Журнал Ҳаракат №6 (75) 2008. Инсон ҳуқуқлари
Ҳуқуқ ҳимоясига оид воқеалар хроникаси
(Ноябрь-декабрь, 2008 йил)


Манба: www.harakat.net

3 ноябрь: Умида Ниёзова АҚШга мукофот олиш учун келди

Сорос фондига оид Очиқ Институт Жамияти (ОИЖ) тарқатган хабарга қараганда, ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниязова АҚШга келган ва бугун ОИЖда учрашув ўтказади. Учрашувнинг номи - “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти”.

Маълумки, Умида Ниязова кўп йиллардан бери Ғарб давлатларининг Ўзбекистонда очган офислари билан ҳамкорлик қилиб келди. Хусусан, у “Фридумхауз”нинг Тошкентдаги офисида ҳам ишлади.

У 2007 йилнинг бошида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ноқонуний ўтганликда ва гўёки жамоат хавфсизлигига таҳлика солувчи бир нечта китоб ва Human Rights Watch тарафидан тарқатилган Андижон хунрезлиги ҳақидаги ҳисоботни контрабанда усули билан Ўзбекистонга олиб киришда айбланиб қамоққа олинган. У Тошкент шаҳри суди томонидан 2007 йил 1 май куни 7 йил озодликдан маҳрум қилинган. 8 майда аппеляция суди 7 йиллик қамоқни шартлига айлантирди ва Умида озод қилинди. Кейинчалик у амнистияга ҳам туширилди.

Яқинда Human Rights Watch ташкилоти унга журналистик фаолияти учун мукофот берди. Ваҳоланки, Умида Ниёзова ҳеч қачон журналист сифатида фаолият кўрсатмаган, у ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар билан маъмурий соҳаларда ҳамкорлик қилган бўлса ҳам, амалий ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб фаолият олиб бормаган.

Сайтимизнинг фикрича, юқорида айтилган фикрлардан келиб чиқиб, Умида Ниёзова ўзига берилган мукофотдан воз кечиши ва бу мукофот билан бирга бериладиган молиявий ёрдамни ҳозир қамоқхоналарда ётган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг оилаларига ёрдам сифатида берилишини сўраши керак. Бу ишни АҚШда қилиш катта аҳамиятга эга бўларди. Акс ҳолда, бу воқеа ҳуқуқ ҳимоячилари орасида ҳам иккиюзламачилик авж олишига йўл очиши мумкин.

Дилнура Қодиржоновани ким ўлдирди? (“Эзгулик” жамиятнинг пресс-релизи, № 53, 3.11.2008)

Шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?” сатрлари эпиграф қилиб олинган бу пресс-релизи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Шарқ булбули” Дилнура Қодиржонованинг фожеали ўлими ҳақидадир. Ўзбекистон телевидениеси, қатор маҳаллий нашрлар хонанданинг ўлими сабаби унинг юраги тўхтаб қолгани, деб билдиришган бўлса-да, марҳуманинг яқин қариндошлари ва Дилнурани билганлар “...у ўзини осиб ўлдирди, санъаткорнинг шаъни сақлаш учун матбуотга ёлғон хабар берилди!” дейишмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тўплаган маълумотларга қараганда, хонанда ваҳшиёна қотилликнинг қурбони бўлган. Мамлакатда катта-катта раҳбарларнинг оиласи, болалари билан боғлиқ жиноятлар йиллаб очилмай ётгани каби Дилнуранинг фожиали ўлими сабаблари ҳам очилмаслиги эҳтимол.

У Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг укаси Жамшид Матлубовнинг (Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи) иккинчи хотини эди. Айтишларича, айнан Дилнура ўлдирилган кунлари Баҳодир Матлубов Президент Ислом Каримовга бу ҳақда ахборот берган, ҳодиса тафсилини ўз талқинича тушунтирган. Бу қўш хотинли ука Матбуловнинг рутбаси ва акасининг ҳукуматдаги мавқеи сақланиб қолар экан, адолатни қарор топтиришга умид боғлаш бироз ортиқча, дейилади пресс-релизда.

