21 April 2014
02:57 - Мисрда мусулмон-қардошларни таъқиб қилиш давом этмоқда, кеча яна 30 киши қамоққа отилди
Аввалги хабарларимиздан маълумки, Араб баҳори воқеалари вақтида президент бўлиб сайланган “Мусулмон-қардошлар” ташкилотининг вакили Муҳаммад Мурси ўтган йили ҳарбийлар тарафидан тахтидан йиқитилиб, сўнгра қамалгандан кейин, бу ташкилот аъзоларини таъқиб этиш кампанияси бошланди. Чунки, мусулмон-қардошларнинг мамлакат бўйлаб ўтказган норозилик намойишлари куч ишлатишга ҳам айланиб кетди, кўплаб қурбонлар бўлди, исломчилар ҳеч нарсадан қўрқмасликларини ва чекинмасликларини эълон қилдилар, Муҳаммад Мурсининг қамоқдан чиқарилиб, президентлик курсисига қайтариш талабини олға сурдилар.

Шу йил март ойида мусулмон-қардошлардан 529 киши февраль ойидаги оммавий тартибсизликларда иштирок этиш айби билан ўлим жазосига маҳкум қилинган эди. 16 апрелда 119 киши турли муддатларга қамалди, кеча эса, яна 30 кишига уч йиллик қамоқ жазоси берилибди.

Аввалги президент Ҳусни Муборак исломий давлат қуриш ниятидаги фанатикларни узоқ йиллардан бери қаттиқ қўллик сиёсати билан дунёвийлик чегараларида ушлаб турарди. Ҳозир ҳокимятда бўлган ҳарбийлар ҳам шу сиёсатни давом эттирмоқдалар. Айнан уларнинг вакили бу йил бўладиган президентлик сайловларида ютиши кутилмоқда.

“Ҳаракат” Агентлигининг экспертлари айтаётгандек, Ислом динида чуқур ислоҳотлар ўтказилиб, Ислом дунёвийлик принципини қабул қилмагунча, мусулмон мамлакатларида тинчлик бўлмайди. Ислом фанатиклари ғалаба қозонолмайдилар ҳам, фақат умрлари қамоқда ўтади. Исломдаги ислоҳотларгина ислом фанатикларини секин-аста йўқ қилади, Мисрдаги каби оммавий ўлим ва қамоқ жазоларидан қутқаради.