06 January 2011
13:30 - Ўзбек олими Шавкат Собиров: Жигар цирозини даволаш мумкин, ҳомийлардан ёрдам керак
“Бирлик” Партияси Андижон вилоят ташкилотининг етакчиларидан бири, ҳозир Данияда сиёсий муҳожир сифатида яшаётган Акбарали Ориф сайтимизга ўзбек мухолифатининг мазохист сайтлардан бирида эълон қилинган мақоланинг нусҳасини юбориб, уни “Ҳаракат” сайтида эълон қилиш муҳимлигини урғулабди.

Унинг фикрича, бунинг учун камида учта сабаби бор.

Биринчидан, Андижонлик олим Шавкат Собировнинг цирроз касаллигини даволаш бўйича олиб борган тадқиқотларининг натижалари ва олиб бормоқчи бўлган тадқиқотлари нафақат ўзбеклар, балки, бутун инсоният учун фойдалидир.

Иккинчидан, Шавкат Собиров “Бирлик” халқ ҳаракатининг тузилишида, унинг Андижон вилоятида оёққа туришида сезиларли роль ўйнаган одам. Кейинчалик, яъни Ўзбекистонда мустақил диктатура тиклангач, у асосан илмий ишлар билан машғул бўлиб, “Бирлик” фаолиятидан узоқда турган бўлса ҳам, унинг ўзбеклар жамияти олдидаги маъсулиятини ҳис қиладиган инсон эканлиги шубҳасиз. Бундай одамларга ёрдам бериш бизнинг бурчимиздир.

Учинчидан, мазохист сайтларни ўқийдиган одамларнинг сони кўп бўлмагани туфайли, Шавкат Собировнинг тадқиқотларини ундай сайтларда тарғибот қилиш самарасиз бўлиб қолаверади.

Шулардан келиб чиқиб, Шавкат Собировнинг цирроз ҳасталигини даолаш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида рус тилида ёзилган “Цирроз изличим” номли мақолани сайтимизнинг “Актуал Мавзу” бўлимига қўйдик.

Маълумки, сайтимизнинг мақсадларидан бири – ўзбек жамиятида, миллатимиз учун шу вақтгача мутлақо бегона бўлган, ҳормийлик/спонсорлик анъаналарини яратишдир. Вақтдан фойдаланиб, ўзбекларга, биринчи навбатда, ўзбек бизнесменларига, янги ўзбекларга мурожаат қиламиз: Шавкат Собировга ёрдам бериш йўлларини қидиринг. Миллатнинг фарзандлари қилаётган ишларни рўёбга чиқариш билангина миллатни миллат қилоламиз, буни унутманг.