Дилнура Қодиржонованинг онаси, Андижон вилояти Избоскан тумани Чувама қишлоғида яшовчи оддий мураббия Октябрхон Юсупова жуда кўп маълумотлага таяниб, қизиниг ўлдирилгани гапирмоқда ва адолатни тиклаш, жиноятчиларнинг жазоланишига эришиш учун ҳаракат қилмоқда экан.

Пресс-релиз қуйидагича тугайди: “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аввало маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари эътиборини мазкур сирли ўлим ҳодисасини ёритиш, Республика Бош прокуратураси, ҳукуматни бу борада изоҳ беришга чақиради. Дилнура Қодиржонованинг обрўйи, миллий санъатимизда тутган мавқеини ҳисобга олиб, Миллий Хавфсизлик Хизматини тергов ҳаркатларини қайта тиклаш ва фожиа ташкилотчиларини фош этишга ундайди. Жамоатчиликнинг диққатини миршаббошиларнинг сирли фаолиятига қаратиб, улардан бу борада тушунтириш талаб қилади.”

Пресс-релизнинг тўла матни билан “Эзгулик”нинг сайтида танишиш мумкин - www.ezgulik.org

4 ноябрь: ”Қулфурушлар чангалидан қутқаринг!” (“Эзгулик” жамиятнинг пресс-релизи, № 54, 4.11.2008)

Пресс-релиздан маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Нишон тумани Гулистон фермерлар уюшмасида яшаган, ўтган йилнинг 2 декабрида Қозоғистонга кетган фуқаролар Умар Панжиев ҳамда Улуғбек Ўтаевлар ўзбекистонлик қулфурушлар томонидан Қозоғистон фуқароси Серик Байжоновга сотиб юборилган. Қулфурушларнинг телефон рақамлари ҳам маълум: +77029055808 (Серик) ва +77025279789 (Босс).

Қашқадарё ички ишлар бошқармаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан яқинда Ашур Эшқувватов, Акмал Хидиров, Жума Қўйлиев, Дилшод Эшбоев, Даврон Эшбоев исмли ўспиринлар қулфурушлар чангалидан қутулишга муваффақ бўлганини билдирган “Эзгулик” жамияти Умар Панжиев ва Улуғбек Ўтаевларни ҳам қутқариш учун етарлича ҳаракат қилинмаётгани билдиради ва Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг тегишли идораларига мурожаат қилиб, бу икки ёшнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиради.

17 ноябрь: Миршаббошининг миси чиқди: қўш хотинлик, сохта паспорт, ноқонуний тадбиркорлик! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 55, 17.11.2008)

Пресс-релизда айтилишича, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Қорақум кўчаси 1-проезд 21-хонадонда яшовчи Намуна ая Мамажонованинг қизи Комила Содиқова Ўзбекистон ИИВ полковниги Шиняевнинг бешта хотинидан бири бўлган ва у билан 13 йил фуқаролик никоҳида яшаган экан. Бу никоҳдан бир нафар ўғли ҳам бор. Комила ҳам милиция системаида ишлаган ва 2006 йилнинг 8 апрелида ишдан ўз хоҳишига кўра бўшаган. Ҳозир милиция полковниги ва Комиланинг ораси бузлибди. Шиняев ўз қайнонасига: “Матлубовлар артистка Дилнура Қодиржоновани қандай ўлдирган бўлса, қизингизни ҳам шунақа йўқ қиламан” деб, пўписа қилишга бошлабди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг пресс-релизида полковник Сергей Васильевич Шиняев нафақат хотинбоз, балки, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, сохта паспортлар бериш ишларига аралашгани, бировларнинг мол-мулкини зўравонлик билан тортиб олгани, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланувчи одам эканлиги фактлар билан кўрсатиб берилган ва мамлакт раҳбарларидан бу масала бўйича изоҳ талаб қилган.

28 ноябрь: “Эзгулик” ташкил қилган конференция мунозара руҳида ўтди

Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ташаббуси билан Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 60 йиллиги юбилейи доирасида бугун эрталаб бошланган конференция кечга яқин ниҳоясига етди. Ҳукумат расмий идораларининг рухсати билан ўтказилган бу йиғилишнинг кун тартибида Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши ҳамда Ҳабеас Корпус (қамоққа олиш бўйича санкцияларнинг судларга ўтказилиши) ислоҳотининг бориши турар эди. Шу сабабли, қатнашчилар кун тартибидан чиқмасликка ҳаракат қилдилар.

