энди маълум бўлишича, партия раиси Абдураҳим Пўлат билан маслаҳатлашиб, Ислом Карим ўз истаги билан истеъфога кетса, унинг тинчлиги учун кафолат берилишини ёзганди. Шундай экан, нимaдан қўрқади президентимиз ўзи?