21 April 2014
20:45 - Бойсун тумани ҳокими Панжи Тангриев ҳибсга олинди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокими Панжи Тангриев МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳибсга олинди. Ҳоким ҳозирда МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг коррупцияга оид жиноятлари доирасида тергов олди ҳаракатлари бошланган.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида туғилган Панжи Тангриев 2009 йилга қадар Сурхондарё вилояти ҳокимнинг биринчи ўринбосари, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишларди. 2009 йилнинг 9 январида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Бойсун тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида у собиқ ҳоким Эркин Бойниёзовнинг ўрнига тайинланган.

Бойсунликларнинг таъкидича, ҳибсга олинган ҳоким одамлар учун қайишадиган, адолатли одам эмиш. Балки шундайдир, у одамларга ёрдам бериш мақсадида, Ўзбекистоннинг ҳамма расмийлари каби, порахўрлик ботқоғига ботиб қолган бўлса ажаб эмас. Балки, аксинчадир, у порахўрликка қарши бўлгани сабабли юқоридагиларга пора бермагандир?

Ошкоралик бўлмаган Ўзбекистонда бу каби саволларга жавоб қидириш бефойда.