Журнал Ҳаракат №3 (72) 2008. Инсон ҳуқуқлари
Ҳуқуқ ҳимоясига оид воқеалар хроникаси
Манба: www.harakat.net

5 май: Юсуф Жума аппеляция ҳуқуқидан
маҳрум қилинди(ми?)


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятнинг диссидент шиор Юсуф Жума оиласига таяниб билдиришича, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди шоирни аппеляция ҳуқуқидан маҳрум этган. Жамият Маказий бошқаруви томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 42-44-моддалари асосида маҳкумга жамоатчи ҳимоячи этиб тайинланган Васила Иноятнинг ёзган аппеляция шикояти суд томонидан тегишли тартибда қабул қилинмагач, у почта хизмати орқали судга юборилди.

Аммо аппеляция муддати ўтиб бораётганига қарамай суд на айбланувчи, на ҳимоя тарафнинг мурожаатларини оқибатсиз қолдирмоқда. Ҳали расман тасдиғини топмаган маълумотларга кўра, Юсуф Жума Навоий вилоятидаги 64-49-жазони ижро этиш муассасасига жазони ижро этиш учун юборилган. “Эзгулик” инсон ҳақлари жамияти Юсуф Жума ишини тадқиқ этишда давом этмоқда.

13 май: Бир қадам олдинга, икки қадам орқага - Президент фармони қонунларга зид

Шу йилнинг 2 майида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони матбуотда эълон қилинди, дейилади “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизида (№ 27, 13.05.2008). Айтиш мумкинки, кенг жамоатчилик, аксарият адвокатларда таажжуб уйғотган мазкур Фармонда адвокатурани ислоҳ қилишдан кўра, бу институт фаолиятини бироз жиловлашга қаратилган ҳаракат ётгани яққол кўринади. Хусусан, Фармонда адвокатларнинг марказлашган аппарати - Адвокатлар палатасини ташкил этиш, унга барча адвокатларнинг мажбурий аъзо бўлиши масаласида кўзланган “эзгу” мақсадни тушуниш қийин. Гарчанд, бу ислоҳотдан адвокатура тизимини такомиллаштириш, суд ва терговда ҳимояни кучайтириш кўзланганаётгани айтилса-да, кўп жиҳатдан мақсад воситани оқламайди.

Сўнги йилларда “адвокатлик фаолиятини тартибга солувчи бир қанча қонун қабул қилингани ва ислоҳотлар амалга оширилганини” таъкидлаган “Эзгулик” жамияти, “Президентнинг кечаги Фармони мазкур ислоҳотларга шубҳасиз болта уришини” ҳам эътирф этади ва ўз позициясинининг тўғри эканлигини кўрсатувчи далиллар ҳам келтиради.

Пресс-релиз қуйидагича якунланади: “Эзгулик” жамияти адвокатларнинг кўплаб мурожаатлари, жамоатчилик институтларининг талаб ва манфаатларини инобатга олиб, мамлакат Конституциявий судини Президентнинг мазкур Фармонини тафтиш қилишга, унинг конститцион нормаларга нечоғли мос эканини ўрганишга чақиради. Президент ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти раҳбарияти, мустақил адвокатлар, кенг жамоатчиликни адвокатура институти, ҳимоя тизимини жиловлашга қаратилган мазкур Фармонни ўрганиб чиқишга ундайди.”

Пресс-релизнинг тўла матни: www.ezgulik.org

15 май: Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси юксак халқаро мукофотга сазовор бўлди

Хьюман Райтс Вотч ташкилоти 2008 йил Мартин Энналс мукофотини бир қатор дунё ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга ўзбекистонлик Мўътабар Тожибаевага ҳам берганини эълон қилди. Сайтимиздаги хабарлардан маълумки, бу довюрак аёл Ўзбекистон ҳукуматининг Андижондаги хунрезлигини қоралагани учун 8 йил озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозир қамоқхонададир.

Мартин Энналс мукофоти машҳур 10 та халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилот тарафидан таъсис этилган. Уларнинг ичида “Халқаро Амнистия”, Human Roghts Watch, Human Rights First, Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Федерацияси, Қийноқларга Қарши Жаҳон Ташкилоти, Front Line, Халқаро Юристлар Комиссияси ва бошқалар бор.

Мартин Энналс (1927 - 1991) замонавий ҳуқуқ ҳимоячилар ҳаракатининг асосчиларидан бири, “Халқаро Амнистия”нинг илк Бош Котиби бўлган.

