19 April 2014
02:07 - Россияда оммавий тартибсизликлар учун 10-15 йилгача қамоқ жазоси беришмоқчи
Кеча Давлат Думасида “антитеррористик қонунлар” дастаси ичида, кўп ўқиладиган блогларни оммавий ахборот воситасига тенглаб, уларни жиловлаш имкони берадиган қонун қабул қилинганини билдиргандик.

Ҳозир маълум бўлишича, яна ўша “антитеррористик қонунлар” дастаси ичида оммавий тартибсизликлар учун маъсулиятни ошириш имкони берадиган қонун ҳам қабул қилинган экан. Нодемократик давлатларда ҳар қандай митинг ёки намойишни оммавий тартибсизликлар деб баҳолаш осон бўлгани сабабли, энди ҳар қандай митинг ёки намойиш иштирокчисини қамоққа отиш арзимаган иш бўлиб қолади.

Бу қонунга кўра, оммавий тартибсизликларда иштирок этганлар учун максимал жазо - одам ўлдириш учун бериладиган жазога тенглашади – 15 йил қамоқ.

Қонуннинг тафсилотлари қуйидагича. Одамларни оммавий тартибсизликлардан иштирок этиш учун тайёрлайдиганларга 15 йил, тайёрланганлар учун 10 йил берилиши мумкин.

Россия тарафидан Қримнинг босиб олиниши, турли сўровномалага кўра, русларнинг кўпчилиги тарафидан олқишланмоқда. Президент Путиннинг рейтинги 80% дан ошгани ҳам айтилмоқда.

Вақтдан фойдаланган Президент Путин эса, халқнинг бўйнига кишан бўладиган қонунлар чиқариб олмоқда. Демак, Қримнинг босиб олиниши Россия учун осон бўлган бўлса ҳам, руслар учун келажакда бадали оғир бўлади.