18 July 2012
03:07 - “Бирлик”нинг Намангандаги янги лидери Амир Аҳмад: ”Аввал демократия, сўнг мустақиллик” шиори тўғри бўлган

Аввалги хабарларимизда билдирилганидек, бугун Наманганда “Бирлик” Партияси вилоят ташкилоти Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Халқимизнинг илк миллий озодлик ҳаракати бўлган “Бирлик”нинг илк йиллари тез-тез айтилган сарлавҳадаги сўзлар, яъни “аввал демократия, сўнг мустақиллик, аксинча Ўзбекистон мустақил диктатура исканжасида қолади” қабилидаги ибора бугун Наманганда партиянинг вилоят бўлимига раис вазифасини бажарувчи этиб сайланган Амир Аҳмаднинг тилида такрорланиши йиғилганларни руҳлантирди.

“Демократик қарашларга содиқ, ҳар қандай зўровонлик ва мустабидликка қарши бугунги жамоанинг аксари кишилари ўқимишли, зиёли, турли мансаб пиллапояларини босган тажрибали кишилар эди”, дейди Наманганда ўтган анжуманни бошқарган партия Бош котиби Васила Иноят. Дарҳақиқат, Бош котибни сон нуқтаи назаридан ҳам, салмоқ жиҳатидан ҳам қувонтирган партиянинг Намангандаги фаоллари ўзларининг ишга чанқоқлигини кўрсатди.

“Тан олишга мажбурмиз, наманганлик сафдошлар “Бирлик”ни Адлия рўйхатидан ўтказиш ишида бирмунча суст ҳаракат қилди, имзолар тўплаш ва ҳатто ташкилотланиш масалаларида ҳам фаоллик кўрсата олмадик. Аммо бир ёмоннинг яхшиси бўлгани каби бу жараён бизга аччиқ тажриба бўлди” деди камтарлик билан “Бирлик”чи Аҳмад Абдулла.

Васила Иноятнинг қийин шароитларга қарамай Тошкентда, Қашқадарёда, Жиззахда йиғилишлар ташкил қилингани ҳақидаги хабари эса тўпланган 23 сафдошни руҳлантирди чоғи, ижтимоий-сиёсий вазият борасида ўзаро баҳсга киришиб кетган ҳамфикр дўстлар якунда якдил қарорга келишди. Яъни, аввало вилоят ташкилоти фаолиятини танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқиш зарур. Париявий бўғинларни мустаҳкамламай туриб, ишни ташкил қилиб бўлмайди. Бу аввало маҳаллий лидернинг зиммасига каттагина маъсулият юклайди, аввалги раисниннг хоинона ишларини унутмасликка чорлайди.

“Бугунги конференцияга 50 нафар кишини чақирилган эди, уларнинг аксариятидан феълан розилик ҳам олинган. Аммо муайян сабабларга кўра таклиф қилинганларнинг ярми тўпланди, Ўзбекистондаги вазият нуқтаи назаридан шунча одамнинг йиғилиши ҳам катта ғалабадир. Хуллас, суҳбатлашдик, ҳаракатларимиз стратегиясини белгилаб олдик. Мен аввало партияни рўйхатдан ўтказиш масаласи кун тартибидаги долзарб иш эканини уқтиришга ҳаракат қилдим. Мени кўпчилик қўллаб-қуввалади ва ниҳояда “Бирлик”ни қўлловчи имзолар йиғишга келишдик” деди Васила Иноят мухбиримиз билан суҳбатда. Унинг таъкидича, фаолларда ишчанлик кайфияти юқори, ўзаро ҳамжиҳатлик мавжуд. Ўзбекистоннинг демократик Ғарб билан сиёсий интеграцияси сиёсий маънода нафас олиш имконини бераётган экан, шунинг ўзи олдинга ташланган қадамдир.

Кечқурун Вашингтондан қайта қўнғироқ қилиб, Намангандаги янги раҳбар, 58 ёшли халқ хўжалиги ходими Амир Аҳмадни қутлаган Абдураҳим Пўлат “Бирлик”нинг илк миллий озодлик ҳаракати сифатида тарихда қолиши, ҳатто келажаги ҳам равнақли эканига урғу берди, аввалги раис Носир Зокирга берилган баҳо бошқаларга дарс бўлиши кераклигинини таъкидлади.

Шундай қилиб, ташкилотнинг орқасидан пичоқлашга ҳаракат қилган, бировдан олинган бир “чақа” эвазига сотқинлик қилиб, пешонасига сафдошлари таарфидан “ҳаромий” тамғаси босилган Носир Зокирнинг раислигига нуқта қўйилди.