11 July 2012
01:46 - Қаршида “Бирлик”нинг вилоят конференциясига тайёрланиш йиғилиши ўтди
Тан олиш керак, дейди “Бирлик” Партияси Қашқадарё вилояти раиси Дайнов Ташанов, партиянинг вилоят конференциясини ўтказиш ва унга тайёргарлик жараёнлари осон кечмаяпти. Ҳатто бундан аввал ҳам бирмунча заифлашиб қолган бўлимларимиз фаолиятини жонлантириш ҳамда партиявий ҳамкасбларимизни тўплаш учун қилган аввалги уринишларимиз зое кетди. Ҳамкасбларимизнинг ҳафсаласизлиги, моливий муаммолар ҳамда муайян даражадаги босимлар ишимизга халал бериб келди. Аммо бугун, 10 июлда асосий қисми Вилоят Кенгаши аъзоларидан иборат бўлган сафдошларимиз билан Қаршида тўпландик.

Мухбиримизнинг таъкидича, бугунги анжуманга конференция мақоми берилмади. Аммо анжуманнинг бош мавзуси яқин орада ўтказилиши лозим бўлган партиянинг Қашқадарё вилояти бўлими конференциясини ўтказиш ва уни кўнгилдагидек ташкил этиш бўлди. Ташкилий чоралар кўрилди, фаолларга ишлар бўлиб берилди.

Турли туманлардан келган туман бўлимларининг 9 нафар етакчиси аввало ижтимоий-сиёсий вазият, инсон ҳуқуқлари масаласида ўзаро баҳсга киришиб кетди. Шаҳрисабзлик Ғанижон Раҳмат Россия мухолифатидаги жонланишлар, бунинг бевосита поссовет мамлакатлардаги демократик жараёнларга таъсири ҳақида гапирди. Панжи Мамат эса хорижда ўзларини мухолифат деб гапираётган гуруҳларнинг тузилишидан ҳеч қандай натижа бўлмаслигини урғулади ва истеҳзо билан “Қани улар демократ бўлсалар Ўзбекистонда биронта мажлис ўтказиб кўришсинчи?” деб қўшимча қилди. Касбилик Эшқул Юсуф эса “Бирлик”нинг рўйхатдан ўтказиш учун Андижон воқеаларидан аввал бошланган жараённи тиклаш кераклигини гапирса, Нишонлик Зулфиқор Мирзо вилоятдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида гапирди.

Сафдошларнинг сўнги йилларда илк марта бир орага келиб, ҳамма мавзулар бўйича фикр алмашгани жуда фойдали бўлди, йиғилиш иштирокчилари яқин келажакада вилоят конференцисини ўтказишга келишишди, дейди Дайнов Ташанов. Минг афсуски, партия раиси билан телефон мулоқоти ўрнатиб бўлмади.