25 November 2011
02:00 - Белорусиялик ҳуқуқ ҳимоячиси 4,5 йилга озодликдан маҳкум этилди, дунё ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан, ўзбекларнинг обрўсига зарба бўлди
Бу мамлакатда фаолият олиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячиси “Весна” (Баҳор) марказининг раҳбари Алес Беляцкий 4,5 йилга озодликдан маҳрум этилди, мол-мулки мусодара қилинди. Минск шаҳрининг Москва туман судига кўра, Беляцкийнинг катта ўлчовда солиқ тўламаслик айби исботланган. Бу ҳақда демократларга хайрихоҳлиги билан танилган русларнинг gazeta.ru сайти хабар берди.

Суд материаллари бўйича ҳуқуқ ҳимоячиси 567 минг евролик (сал кам 1 миллион доллар) даромад қилиб, 12 фоизлик солиқ тўламаган. Суд Беляцкийнинг елкасига давлат хазинасига 83 минг доллар топшириш мажбуриятини ҳам юклади.

Беляцкийнинг адвокатлари ҳуқуқ ҳимоячисининг Польша ва Литва банкларида сақлаган пуллари унинг шахсий даромади эмас, ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолияти учун олинган маблағлардир, демоқдалар.

“Ҳаракат” мухбирларининг фикрича, нодемократик Белорусияда судларнинг мустақиллигига ишонч йўқ. Аммо, бу воқеада Алес Беляцкий ва унинг адвокатлари тўғри гапиришаётгани ҳам шубҳа уйғотади.

Тахмин қилиш қийин эмаски, Алес Беляцкийнинг ҳисобидаги пуллар Ғарб давлатларидан олинган грантлардан келган. Маълумки, ҳуқуқ ҳимоячиларига узоғи билан бир йиллик грантлар берилади, уларнинг миқдори унчалик катта ҳам бўлмайди. Бу грантларнинг маблағлари ҳам ҳар кварталга бўлиниб берилади ва улар шу квартал ичида ишлатилиши керак. Улар ростдан ҳам ишлатилгани ҳужжатлар билан исботланса, адолатсиз белорус суди ҳам ҳуқуқ ҳимоячисини катта фойда олишда айблай олмаган бўларди.

Хабарлардан унчалик аниқ бўлмаса ҳам, кўринишидан, Алес Беляцкийнинг ҳисобларида шу кунларда сал кам миллион доллар атрофида пул бўлган. Гап ҳаракатдаги эмас, узоқ йиллардан бери аста-секин тўпланган пул ҳақида кетмоқда. Шундай бўлса, қайтариб айтамиз, ростдан ҳам шундай бўлса, Алес Беляцкий ҳуқуқ ҳимоячиси маскаси остида Ғарбдан олинган грант пулларини ўзлаштириш билан шуғулланган.

“Ҳаракат” сайтидаги бир қатор хабарларда кучли аргументлар билан тожик аслли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суҳробжон Исмоилов Ғарб мамлакатларидан грантлар олиб, уларнинг маблағларини жинояткорона ўзлаштиргани ва уларни Ғарб давлатларидаги банкларда очилган ҳисобларида сақлаётгани айтилган.

Бошқаларга ўрнак қилиш ва ҳуқуқ ҳимоячилари ичидаги ишончсизлик ҳамда шубҳаларга барҳам бериш учун, Суҳробжон Исмоиловнинг кирдикорлари тўла очилиши, унинг ўзи жазоланиши, керак бўлса, қамалиши керак. Шубҳа йўқки, шундай бўлади ҳам.