Журнал Ҳаракат №5 (74) 2008. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат - Ўзбек демократларига Вашингтонда шок терапия дарси
Муқаддима ўрнида “Ҳаракат” агентлигининг хабари


1 сентябрь: Кеча АҚШ Давлат Департаменти уюштирган программа доирасида бир гуруҳ ўзбек демократлари Вашингтонга келдилар. 5 кишилик бу гуруҳнинг таркиби шундай – Носир Зокир (“Бирлик” Партияси Наманган вилоят ташкилотининг раиси), Руҳиддин Комилов (адвокат, “Бирлик” Партияси МК аъзоси), Суръат Икромов (ҳуқуқ ҳимоячиси), Суҳроб Исмоилов (ҳуқуқ ҳимоячиси), Елена Урлаева (ҳуқуқ ҳимоячиси). Таклиф қилинганлардан яна 3-4 киши Ўзбекистондан чиқиш визаси ололмаганлари хусусида тўла тасдиқланмаган маълумотлар бор.

Ўзбек демократлари бир ҳафта пойтахт Вашингтонда, сўнгра, Нью-Йорк ва Жоржия штатларида бўлишади. (www.harakat.net)

* * *

Бу хабар билан бошланган воқеалар ҳақида “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат қуйидагича ҳикоя қилади.

31 августда Вашингтонга келган ўзбекистонлик демократлар билан 1 сентябрь куни меҳмонхонадада учрашдим, кейин уларни кечқурун уйимга таклиф қилдим. Укам Абдуманноб ҳам иштирок этган бу учрашув фақат меҳмондорчилик эмасди. Мен аввалдан ва онгли равишда бу ерда мамлакатимизга оид сиёсий масалаларни, хусусан, ўзбек демократларининг кўп ҳолларда суст ва хато йўналишларида фаолият олиб бораётганлари каби мавзуларни гаплашишни режалаштириб қўйгандим ва секин аста дастурхон атрофидаги суҳбатни шу тарафга бурдим.

Миллатимизнинг аҳволи шундайки, биз тўйда ҳам азада ҳам бу аҳволдан чиқиш йўлларини муҳокама қилишимиз лозим деб кўп ёзганман ва гапирганман. Кечаги қилган ишим шу фикр доирасидаги қадамлардан бири эди.

“Ҳаракат” журналининг 2008 йил 2-чи сонида эълон қилинган “Ўзбек жамияти демократия учун курашга тайёр эмас, аммо “Бирлик” курашмоқда” номли мақоламда Ғарб дунёсининг жамиятни ривожлантириш ва демократияга келиш йўлида узоқ йиллар тўплаган тажрибасини қисқа вақтда ўзлаштириш ва ҳаётимизга тадбиқ қилиш лозим-лигини ёзган бўлсам, бунинг учун шок терапиясига асосланган ҳамлалар қилиш кераклигини ҳам кўп марта гапирганман ва ёзганман.

Кеча уйимдаги меҳмондорчиликда ҳам мезбонларга хос бўлган ўта илтифотчиликни четга суриб, меҳмонлар билан шок терапияси усуллари доирасида суҳбат қилдим. Шундай қилмасам эди, тажрибамдан биламанки, кечаги йиғилиш ош ейишдан бошқа нарса бўлмай қоларди.

Гапирган гапларимнинг мазмуни шундай бўлди.

Ҳар қандай мамлакатда мавжуд режим диктатурага қанчалик яқин бўлса, ҳуқуқ ҳимоячилари билан сиёсий мухолифат ўртасидаги фарқ шунчалик кам бўлади. Ўзбекистонда режим диктатурга жуда яқин. Шунинг учун бизда мухолифатчилар билан ҳуқуқ ҳимоячиларининг фарқи бўлмаслиги керак. Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати бирликчилар тарафидан айнан шу ғоя асосида яратилган. Биз шу йўл билан оғир даврда “Бирлик”ни сақлаб қолдик ва биринчи имкон бўлиши билан уни партия сифатида қайта тикладик.

Ҳозир эса, айниқса, Суръат Икромов ва Суҳроб Исмоилов мансуб бўлган гуруҳлар нафақат демократик мухолифатдан нарироқ туришга интиладилар, кўп ҳолларда мухолифатга душманга қарагандек қарайдилар. Бу - мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган нарса ва тузатилиши керак. Бу айнан ҳукуматнинг истаган нарсаси бўлгани учун, бу ерда ҳукуматнинг ҳам қўли борлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу - демократияга нисбатан хоинлик, қабиҳликдир. Агар бундан тўғри хулоса чиқарилмаса, бу одамлар ҳам “Эрк” партиясининг 53-54-чилари каби авваломбор менинг, вақти келиб жамиятнинг тепкисини оладилар ва 53-54-чилар каби тарих ахлатхонасига улоқтириладилар.