Бу йилги мукофотларни топшириш маросими 20 ноябрда Женевада ўтказилади.

19 май: Оғир жазо - ҳалолликка исботми?

“Эзгулик” жамиятининг Онаре де Бальзакга оид “Қонун майда балиқлар илиниб, катта наҳанглар йиртиб кетадиган тўр бўлмаслиги керак” сўзлари эпиграф қилиб олинган пресс-релизида (№28, 18.05.2008) “Андижон электродвигатель” заводи собиқ директори Ҳамидулла Бойбобоевнинг асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилиш ва суд томонидан адолатсиз равишда озодликдан маҳрум этилиш тарихи ёзилади.

Иш матриалларидан кўринишича, 2004 йилда Ҳамидулла Бойбобоев бир неча йиллардан бери ишламаётган заводни қайта таъмирлаган, уни ишга туширган. Кейин ишлар юришиб, завод мўмайгина даромад келтира бошлаган. Завод акциядорлик жамиятига айлантирилган.

Ана шундай пайтда, дейди Ҳамидулла Бойбобоевнинг турмуш ўртоғи Одинахон Бойбобоева, айрим акциядорлар кўнглида ғараз ва заводни ўзиники қилиб олиш истаги туғила бошлади. Ана шундай кимсалардан бири Нуриддин Муҳиддинов бўлиб, у завод раҳбарига уни 300 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олиш таклифи билан чиқди. Бу “таклиф” Бойбобоев томонидан қабул қилинмагач, Ўзбекистон республикаси президенти собиқ давлат маслаҳатчиси Анвар Набиевнинг номи билан пўписага ўтилди. “Агар заводни бермасанг, талон-тарожда айбланиб, умринг қамоқда чирийди”, деган пўписалар вақти келиб рўёбга чиқди. Охир-оқибатда завод директори 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Дастлабки тергов ва суриштирувлар мобайнида Ҳамидулла Бойбобоев терговчининг маслаҳати билан келтирилган зарар дея эътироф қилинаётган маблағларни давлатга тўлаган ҳам эди. Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар туфайли муҳими озодликка чиқиши, ишбилармон учун муҳими вақт экани, коррупция занжири билан иш давомида курашаверишини мақсад қилганди. Аммо буни қарангки, давлат мулкини ўмариб, давлат ва халқ манфаатларига миллиардлаб зарар келтирган Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Рустам Юнусовларни ҳимоя қилган қонун Бойбобоевга келганида ожиз қолди. У узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва “қарор қаътий, шикоятга ўрин йўқ” деганларидек ҳукм ўзгаришсиз қолаётир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўз баёнотида Бойбобоев ишининг тафсилини қисқа баён қилиб, бу ишни жиддий тафтишга муҳтож, деб ҳисоблайди. Республика Бош прокуратурасини иш матриалларини ҳозирда жиноий қилмишлари учун терговда бўлган Анвар Набиевнинг жиноят ишига қўшиб кўришга чақиради. суднинг юқори босқич инстанцияларини адолатга ундаб, жамоатчилик эътиборини инсон ҳуқуқлари бузилиши, коррупция фактига қаратади.

Пресс-релизнинг тўла матни жамиятнинг сайтида: www.ezgulik.org

28 май: Ўзбекистон нега HRW вакилига аккредитация беришни рад қилди, буёғи нима бўлади?

Европа Иттифоқи Андижондаги қонли воқеалар туфайли эълон қилган санкцияларни яна 6 ойга тўхтатиб, Ўзбекистон билан алоқларни ривожлантиришда навбатдаги қадамни қилгандан кейин, мамлакатимизда сиёсий муҳит жуда оз ўзгарди. Кўринишидан, Ўзбекистон бундан ортиқ ўзгаришлар қилмоқчи эмас. Бунинг исботларидан бири - Human Rights Watch ташкилотининг мамлакатимиздаги вакили Игорь Воронцовга аккредитация берилмаганидир. Адлия вазирлиги томонидан берилган рад жавоби мазмуни қизиқ: гўё, Воронцов ўзбек халқи менталитети, мамлакатдаги оламшумул ислоҳотлар кўламини ҳис эта олмас эмиш.

