20 April 2014
21:16 - Сенсация устига сенсация: Туркиядан депортация қилинган озорбайжонлик журналист ўз мамлакатида жосусликда айбланибди

Кечаги хабарларимизда озорбайжонлик журналист, рус ва озорбайдон тилларида чиқадиган Зеркало/Айна газетасининг 3 йилдан бери оиласи билан Туркияда яшаб келаётган мухбири Рауф Миркадиров Туркиядан ҳайдаб чиқарилганини эълон қилган эдик. Ҳозир шу газетадан ҳам берилган қисқа хабардан маълум бўлишича, у кеча Бокуга келтирилиши биланоқ аэропортдаёқ ғойиб бўлган, кейин эса Озорбайжон хафсизлик хизматлари тарафидан ушлаб кетилгани билинган.

Бугун унинг адвокатига телефон қилган хавфсизлик хизматининг ходими Рауф Миркадировга Жиноят Кодексининг “Ватанга хиёнат қилиш” қилиш моддаси бўйича айб қўйилганини билдирибди. Бу айб бўйича одамни 10 йилдан умрбодгача қамашлари мумкин.

Озорбайжоннинг ҳукуматдан мустақил хабар агентликлари гап жосуслик, тўғрироғи, Арманистонга жосуслик қилиш ҳақида кетаётганини тахмин қилмоқдалар. Аммо, уч йилдан бери Туркияда яшаётган журналист арманиларга, агар ўзи буни истаса ҳам, Озорбойжоннинг қандайдир сирларини сотишга қодир эканлигига ишониш қийин.

Дарвоқе, Озорбайжоннинг Тинчлик ва Демократия Институти дарҳол баёнот эълон қилиб, Рауф Миркадиров шу институт тарафидан арманиларнинг ноҳукумат ташкилотларини ҳам иштирокида олиб борилаётган бир қатор лойиҳаларига қўшилгани, шу лойиҳалар доирасида Арманистонда ҳам бўлганин билдирди. Бир маҳаллар Озорбайжон Халқ Фронтининг Бош котиби вазифасини ҳам бажарган, ҳозир эса Тинчлик ва Демократия Институтининг директори бўлган Лейла Юнусовага кўра, арманиларнинг ноҳукумат ташкилотлари билан “халқ дипломатияси” лойиҳалари доирасида ишлаётган одамни миллатга хиёнат ёки жосуслик билан айблаш Озорбайжон фуқарлолик жамияти фаолларининг Арманистонга бориш йўлларини бекитади, холос.

Хуллас, диққатга сазовор воқеа, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири. Агар Туркия ва Озорбайжон расмийлари тил бириктириб, мустақил журналист ва бу икки давлатнинг ҳукуматларини танқид қилиб келаётган таниқли сиёсий аналитикни айнан танқидлари учун, аммо жосуслик баҳонасида, жазолаш ниятида бўлсалар, бу икки давлатнинг ўзи учун шармандали воқеа бўлади.

Воқеаларни кузатиб борамиз.