09 April 2012
02:04 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди
Ҳуқуқ ҳимоячилари Альянси раҳбари Елена Урлаева мажбурий равишда Тошкентдаги руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизилди. Бу ҳақдаги хабарни Би-би-сига етказган унинг ўғли Денисга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси ўзини ёмон тутгани натижасида қариндошлар тиббий ёрдам машинаси чақиришга мажбур бўлишган. 52 яшар ҳуқуқ ҳимоячисининг тақдири юзасдан унинг ҳамкасблари суриштирувлар олиб боришмоқда.

Журналист Виктор Кримзаловнинг айтишича, Елена Урлаева яқинда амалга оширган Туркия сафаридан сўнг ўзини ғалати тутишга бошлаган. «У Аллоҳга ишониш керак, ёлғончи Ғарбга эмас» деган гапларни айтди, дейди журналист. Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Номозов шифохонага олиб кетилишидан аввал Урлаеванинг ўзини ғайри оддий тутганига гувоҳлик берди. Абдилло Тожибой ўғли эса шериклари билан Елена Урлаева хонадонига боргани, у уйида эри йўқлиги сабабли номаҳрамларга кўринишга ҳаққи йўқлигини айтиб, эшикни очмаганини таъкидлайди.

Ҳукуматнинг топшириқларини бажариши маълум бўлган Узметроном нашрининг ёзишича, Урлаева Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деб аталаётган ташкилот етакчиси Салой Мадаминнинг таклифи билан Истанбулда бўлган. Айтишларича, у ўша ерда мусулмончиликни қабул қилгандан кейин, руҳий хасталиги очиқча ўртага чиқа бошлаган.