Лекин барибир конференцияда мамлакатимизда шахснинг фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари борасидаги реал аҳвол танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан муҳокама этилди. Асосий нотиқларнинг чиқишида бўлмаса ҳам мунозаралар пайтида, мухолифатдаги сиёсий партияларнинг ҳуқуқидан тортиб Пўлат Охуннинг паспорти атрофидаги можароларгача тилга олинди.

Вилоятлар адвокатлар ҳайъатлари адвокатлари, Ўзбекистон Адовкатлар палатаси аъзолари, Тезкор аксилтаъсир гуруҳи, Оналар ўлим жазосига қарши ташкилоти, Пегас-медиа-пресс жамияти, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах ва Бухоро вилояти бўлими фаоллари ҳамда “Эзгулик” жамияти вакиллари конференциянинг асосий иштирокчилари бўлди. Конференцияга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, АҚШ, Франция, Германия, Швейцария элчиликларининг юқори даражали мулозимлари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги элчиси ҳамда бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари келишди. Бу ерда ҳаммаси бўлиб 50 га яқин одам тўпланди.

Конференцияни очган “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят Декларация юбилейи билан барчани қутлаб, барчани анжуманда фаол қатнашишга ундади. Сўнгра Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раиси Гулнора Эшонхонова адвокатура институти муаммолари, Тамара Чикунова эса ўлим жазосининг бекор қилиш ва умрбод қамоққа маҳкумларнинг жазони ўташ жойларидаги аҳволи хусусида гапирдилар. Ҳуқуқ ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов халқаро андозаларнинг айни ислоҳотларни ифода этаётган миллий қонунчилигимизга мослигига тўхталди.

“Эзгулик” жамияти фаоллари конференцияга чақирилган меҳмонларнинг бир қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жойларда тутиб қолинганини билдиришди.

Шунга қарамай, дейди мухбиримиз, Ўзбекистондаги бугунги реалликни ҳисобга олиб гапирадиган бўлсак, бундай конференциянинг расмий шаклда ўтказилиши - ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг, хусусан, бу тадбир ташкилотчиси “Эзгулик” жамиятининг катта ютуғи сифатида баҳоланиши керак.

12 декабрь: Ҳуқуқ ҳимоячисини қамоққа тиқиш қарори қатъий, шикоятга ўрин йўқ

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий судида куни кеча ўтган маҳкама - ҳуқуқ ҳимоячиси, 53-54-чилар томонидан тузилиб, амамлий фаолият ҳам олиб боришга улгурмаган "Мазлум" жамиятининг раиси Аъзам Турғуновнинг ишини апелляция тартибида кўриб чиқди. Чорак соат давом этган суд мажлисида судья Жамила Раззоқова Амударё туман судининг 10 йиллик қамоқ ҳукмини ўзгаришсиз қолдирганини эълон қилди.

Ҳимоя тарафининг илтимосномалари, маҳкумнинг талаблари қондирилмади.
Эслатиб ўтиш керак, Аъзам Турғунов собиқ эридан алимент ундириш ҳаракатида юрган аёлнинг жамоатчи ҳимоячиси сифатида бир суд ишига аралашиб, охир-оқибатда тамагирликда айбланиб озодликдан маҳрум этилди.

Унинг тақдири кўпчилик ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларига сабоқ бўлиши керак. Сир эмасаки, баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги пайтда турли мафиоз гуруҳлар ўртасидаги мулкчилик учун жанг ёки оддий оилавий жанжалларга у ёки бу ёқнинг тарафини кўр-кўрона олиб аралашмоқдалар. Ваҳоланки, ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолият майдони - ҳукуматнинг қонунбузарлиги ва зўравонликларига қарши курашишдир.

Россия “Иваново ўзбекларидан” 2 кишини Ўзбекистонга бермаса, улар ҳам Ҳотам Ҳожиматов каби ўзбек демократларига қарши курашишадими?

