21 April 2014
23:17 - Ниҳоят японлар ҳам Абдураҳим Пўлатнинг маслаҳатларига қулоқ солишга бошлашибди
Маълумки, Япониянинг аввал СССР, ҳозир Россия Федерацияси билан ҳудудий жанжаллари бор. Россия Иккинчи жаҳон уруши даврида босиб олинган Курил оролларини ўзиники ҳисобайди, Япония эса, сал кам 60 йилдан бери уларнинг қайтарилишини талаб қилиб келади.

Лекин, шу ҳам маълумки, японлар бу муаммони кескинлаштирмасдан, узоқ вақт ўтса ҳам, уни тинч йўллар билан қадамма-қадам ҳал этиш тарафдори эканликлари кўриниб турарди. Руслар эса, ўзбекларнинг “андишани отини қўрқоқ дейдилар” мақолидан келиб чиқиб бўлса керак, японларни ростдан ҳам қўрқоқ ҳисоблашарди ва бу масалада ҳеч қандай орқага чекиниш бўлмаслигини кўрсатиб келишарди.

Ўзбекистонда демократик мухолифатнинг асосий, балки, ҳозир ягона кучи бўлган “Бирлик” Партиясининг лидери Абдураҳим Пўлат 2008 йилнинг август ойи охирларида “Кавказда уруш” мавзусида ёзган “Кенигсберг-Курил муаммолари ва Россия- Гуржистон уруши” номли мақоласида шундай дейди:

“Чет эллик сиёсатчи ва мутахассислар Москванинг мақсади – Гуржистон, Молдова ва Украинага Руссиянинг таъсир доирасидан чиқиб кетишга имкон бермаслик учун бу мамлакатларни доимо босим остида ва беқарорликда ушлаб туриш эканлигини гапирадилар.

Табиий, булар бор нарсалар. Аммо, муаммоларнинг асл илдизи бошқа жойда, Украина, Гуржистон ва Молдовада эмас. Муаммоларнинг илдизи Кенигсберг ва Курилда, Татаристон ва Бошқирдистонда, Удмуртия ва Яқутистонда, қолаверса, Россиянинг ярим ҳудудини ташкил этувчи Сибирда. Яъни, очиқча гапирсак, бугунги Россия Федерацияси ҳеч қандай Федерация эмас, 21 аср реалликларига мос келиши мумкин бўлмаган Императорлик эканлигида. Кенингсберг ва Курил ороллари каби ўтган асрда босиб олинган ҳудудларга эгаликни даво қиладиган бошқа мамлакатлар борлигида, татарлар, бошқирдлар, удмуртлар, ёқутлар ва бошқа бир қатор халқлар руслардан мустақил бўлиш учун фурсат кутаётганларида, руслар эса буни истамасликларида...

... Русларнинг “Мудофаанинг энг яхшиси ҳужумдир” деган мақоли бор. Россиянинг ҳозирги ҳукмдорлари шундан келиб чиқиб, Кенигсберг ва Курилга даво қиладиганлару татар, бошқирд ва бошқа халқларнинг мустақиллик курашчиларини Гуржистонда куч намойиш қилиш йўли билан қўрқитмоқчилар, сустирмоқчилар.

Демак, бугун гуржилар ахир бир кун Кенигсберг ва Курилга даво қиладиганлар ва Россиядан мустақил бўлишни орзу қилаётган халқларга қарши қаратилган тўқмоқнинг илк зарбаларини олмоқдалар холос. Шунинг учун, аслида, гуржиларни биринчи навбатда ўшалар дастаклаши керак. Россия ичидаги миллатлар қўрқув остида овоз чиқараролмаётганларини тушуниш мумкин, аммо бу масалада Германия ва Япония етарлича жонбозлик кўрсатмаётганини тушуниб бўлмайди.”

Бу мақола ўша пайтдаёқ гуржиларнинг “Грузия-Online” сайтида ва русларнинг Центразия.ру сайтида эълон қилинган.

Мана орадан сал кам 6 йил ўтиб, немисларни қўйиб турайлик, энг камида, японлар Россияга қарши биринчи марта тиш кўрсатдилар ва Курил оролларини ҳам ўйлаб, ўзлари жонбозлик кўрсатдилар.

Бугун Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотдан маълум бўлишича, Япония тарафи бу икки мамлакат ўртасида имзоланган хавфли ҳарбий фаолиятларнинг олдини олиш ҳақидаги Шартномадан чиққанини эълон қилибди. Яъни, Япония энди руслар билан ади-бади қилмоқчи эмас, керак бўлса, руслар учун хавфли бўлган ҳарбий фаолиятларга ҳам кирмоқчи.

Табиий, Японияининг бу қадами - Украинага қарши тажовузкорлик қилаётган Россияни ҳар томонлама сиқиштириш ҳаракатида бўлган Ғарбнинг, биринчи навбатда, АҚШнинг талаби билан амалга оширилган.

Демак, фақат Япония эмас, Ғарб ҳам Абдураҳим Пўлатнинг таклифлари йўналишида иш олиб бориш йўлига ўтган.

Ғарбдагилар қандайдир Абдураҳим Пўлатнинг мақолларини ўқиб, унинг таклифларига қулоқ солармиди дейдиган аҳмоқлар ҳам бўлиши мумкин. Уларга эслатиш керакки, Абдураҳим Пўлат 2006 йилда ЕИнинг хавфсизлик ва ташқи алоқалар бўйича Бош комиссари Хавер Соланага хат ёзиб, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга қарши санкциялар киритиш ва уни дунёдан изоляция қилиш сиёсати самарасиз бўлишини билдирди. Мисол тариқасида, АҚШнинг бурни остида ҳамма санкияларга қаши яшаб келаётган Фидел Кастро режимини кўрсатди. Ва, шулардан келиб чиқиб, Ўзбексионни дунёга интеграция қилиш Ислом Карим режимини йиқитиш йўлидаги энг самарали қадам эканлигини урғулади.

Хавер Солананинг Бош маслаҳатчиси Абдураҳим Пўлатга мактуб йўллаб, ўз раҳбари хат билан шахсан танишгани ва ундаги таклифларни қабул қилганини билдирди. Бу мактубнинг фотонусҳаси ўша вақтдаёқ “Ҳаракат” сайтида эълон қилинган.

Яқинда Япония раҳбарларидан биронтаси Абдураҳим Пўлатга миннатдорчилик хати ёзса ҳайрон бўлмаслик керак.

Абдураҳим Пўлатнинг юқорида айтилган тарихий мақоласи билан танишишни истаганлар эса, унинг матнини “Ҳаракат” сайтининг архивида турган “Ҳаракат” журналининг 2008 йилга оид 4(73) сонидан топишлари мумкин.