22 April 2014
07:18 - Россия фуқаролиги олишни осонлаштирувчи ва муҳожирларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштирувчи қонунлар кучга кирди
Рус ахборот воситалари Кремлнинг матбуот хизматига асосланиб хабар қилишларича, кеча Президент Путин Россия фуқароси бўлишни осонлаштирувчи қонунга қўл қўйибди.

Осонлаштирилган схема бўйича фуқаролик олиш ҳуқуқи қариндошлари Россияда ёки Россия империясида ёки унинг давомчиси бўлган СССРда яшаган одамларга берилади. Табиий, улар ҳозир Россияга кўчиб келсалар. Бундайлар ҳозир яшаётган давлатларининг фуқаролигидан воз кечишлари керак.

Биронта одамнинг рус тилли эканлиги хусусидаги қарор махсус комиссия тарафидан у одам билан ўтказиладиган суҳбат натижасида чиқарилади.

Осонлаштирилган схема бўйича фуқаролик олишга 3 ойгина вақт керак бўлади.

Россия ватандошлари учун ўз ихтиёри билан Россияга кўчиб келишга рухсат олишлари учун шу пайтгача 6 кутишлари керак эди. Энди фақат 3 ой кутадилар. Бундайларга Россияда яшаш учун рухсат 3 йил муддатга берилади. Шу пайтгача амалда бўлган Россияда вақтинча яшаш учун рухсат олиш талаби улар учун ишламайди.

Кеча Президент Путин муҳожир/мигрантларнинг ҳуқуқий аҳволи ҳақидаги қонунни ҳам имзолабди. Унга кўра, вақтинча яшаш ва ишлаш учун рухсат олишни истаганлар рус тили, Россия тарихи ва қоунчилик асосларини билишларини мажбурий имтихонларда исботлашлари лозим. Бу қоида юксак малакали мутахассислар учун тегишли эмас. Аммо, хабарларда кимлар ва қандай қилиб юксак малакали мутахассис деб тан олиниши айтилмаган. Пора берилса ҳар ким ололса керак.

Бу қонунлар ўзбеклар учун ҳам Россияга доимийга кўчиб кетиш учун кенг имкониятлар яратиши табиий. Ўзбекистоннинг иқтисоди чўкиб борар экан, мамлакатдан қочиш ниятида бўлганларнинг сони, минг афсуски, даҳшатли равишда ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.