02 December 2010
01:26 - Остона саммити олдидан ўтган фуқаролик жамияти вакилларининг конференцияси Абдуманноб Пўлатни хотирлашдан бошланди
Бироз кечикиб олинган маълумотга кўра, ҳозир Остонада давом этаётган ЕХҲТ саммити олдидан бир қанча халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ташаббуси билан ноҳукумат, нотижорат ташкилотлари иштирокида халқаро конференция ўтказилган. Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, марҳум Абдуманноб Пўлатнинг хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлаш билан очилган конференцияда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масаласи, ЕХҲТ саммитида мазкур масаланинг акс этиши билан боғлиқ мавзулар муҳокама қилинган.

Дунёнинг бир қанча мамлакатлари, хусусан, МДҲга кирувчи мамлакастларнинг вакиллари, жумладан, Ўзбекистондан “Бирлик” Партияси Бош Котиби, “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноят, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Бахтиёр Ҳамро, ҳуқуқ ҳимоячилари Суҳроб Исмоилов, Елена Урлаева, Баҳодир Намозов ва журналист Павел Кравецлар қатнашган конференция якунида ЕХҲТ саммитига тавсияномалар ҳамда махсус баёнот қабул қилинган.

Ўзбекистонлик фуқаролик жамияти вакиллари қийноқлар, инсон ҳуқуқлари вазияти, сиёсий маҳбуслар озодлиги ҳақида сўзлаб, тавсияномаларга қамоқларда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчиларнинг озод қилиниши масаласини алоҳида киритишга эришишган.

Конференцияда Қозоғистон Президентининг сиёсий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси, қатор дипломатик корпус вакиллари ва журналистлар ҳам иштирок этган, дейди мухбиримиз.