Журнал Ҳаракат №4 (73) 2008. Инсон ҳуқуқлари
Ҳуқуқ ҳимоясига оид воқеалар хроникаси
7 июль: “Анжанча” суд манзаралари ёхуд собиқ миршаббоши хонадони теварагидаги можаро

“Эзгулик”нинг шу номдаги пресс-релизида (№37, 07.07.2008) билдирилишича, шу йилнинг 4 июль куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди аппелация судлов ҳайъати қотиллик ва безориликда айбланган 32 ёшли адвокат Маъмура Мўминовага нисбатан дастлабки суд томонидан белгиланган 15 йиллик қамоқ жазосини кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарди. Бу ғаройиб ажрим шуниси билан ажабланарлики, айбланувчига нисбатан жиноят иши сохта бўлишига қарамай жазо муддати ўзгаришсиз қолдирилди.

Айни пайтда уйдирмадан иборат айблов хулосасини тайёрлаган Андижон шаҳар прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Ш. Жўрабоев, вилоят суд экспертизаси ходимлари Т.Шерматов, М.Юлчибоеваларга нисбатан ҳам иш қўзғатилди. Яъни, суд жиноят ишининг сохта экани, ишни тайёрлаган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг мансаб суиистеъмоллигини тан олди, аммо ҳукмни ўзгартирмади. Бу ғаройиб қарор, уни ўқиган вилоят суди раиси ўринбосари Бахтиёр Низомов бошчилигидаги ҳайъатнинг ҳаракатларида қандай “ҳикмат” бор? Судлов тажрибасида доим ҳам кўзга ташланавермайдиган бундай ажримнинг юзага келиш сабаблари нимада?

Воқеаларнинг анализи ва юқоридаги саволарга жавобларни ушбу пресс-релиздан топиш мумкин. Унинг тўла матни “Эзгулик”нинг сайтида берилган - http://www.ezgulik.org

14 июль: “Эзгулик” Андижон вилоят бўлимининг рўйхатдан ўтиш аризаси рад этилди

Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Андижон вилояти бўлими раҳбари Нурмуҳаммад Азизов вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Иброҳимов томонида шу йил 8 июлда имзоланган 7/234 сонли расмий хат олди.

Бу хат “Эзгулик” вилоят бўлимининг қайтадан таъсис қилингани ва уни қайтадан рўхатга олиш хусусидаги аризага жавоб эди. Б.Иброҳимов ўзбек расмийларинг демократларга ҳар доим берадиган жавоблари каби, масхарабозлик ва лўттибозлик руҳида навбатдаги жавобни берган ва тамомийла ноқонуний нарсаларни важ қилиб, рўйхатда ўтиш аризаси рад этилганини билдирган. Ҳужжатлар - камчиликларни тузатиш учун қайтарилмоқда, деган чиройли ифода ҳам ишлатган.

24 июль: SOS: Санжар Умаровнинг аҳволи аянчли (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 38, 23.07.2008)

Шу кунда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноий жазони ижро этиш Бош бошқармаси тасарруфидаги 64/47-муассасада жазо муддатини ўтаётган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг аҳволи оғир. 17-19 июль кунлари муассасада у билан учрашишга эришган фарзандлари отасининг аҳволи ниҳоятда аянчли эканини сўзлайдилар. Умаров хонадони сўровига кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова ҳамда Умаровни ҳимоя қилиш учун ордер олган адвокат Герман Хегай куни кеча муассасага борди. Аммо ҳеч бир асосларсиз на ҳуқуқ фаоли, на махсус ордерли адвокат унинг олдига киритилмади. Ҳолбуки, бир қанча оммавий ахборот воситалари, хорижий радиолар орқали Санжар Умаров хонадони аъзолари унинг ноинсоиний қийноқларга солинаётгани, жисмонан мажруҳ қилингани ҳамда руҳан синдирилганидан ташвиш билдириб, ёрдам сўрашганди.

