30 November 2010
01:47 - Cайтимиз башорати тўғри чиқди, Ҳиллари Клинтон Тошкентга келади, аммо фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашадими?
АҚШ Давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Филип Кроулнинг таъкидича, Ҳиллари Клинтон 30 ноябрь - 3 декабрь кунлари Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Баҳрайнга ташриф буюради. У Қозоғистонга ташрифи чоғида АҚШ делегациясининг раҳбари сифатида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида иштирок этади. Саммитдан аввал у маҳаллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан фаол фуқаролик жамиятининг аҳамияти борасида суҳбатлашади. Ўзбекистондан бу суҳбатда “Бирлик” Партиясининг Бош котиби, “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноят қатнашиши ҳақида маълумот бор, у ҳозир Остонада.

Ҳиллари Клинтон Қозоғистон Президенти Назарбоев ва Ташқи ишлар вазири Саудабаев билан учрашиб, АҚШ-Қозоғистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликка алоқадор турли масалаларни муҳокама қилади.

Қирғизистон Республикасида Давлат котиби Клинтон Президент Отунбаева ҳамда ҳукумат мулозимлари билан учрашади. У яқинда Қирғизистонда бўлиб ўтган сайловлардан кейинги сиёсий ҳолатнинг ривожини кўздан кечиради ва томонларни қизиқтирган бошқа масалаларда музокаралар олиб боради.

Ўзбекистонда Давлат котиби икки томонлама муносабатларга алоқадор кенг кўламли мавзулар ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Президент Каримов билан учрашади. Унинг фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда демократлар билан учрашуви ҳақида маълумот йўқ.