Мухолифат ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақида гапирганда қуйидагича таққослаш муҳим. Агар ҳуқуқ ҳимоячиларини олов чиққан жойни кўрганда қўнғироқ чалаётганлар деб ҳисобласак, ўт ўчирувчилар – мухолифатдир. Агар мухолифат бўлмаса, ҳуқуқ ҳимоячиларининг қўнғироқ чалишидан нима фойда бор? Бугунги шароитда фақат ўт ўчирувчиларда бўладиган махсус жиҳозларсиз, атрофдаги одамлар тўпланса ҳам, ўтни тезда ўчиролмайдилар. Қўнғироқ чалувчилар эса, бироз муболаға билан айтсак, бутун умр ҳеч ким эшитмайдиган қўнғироқни чалиб юраверадилар. Масалан, Суръат шундай иш билан овора бўлиб умрини ўтказмоқда.

Тўғри, бугун ўт ўчирувчиларнинг ўзи, яъни сиёсий мухолифат кучсиз, унинг ўзи ҳукуматнинг мудҳиш босими остида. Демак, ақли бор ҳуқуқ ҳимоячилари сиёсий ҳуқуқларни, сиёсий мухолифатнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишни биринчи вазифалари сифатида кўришлари керак. Хуллас, қайси тарафдан қараман, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат бир тану бир жон бўлиши керак.

Ҳар қандай мамлакатда турли гуруҳлар ўртасида, масалан, мулкчилик масаласида муаммолар бор. Муаммолар қонунлар доирасида ҳал этилиши керак. Тўғри, коррупция туфайли, коррупция эса ҳамма ерда бор, ривожланган демократик давлатларда ҳам қонунлар ҳар доим адолатга хизмат қилавермайди, лекин, адолат учун кураш йўлида принципиал тўсиқ йўқ. Ошкоралик ҳам адолатнинг ғалабаси учун катта дастак бўлади. Шунинг учун, ҳеч бир мамлакатда ҳуқуқ ҳимоячилари манфаат гуруҳлари ўртасидаги "жангларга" аралашмайдилар.

Мухолифат ва ошкоралик бор ерда коррупция кескин озаяди, ҳуқуқ устиворлиги учун мустаҳкамроқ замин яратилади. Демак, яна ўша фикрга қайтамиз. Биринчи навбатда мухолифатни расмий сиёсат майдонига чиқариш, уни расман тан олиниши учун курашиш лозим.

Аммо, айнан шу масалаларда, яъни мухолифатга яшаш учун имкон бериш, ошкораликни бўғмаслик масалаларида, Ўзбекистонда ҳеч қандай қонунлар ишламайди, ҳукумат давлатнинг бутун имкониятларини ишлатиб, адолат йўлини тўсади. Ман шу ер ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолият майдонидир, мана шу ерда улар қўнғироқларини чалишлари керак. Аммо, “Эзгулик”дан бошқа ҳеч бир ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилот шу оддий ҳақиқатни тушунмаябди.

Елена Урлаева, Суҳроб Исмоилов ва Суръат Икромовлар “Эзгулик” ҳам ҳеч нарса қилолмаяптику, деган гапни гапиришди. Тўғри, бу ташкилот ҳам кўп нарса қилолмаяпти, аммо, сизлар мутлақо ҳеч нарса қилмаяпсизлар, дедим. Ҳамма бир ёқадан бош чиқарса катта натижа бўлади.

Суръат Икромов “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг фаолиятида ҳеч қандай натижа кўрилмаятганини гапирганда, кўп марта айтган мисолимни қайтардим. Фараз қилинг, паллали тарозининг бир палласига ҳукумат катта тош қўйди. Биз унинг иккинчи палласига юк қўйиб, масалан, буғдой қўйиб, ҳукуматнинг тошини босишимиз керак. Ҳукуматнинг тазйиқлари остида кураклаб буғдой солишга имконимиз йўқ, доналаб қўямиз холос. Биз бугун буғдой доналарини собитқадамлик билан паллага қўймоқдамиз, яъни натижага эришиш учун иш қилмоқдамиз. Вақти келиб тарози биз томонга бир дақиқада босади, натижа кўринади. Шуни ҳам фарқига бормаётган одамнинг аҳмоқ-ақлсизлигига ҳам мен жавобгарманми, деб қўполроқ ҳам гапирдим.

“Бирлик” ва “Эзгулик” пикет ва шу каби оммавий чиқишларда иштирок этамаётгани ҳам тилга олинди. Менинг жавобим шундай бўлди. Биз ўз вақтида қандай оммавий акцияларга қодир эканлигимизни кўрсатганмиз. Аммо, 53-54 бошчилигидаги хоинлар ёрдамида ҳукумат у ҳаракатларимизни тўхтатган. Халқни қайтадан майдонларга олиб чиқиш осон бўлмайди. Буни тушуниш керак. Биз бунинг устида доим ишламоқдамиз.