Санжар Умаров гарчанд мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, йирик талон-тарожга қўл уришда айбланган эса-да, унинг сиёсий маҳбус эканига шубҳа йўқ. Унга жазони ижро этиш муассасасидаги муносабати, ҳукуматнинг энг юқори поғоналаридан туриб унга ўтказилаётган зуғумларга рағбатнинг ўзиёқ аҳволи бор бўйи билан намоён қилмоқда. Бинобарин, “Эзгулик” фаоллари шу йилнинг 8 февралида ҳам адвокат Рустам Раҳматуллаев билан бирга муассасага боришган, барча қонуний талабларни бажарганидан сўнг ҳам уларга Умаровни кўришга рухсат берилмаганди. Ҳолбуки, Конституция ва бошқа қонун ҳужжатлари, халқаро нормалар, Жиноят Ижроия Кодексида маҳбусни кўриш, унинг ҳолидан хабар олиш ҳамда унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш сингари амалиёт кафолатланган.

Қолаверса, 2004 йил 1 ноябрида собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов имзоси билан тасдиқланган «Жазони ижро этиш муассасаларига нодавлат ташкилотлари вакилларининг киришини таъминлаш» тўғрисидаги Йўриқнома ҳам мавжуд. Шунга қарамай жамият фаолларининг Республика Президенти, Бош прокурори, Олий суд раиси ҳамда 64/47-муассаса раҳбари полковник Абдуллаевга қилган мурожаатлари оқибатсиз қолдирилиб келмоқда. Айни пайтда жамоатчилик, халқаро дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари томонидан билдирилаётган хавотирларга қарамай Санжар Умаровнинг аҳволига изоҳ берилмаётир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари тўплаган маълумтларга кўра, шу кунларда 64/29-муассасада жазо муддатини ўтаётган журналист Ғайрат Михлибоев ҳамда ҳуқуқ фаоли Дилмурод Муҳиддинов, 64/21-муассасада сақланаётган “Эзгулик”чи Абдурасул Худойназаров, 64-49даги Норбой Холжигитов, Жаслиқда қолаётган Аъзамжон Фармонов, Алишер Караматов, Қизилтепадаги муассасасида ўтирган Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраевларга нисбатан ҳам шафқатсиз қийноқлар қўлланилмоқда. Систематик тус олган бу қийноқларга Ўзбекистон ҳукумати Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси юбилейига мезбонлик қилишдек лўттибозлик билан жавоб қайтармоқда.

Жамиятимиз сиёсий маҳбус Санжар Умаров ҳамда юқорида номлари зикр этилган ҳуқуқ ҳимоячиларининг аҳволи, соғлиғи борасида мамлакат Президенти, Олий Мажлиснинг Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Республика Бош прокурорини тез фурсатда изоҳ беришга чақиради. Ўзбекистон ҳукуматини “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши” Конвенция талабларини бузганликда айблаб, унинг устидан тегишли тартибда БМТнинг Инсон ҳууқлари қўмитасига мурожаат қилишини маълум қилади. Бу борада далил ва иддаолар етарли эканини таъкидлаб, жамоатчиликни фаолликка ундайди.

Манба - www.ezgulik.org

26 июль: HRW ташкилотининг вакилига Ўзбекистонда аккредетация берилмаган

Бу машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотнинг кеча Брюсселда эълон қилинган баёнотидан маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати HRWнинг янги вакилига аккредетация бермаган. Сабаб сифатида, рус миллатига мансуб бўлган янги вакил Игорь Воронцов “бу минтақа одамларининг менталитети билан таниш эмаслиги” кўрсатилган.

Маълумки, HRWнинг Европа ва Осиё мамлакатлари бўйича раҳбари Холли Картнер хоним шу ой бошида Ўзбекистонда бўлиб, расмийлар билан учрашганди, бугун-эрта ЕИ мамлакатларининг Ўзбекистондаги элчилари ЕИ-Ўзбекистон алоқаларига оид масалаларни муҳокама қилиш учун Тошкентда йиғилиш ўтказишмоқда, яқинда ЕИ тарафиданЎзбекистонга қарши аввал киритилиб, сўнгра тўхтатиб қўйилган санкциялар тақдирини қайтадан кўриб чиқилиши кутилмоқда. Шундай шароитда, Ўзбекистон ҳукуматининг HRW вакилиги нисбатан қилаётган ишларининг мантиғини тушуниб бўлмайди.

Бу воқеани мантиқсизлик ёки HRWнинг баёнотида айтилганидек, “Ўзбекистон ЕИ устидан кулмоқда” деб баҳолаш унчалик тўғри бўлмаса керак, дейди мухбиримиз. Афтидан, Ўзбекистон тарафи ЕИ вакиллари билан олдиндан белгиланган қандайдир “келишувлар” асосида иш олиб бормоқда.