Москвадаги “Фуқаролар ҳамкорлиги” ташкилотининг “Марказий Осиёдаги сиёсий қочқинларга ёрдам программаси” раҳабари Елена Рябининанинг бугун тарқатган хабарида айтилишича, Россия Олий Суди икки ўзбек - Абдуллажон Исоқов ва Абдумуталлиб Каримовни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш хусусида қарор чиқарибди. Исоқов Россия фуқаролигини олган, лекин, суд буни тан олмаган, Каримов эса, қочқин мақоми олиш учун тегишли идораларга мурожат қилган бўлса ҳам, ҳали бу масалада қарор чиқарилмаган. Бунинг устига, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди систематик қийноқлар қўлланиладиган Ўзбекистонга бу ики одамни экстрадиция қилмаслик ҳақида қарор чиқарган.

Шуларни ҳисобга олса, Россия судининг қарори адолатдан узоқ ва Европа судининг қарорларини тан олиш бўйича Росиянинг ўзи имзолаган конвенцияни бузишдир.

Ўзбекистонда сиёсий қарашлари фарқли бўлганлар ва диндорлага қарши репрессив кампания олиб борилаётгани бутун дунёга маълум. Бу шароитда, ҳамма демократия тарафдорлари режимнинг репрессиясига учраган инсонларга нафақат ҳамдардлик билдиришлари, балки уларни ҳимоя қилишлари шарт.

Аммо, минг афсуски, бу масаланинг бошқа тарафлари ҳам диқатга сазовор бўлмоқда. Маълумки, “Иванова ўзбеклари” гуруҳидан бўлган Ҳотам Ҳожиматов ўзбек демократларининг, хусусан, “Бирлик” фаоларининг ёрдами билан Украина орқали Швецияга келиб олгандан кейин қилаётган ишлари одамни ўйлантириб қўяди. У ўзи очган “Ватандош” сайтида “Бирлик” Партиясининг демократик позициясига қарши кампания олиб бориш билан машғул.

Яқинда “Ҳаракат” сайтида Туркияда Ислом динига тегишли баъзи муаммолар билан боғлиқ хабарлар эълон қилингандан кейин, бу хабарга ва хабардаги воқеаларга мутлақо алоқаси бўлмаган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатга қарши “Ватандош” сайтида чиқарилган ифлос ва антидемократик мақолалар ҳам “Иванова ўзбекларнинг” кимлиги устида саволар уйғотиши табиий. Улар ҳам Ҳотам Ҳожиматов каби ислом фанатиклари бўлишса, уларга қарши қўйилаётган диний экстремизм айбномаларида жон бормасми?

Агар ўзбекистонлик ислом фанатикларини узоқ Туркияда бўлаётган воқеаларни хабар қилиш шунчалик ғазабга келтирса, улар биринчи имкон бўлиши билан, ҳамма демократларни тошбўрон қилмайдиларми? Кўринишидан қиладилар.

25 декабрь: Ҳуқуқ ҳимоячиси Алишер Кароматовга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолди

Бугун жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Ҳазратқул Рустамов бошчилигидаги Президум Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилоти бўлими фаоли Алишер Кароматовнинг ишини кассация тартибида кўриб чиқди. Ҳозирда Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/18-муассасада (Сангород ҳам дейилади - Ҳаракат) сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячисининг хотини Намуна Кароматова ва адвокат Ғиёс Номозов ёзган шикоят асосида ташкил этилган маҳкама қуйи инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдирганини эълон қилди. Ярим соат давом этган маҳкамада ҳозир бўлган жабрланувчи Ўктам Маматқулов даъвоси йўқлигини таъкидласа-да, суд буни инобатга олиб ўтирмади. Давлат айбловчиси Бекмирзаев ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришни сўради ва судья талабни қондирди.

Ваҳоланки, икки йил аввал ҳибсга олинган Алишер Кароматовнинг аҳволи ниҳоятда оғир, ҳатто қамоқхона бош врачи вазифасини бажарувчи Ф. Имомовнинг бу ҳақдаги хулосаси ҳам мавжуд. Унинг ҳаётига ўткир сурункали сил (туберклёз) хавф солмоқда, шунга қарамй судья қуйи инстанция судининг, тўғрироғи, ҳукуматнинг сиёсий аҳамиятга эга қарорини қувватлади.