Биласиз, “Бирлик”нинг Марказий Кенгаши 2005 йил 30 апрель куни партиямизни рўйхатда олишни пайсалга солаётган ҳукуматга қарши ўша йил 30 май куни 200 кишилик митинг ўтказишга қарор қилди. Июнь охирида 2 минг кишилик, кейинроқ 20 минг кишилик митинг қилиш режамиз борлигини ҳам ҳукуматга билдиргандик. Ҳукуматнинг қандай талвасага тушганини тахмин қилиш қийин эмас.

Мен аминманки, айнан “Бирлик”ни тўхтатиш учун ҳукуматнинг ўзи Андижондаги 13 май воқеаларини даҳшатли қон майдонига айлантирди ва буни баҳона қилиб, у воқеаларга ҳеч бир алоқаси бўлмаган “Бирлик”га қарши репрессияларини ҳам ўта кучайтирди. 30 май куни атрофида ўнлаб одамларимиз қамоқларга ташланди, ўй ҳибсига солинди. Аммо, шу ҳақиқий оммавий чиқишга уринишимизни ҳам бошқа мухолиф ва ҳуқуқ ҳимоячиси гуруҳлар узоқдан томоша қилиш билан чегараландилар.

Сафдошим Носир Зокир айтган гапларим моҳиятан тўғрилигини, аммо одамларни меҳмонга чақириб уларнинг бетига бу қадар шарттаки гаплар айтиш ўзбекчиликка унчалик тўғри келмаслигини гапиргани ва назокатлик кўрсатиш учун бошқаларни ҳимоя қилишга интилганини ҳам билдириш лозим. Мен бу хусусда ҳам доим айтадиган гапларимни такрорладим. Оддий меҳмондорчиликни қўйинг, биз бугун тўйда ҳам азада ҳам миллатнинг тақдирини ўйлашга ва шу каби мавзуларни муҳокама қилишга маҳкуммиз. Бир маҳаллар Улуғбек расадхонасини қурган халқ қўшни мамлакатларда мардикор бўлиш, ҳар ерда таҳқирланиш даражасига тушиб қолгани бизни шундай бўлишга мажбурлайди ҳам.

Бошқа бир сафдошим Руҳиддин Комилов билан яккама-якка суҳбатлашиб ҳам олдим. Чунки, у “Бирлик” Марказий Кенгашининг аъзоси бўлса ҳам, сўнгги йилларда фаолиятимиздан четта қолмоқда. Юқорида номи тилга олинган мақоламдаги маъсулият масаласини ҳам эслатиб, уни Тошкент шаҳар ташкилотимизнинг фаолиятини жонлантиришда иштирок этишга чақирдим, унга бир қатор маслаҳатлар бердим.

Ҳамманинг иштирокидаги бахс-суҳбат давомида кўтарлиган масалалар бўйича, ўзбек жамиятини қўйиб турайлик, мухолифат ва ҳуқуқ ҳимоячилари ичида ҳам, кўпчилик мен каби ўйлайди, деб ҳисобламаслигимни алоҳида урғуладим. Айнан мен каби ўйлайдиганлар ҳали озчилик бўлгани учун аҳволимиз аянчли эканлигини, аммо пировардда, тарихда кўпинча бўлгани каби, айнан камчиликнинг фикри ғолиб чиқишига ишонишимни билдирдим.

Яна шу нарса маълум бўлдики, меҳмонларнинг ҳеч бири чет элда яшайдиган мухолифатчилар тарафидан яратилан сайтларни, уларни Ўзбекистонда очиш мумкин бўлмаганлиги сабабли, мутлақо ўқишмас экан. Бу факт ҳам менинг “Ҳаракат” журналини қоғозда чиқариб Ўзбекистонда тарқатиш ғоям энг қанчалик тўғри бўлганлигини кўрсатади. Ҳозир ўзбек мухолифат-чилари ичида айнан “Ҳаракат” журналида кўтарилган мавзулар ҳукмрон бўлгани учун “Бирлик” Партияси Ўзбекистонда энг кучли, менга кўра, ягона мухолифат партияси бўлиб қолмоқда.

Аминманки, менинг уйимда бўлиб ўтган кескин руҳдаги бу тортишишлар ҳаммага фойдали бўлди ва ҳамманинг хотирасида узоқ вақт қолади.

