08 August 2010
02:11 - Буюкбритания Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Қўқонда “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари билан учрашди
Буюк Британия Ташқи ишлари вазирлигининг Ўзбекистон ва Тожикистон масалалари бўйича вакили Жон Ҳетенстал ҳамда Британиянинг мамлакатимиздаги элчилиги сиёсий бўлими раҳбари Ричард Пик Қўқонда бўлиб, “Бирлик” Партияси раисининг водий вилоятлари бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймон билан учрашди. Ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг йўлидаги ҳукумат тарафидан қўйилаётган тўсиқлар, инсон ҳуқуқларининг топталиши, мухолифатнинг, хусусан, “Бирлик” Партиясининг аҳволи билан боғлиқ мавзулар тилга олинди, бу борада фикр алмашилди.

Табиий, “Бирлик” Партияси билан боғлиқ масалалар кун тартибининг марказида бўлди. Ҳамдам Сулаймон меҳмонларга партиянинг тарихини қисқа сўзлаб берар экан, йиллардан бери уни расман рўйхатдан ўтказиш учун олиб борилаётган кураш ҳақида ахборот берди.

Ҳозир, деди у, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш нафақат бу партиянинг, балки, бутун демократик мухолифатнинг асосий вазифаси бўлиб қолмоқда. Яқинда асосан бирликчилардан иборат бир гуруҳ ўзбек демократлари Стокгольм ва Брюсселда бўлганимизда ҳам айнан шу масалани Швеция парламенти ва Швеция ташқи ишлар вазирлигида ҳамда Европарламент ва Еврокомиссияда бўлиб ўтган юқори даражали учрашувларда гаплашдик. Ҳамма ерда бизга бу хусусда ёрдам беришга ваъда беришди.

Ҳамдам Сулаймон Буюкбританиялик меҳмонлардан ҳам шу масалада ёрдам сўради, Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш жараёнини кузатиб боришга чақирди. Жон Ҳетенстал бу гапларни ўз мамлакатининг ташқи ишлар вазирлигидаги тегишли мулозимларга етказишга ваъда берди, яқинда Фарғона водийсига сафар қилишни режалаштираётган Буюкбританиянинг Тошкентдаги элчиси ҳам Ҳамдам Сулаймон билан учрашажагини билдирди.

Партия раиси Абдураҳим Пўлат АҚШдан Ҳамдам Сулаймонга телефон қилиб, бу муҳим учрашувнинг тафсилотларини ўрганди.