Маълумки, ЕИ Ўзбекистонга қарши номигагина киритилган ўта юмшоқ санкцияларини ярим йилга тўхтатган бўлса ҳам, уч ойдан кейин бу масалани Ўзбекистонда бўладиган ўзгаришларга мувофиқ равишда қайта кўриб чиқишни ваъда қилган эди. Буни била туриб HRW вакилига аккредитация бермаган ҳукуматнинг сигнали жуда ҳам очиқ: Ўзбекистон демократияни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларига бўлган муносабатини ўзгартириш бўйича бошқа қадам қилмоқчи эмас.

Аслида, Ўзбекистон ҳукуматидан бошқа қадамлар кутишнинг ўзи ножиддийлик эди, дейди мухбиримиз. Мамлакатимизнинг ЕИ билан алоқлари секин бўлса ҳам ривожланаётганидан фойдалана билиш ўзбек демократларнинг ўз вазифаларидир. Очиғини айтса, “Бирлик” Партиясидан бошқа мухолиф гуруҳлар шу йўналишда ҳеч нарса қилмаётганлари демократиянинг асосий муаммосидир.

Андижон воқеаларини баҳона қилиб чет элга қочиб келиб олганлар - Васила Иноят Ватандош сайтида айтган “қорни тўймаслар” - мамлакат ичидаги ҳеч бўлмаса ўзларига яқин демократларга ёрдам бериш ўрнига, Ўзбекистонда ҳеч ким ўқимайдиган мазохист сайтларда яшашни давом эттиришар экан, Ўзбекистонда ўзгаришлар кутиш ножиддийлик бўларди.

Демак, ҳамма нарса, ҳар доим бўлгани каби, “Бирлик” биринчи бўлиб оёққа туриб, бошқаларга йўл очиб бера олиш ёки бера олмаслигига боғлиқ бўлиб қолаверади. Дарвоқе, ўша мазохист қорни тўймаслар ҳам шуни кутиб ўтиришибди, холос.

11 июнь: “Эзгулик” Машраб Жума тақдирига ойдинлик киритилиши керак

Бир қанча оммавий ахборот воситаларига кўра, дейилади “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизида (№ 30, 9.06.08), Бухоро вилояти телерадиокомпанияси шу йилнинг январида суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган Машраб Жумаевнинг жазони ижро этиш муассасасидан қочгани, уни топиш учун жамоатчиликдан ёрдам сўралаётгани хусусидаги лавҳаларни намойиш этган. Бухоро вилоятининг Отбозор турмасида жиноий жазони ўтаётган Машраб Жумаевнинг фотосурати кўрсатилиб, у ҳақда хабар берган шахсга мукофот эълон қилинган.

Мазкур хабар шоир Юсуф Жума оиласи тақдири билан қизиқаётган кўплаб дипломатик корпус ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакилларини саросимага солиб қўйди. Унинг ҳатто жисмонан йўқ қилинган бўлиши ҳамда ана шу жиноятни хаспўшлаш мақсадида телевидение орқали эълон берилгани тахмин қилинмоқда. Ана шу шубҳаларни Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларининг яхши қўриқланиши, Машрабнинг соғлиғи яхши эмаслиги яна-да орттирмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти республика Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлигининг Жиноий жазоларни ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятини мазкур воқеага изоҳ беришга чақиради. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида узунқулоқ гаплар тарқатиш, шу орқали жамоатчиликни бирор бир сиёсий маҳбусга нисбатан провакацияга руҳан тайёрлаш услуби шаклланганини эътироф этиб, оммавий ахборот воситаларини сергакликка ундайди.

Журналист Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди

Шу йилнинг 7 июнида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ИИБ томонидан журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди. Солижон бундан бир муддат илгари “Озодлик” ва “Америка овози” радиоларининг мухбири сифатида фаолият олиб борган, айни пайтда Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари эди. Куни кеча Солижон Абдураҳмоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг ноқонуний равишда наркотик моддаларни сақлашга доир моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти раиси Марат Зоҳиднинг таъкидлашича, миршаблар Солижон Абдураҳмоновнинг машинасидан 0,5 килограмм миқдорида марихуанна моддаси топишган. Дунёдаги энг анъанавий провакация усули бўлган наркотик ташлаш билан ҳибсга олинган журналистнинг тақдири яна халқаро можарога айланадиган кўринади, дейди мухбиримиз.