2 сенябрь 2008 йил

* * *

Хотима ўрнида “Ҳаракат” агентлигининг яна икки хабари


15 сентябрь: Ўзбек демократларининг асосий ва биринчи вазифаси
мухолифатни ҳукуматга тан олдиртириш

Мухолифат расмий сиёсий саҳнага чиқмагунча Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармаслигини ҳамма тушунади, аммо, кўриниб турибдики, тушуниш бошқа, бу машаққатли ишга киришиш бошқа. “Бирлик” Партияси ва “Эзгулик” жамиятидан ташқари ҳамма демократик гуруҳлар (партиялар ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар) расман рўйхатдан ўтиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаётганлари бунинг ёрқин мисолидир.

Бунинг устига, ҳуқуқ ҳимоячиларининг мутлақо кўпчилиги сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан мутлақо шуғулланмаётганлари ачинарлидир.
Аммо, бу соҳада ижобий ўзгаришлар бўлаётганини ҳам тан олиш керак. Аввалги хабарларимздан маълумки, шу кунларда бир гуруҳ ўзбек демократлари АҚШ бўйлаб сафар қилмоқдалар, турли учрашувларда Ўзбекистоннинг муаммоларини АҚШ жамоатчилигига тушунтиришга интилмоқдалар.

Шундай учрашувлардан бири Сорос фондига оид “Очиқ Жамият Институти”нинг Нью-Йоркдаги бош офисида бўлиб ўтди. Институт директори Антоний Рихтер ўзбек демократларини шахсан ўзи қабул қилди.
Бу учрашув давомида Суҳроб Исмоил, Суръат Икром ва Носир Зокирлар ҳозир ўзбек демократларининг асосий вазифаси мухолифатдаги партияларнинг тан олинишига эришиш эканлиги, бу масалда “Бирлик” Партияси энг кўп иш қилаётгни ва олдинда кетаётгани, Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш йўналишида “Ҳаракат” журналининг роли катталиги, бу журнал ҳуқуқ ҳимоясига оид воқеаларни ҳам тўла ёритаётганининг муҳимлигини алоҳида урғуладилар ва ўзбек демократларини бу масалаларда қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

Мухолифатни тан олиш масаласининг ҳамма демократлар тарфидан очиқча эътироф этилиши, ўзбек демократларининг катта ютиғига айланиши мумкин.

22 cентябрь: Ўзбек демократлари мамлакатга қайтишди

Шу ойнинг бошидан 21-чигача АҚШда бўлган 6 нафар ўзбек демократи (Носир Зокир, “Бирлик” Партияси Наманган вилоят ташкилотининг раиси, Руҳиддин Комил, адвокат, “Бирлик” Партияси МК аъзоси, Суръат Икром, Ўзбекистон Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг раиси, Суҳроб Исмоил ва Елена Урлаева, ҳуқуқ ҳимоячилари) кеча бу мамлакатни тарк этишди ва Москва орқали Ўзбекистонга қайтишди. Улар пойтахт Вашингтон ва Нью-Йорк, Миннесота, Жоржия штатларида турли ташкилотларнинг вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистондаги аҳвол ҳақида суҳбатлар ўтказишди, АҚШнинг ўзида инсон ҳуқуқларининг қандай ҳимоя қилиниши хусусида маълумотлар олишди, Жоржия штатидаги бир қамоқхона билан ҳам танишишди.

Улар билан Вашингтонда бир неча марта учрашган ва кейин улар билан мунтазам телефон орқали орқали алоқа қилиб турган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг фикрича, ўзбек мухолифатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида ҳамкорликка мойилликдан кўра, қандайдир конфрантацион руҳ кучлилиги бу гуруҳнинг мисолида ҳам яққол кўриниб турарди. Аммо, кейинги воқеалар кўрсатдики, конфронтацияни ҳамкорликка ўгириш мумкин.

- Мен бу йўналишда қўлимдан келганини қилдим, - дейди Абдураҳим Пўлатнинг ўзи. - Умид қиламанки, шу кунлардаги учрашув ва суҳбат-бахсларимиз изсиз кетмайди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар умумий мақсад – Ўзбекистонда демократини ривожлантириш йўлида ҳамкорликни кучайтрадилар.

Минг афсуски, АҚШда яшайдиган бошқа мухолифатчилар бу ерга келган ўзбек демократлари билан ортиқча қизиқишмади. Бундан ҳам сабоқ чиқариш керак. Келажакда ўзбек демократлари АҚШга яна келишса, улар учун ҳукуматнинг расмий программасидан ташқари ўзимизнинг программамизни тайёрлашимиз ва юрт ташқарисидаги мухолиф гуруҳлар билан юрт ичкарисидагиларнинг алоқаларини мустаҳкамлаш учун фойдаланишимиз керак.

Ишонаманки, юртга қайтган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари бундан кейинги фаолиятларида сиёсий ҳуқуқларнинг ҳимоясига, мухолифатни расман тан олиш масаласига эътиборни кучайтирадилар.