Ўзбекистонда жиддий сиёсий ўзгаришларни демократик мухолифат оёққа тургандан кейин кутиш мумкин. Сўнги воқеалар кўрсатмоқдаки, “Бирлик” Партиясидан бошқа мухолиф гуруҳлар жонланиш учун ҳаракат ҳам қилмаяптилар. Бундай шароитда, ўзбек демократларининг олдида биттагина йўл бор – “Бирлик”да бирлашиш.

БМТда Виждон Маҳбуслари Декларасияси ва Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларни эслашди

Ҳозир Ўзбекистонда қамоқ муддатини ўтаётган сиёсий маҳбус Санжар Умаровнинг ўғли Ғулом Умаров тарқатган маълумотга кўра, 24 июлда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргиҳида Виждон Маҳбуслари Декларациясининг қабул қилиниши муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтган. У ерда чиқиш қилган Ғулом Умаров Ўзбекистоннинг антидемократик сиёсати туфайли ўз отаси аввал таъқиб остига олингани ва кейин қамалгани ҳақида гапирган ва сўзининг охирида шундай деган: “Мен Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга шахсан мурожаат қилмоқчиман. Агар отам бошқаларга ибрат бўлсин дея қаматилган бўлса, Сизни ишонтирмоқчиманки, ибрат бўлди. Менинг отам касал ва ундан қўрқиишнинг кераги йўқ. Илтимос қиламан, ҳамма виждон маҳбусларини озод қилинг, мени отамни озод қилинг.”

Ғулом Умаров йиғилишда ўзбек сиёсий маҳбусларининг рўйхатини ҳам тарқатган.

Эслатиб ўтиш лозим, Виждон Маҳбуслари Декларацияси шу йилнинг июнь ойида АҚШнинг спонсорлигида 63 мамлакат вакилининг имзоси билан БМТнинг расмий ҳужжати сифатида эълон қилинган эди. У Умумжаҳон Инсон Ҳақлари Декларациясининг 60 йиллиги муносабати билан чиқарилган бўлиб, унинг мақсади - виждон маҳбусларининг аҳволига дунё жамоатчилигининг эътиборини тортиш бўлган.

24 июлдаги йиғилиш ҳам АҚШ ташаббуси ва етакчилигида ўтказилди. Бу йиғилиш ҳақида 23 июлда анонс берган Давлат Департаменти, бахс-мунозара шаклида ўтадиган анжуманнинг модератори АҚШнинг БМТдаги ваколатхонаси ходими Ванс МакМахан бўлишини билдирганди.

6 август: Амалдорлар ўйини, ёхуд ҳукумат миқёсидаги ошкора рэкет (“Эзгулик” жамиятнинг пресс-релизи, № 38, 6.08.2008)

Бу пресс-релизда “Эзгулик” жамиятининг 19 марта сайтимизда эълон қилинган “Президентни ким алдади: Мулк қўмитасими ёки Вазирлар Маҳкамаси?” пресс-релизида ёритилган воқеаларнинг давоми ёритилади.

Масаланинг моҳияти - Деновдаги “Бободеҳқон бозори” учун икки манфаат гуруҳи жанг олиб бораётганида. Бундай жанглар, тўғрироғи, турли манфаат гуруҳлари, мафиялар орасидаги жанглар, бозор иқтисодига асосланган мамлакатларда бўлган, бор ва бўлади. Ҳар бир томон ўз ғалабаси учун муаммони сиёсийлаштиришга, ҳатто бу масалага тажрибасиз ҳуқуқ ҳимоячиларини тортишга ҳаракат қилиши ҳам демократияга янги ўтаётган давлатларнинг тажрибасидан маълум.

Кўринишидан Деновда ҳам шундай бўлмоқда. Бу каби муаммолар ҳуқуқ доирасида ҳал қилиниши керак. “Эзгулик” бу муаммога фақат ва фақат шу маънода ёндошмоқда эканлиги пресс-релизнинг руҳидан билиниб турибди. “Эзгулик” фаоллари яхши тушунишадики, акс ҳолда, бу масалада тарафкаш бўлиб қолиш эҳтимоллиги бор, бунга аралашганлар эса жафо чекишлари мукин.

Манба – www.ezgulik.org