18 April 2014
14:37 - Россия блогерларни жиловлаш учун уларни ОАВ билан тенглаштирмоқчи, Ўзбекистон нима қилади?
“Интерфакс” агантлигининг хабарида айтилишича, бугун Россия парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Давлат Думаси “антитеррористик қонунлар” дастасини муҳокама қилиш доирасида кунига камида 3 минг ўқувчи ўқийиган блогларни оммавий ахборт воситаси (ОАВ) деб тан оладиган ўзгартириш қабул қилибди.

Бир қарашда, блогерлар ҳақида бунақа қайғуриш ва ҳатто бу хусусда қонунга ўзгартириш киритиш блогерларнинг обрўсини оширишдек туйилади. Аслида, бу қадам – Россиядаги мавжуд режим ўта оммавийлашиб бораётган, кўп ҳолларда режимнинг фикридан фарқли фикрлар айтаётган ва ҳар доим ҳам назорат қилиб бўлмайдиган минбарга айланиб бораётган блогерлардан қўрқишга бошлаганининг кўрсатгичидир.

Энди блогерларни ОАВ ҳақидаги анчагина нодемократик қонунлар доирасида назорат остига олиш йўлига тушишибди. Маълумки, суд қайсидир ОАВнинг фаолиятини қонунларга зид деб топса, у бекитилади. Суд эса, режимнинг қўлида. Демак, бундан буён блогерларнинг блогини бекитиш ҳам оддий ҳолга айланиб қолса керак.

Ўзбекистонда бундай қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Мамлакатимизда қонунлар эмас, режимни бошқараётганларнинг бўйруқлари ҳукмрон. Улар эса, истаган нарсаларни ҳеч қандай қонунсиз ҳам бекитиб ташлайверадилар. Оммавий ахборот воситасини ҳам, блогни ҳам. Тўғрисини айтса, Ўзбекистонда яшаб, режимдан фарқли фикр айтадиган блогерларнинг ўзи йўқ бизда.