Ошкора “қотиллик” қиссаси ёхуд икки миршабнинг хаспўшланаётган жинояти ҳақида

“Эзгулик” жамиятининг хабаридан маълум бўлишича, шу йилнинг 16 апрелида тўрт фарзанднинг отаси Суюнбой Файзиев Пайшанба-Иштихон йўлининг Чўянли қишлоғи ҳудудида икки йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими - Фарруҳ Қурбонов ва Шуҳрат Қўзиевлар томонидан тўхтатилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг одатий таъмагирлиги - “спритли ичимлик ичгансан” деган айблови билан давлат белгиси N14AC034 бўлган автомабилга солиб, олиб кетилган. Тумандаги Жарбоши қишлоғи ҳудудидаги яйдоқ далада миршаблар кимсан собиқ Адлия вазири Алишер Мардиевнинг жияни эканликларини таъкидлаб, ўдағайлашган. Туман Марказий шифохонаси навбатчилик қисмида шифокор бўлмагани боис ҳамшира Гулноза Жабборовага тегишли маълумотнома ёздиришган.

Шундан сўнг ўз уйига олиб келиб ташланган Суюнбой тун ярмидан оққанида жон таслим этган. Жаноза маросимидан олдин маййитни ювиш пайтида унинг бадани моматалоқ бўлиб кетгани, Суюнбой ўлими олдидан болаларига миршабларнинг ваҳшиёна калтаклаганини айтгани, бу борада марҳум тушунтириш хати ёзиб қолдиргани маълум бўлади. Орадан бирмунча вақт ўтиб, туман прокурори Х. Субҳонқулов - терговчи М. Худойқуловга мурожаат қилган арзгўйларнинг мурожаатлари оқибатсиз қолдирилади. Кейинчалик бу иш билан шуғулланган юқори даражали органларнинг ходимлари ҳам ишни бекитишга уринишган, холос.

“Эзгулик” жамияти коррупция ва таниш-билишчилик, ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланган Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини қоралаб, давлатнинг тегишли идораларида бу масалада адолатнинг ғалабаси учун иш олиб боришни сўраган.

Манба: www.ezgulik.org

23 июнь: Норбой Холжигитовнинг аҳволи оғир

Ўзбекистон ИИВнинг ЖЖИЭББ тизимидаги 64/61-жиноий жазони ижро этиш муассасида жазо муддатини ўтаётган “Бирлик” фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Норбой Холжигитовнинг аҳволи оғирлашиб қолган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига маълум қилган унинг ўғли Ҳаётулло отаси Норбой аканинг қамоқхонадан хат чиқаргани, жамиятга ёрдам сўраб мурожаат қилганини таъкидлади. Норбой Холжигитовнинг организмида қанд миқдори ниҳоятда ошиб кетган, оёқ-қўллари шол бўлиб қолган.

2006 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКсининг 166-моддаси (Товламачилик), 277-моддаси (Фирибгарлик)да айбланган Холжигитов 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Амнистия акти туфайли жазо муддати 6 йилга пасайтирилган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қашқадарё вилоятининг Шайхали посёлкасида жиазони ижро этиш зонасида сақланаётган Норбой Холжигитовга адвокат ёллади. Адвокат унинг аҳволини ўрганиш, юқори инстанияларга шикоят ёзиб, озод қилишга уринмоқда.

26 май: “Эзгулик”: Норбой Холжигитов озод қилиниши керак! (Пресс-релиз № 33, 20.06.2008)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Самарқанд вилояти Иштихон тумани Кўрли ф/й Қизил қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳаётулло Холжигитов мурожаат қилиб, отаси, ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат фаоли Норбой Холжигитовнинг аҳволи оғирлигини маълум қилган. Аниқланишича, “Бирлик”чи, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли (1948 йилда туғилган) Норбой Холжигитов ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖЖИЭББи тизимидаги 64/61-муассасада жазо муддатини ўтамоқда. У 2005 йилнинг июнида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ҳукми билан ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат), 165-моддаси (Товламачилик) асосида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Аризада қайд қилинишича, Норбой Холжигитовнинг аҳволи ағир, у сурункали қандли диабед туфайли ўзини эплай олмайдиган аҳволга тушиб қолган. Тишлари тушган, кўзлари кўрмай қолмоқда. У қамоқдан жамиятимиз номига ёрдам сўраб, хат чиқарган.

Мазкур жазони ижро этиш муассасасида бир муддат Норбой Холжигитов билан бирга жазо муддатини ўтаган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра, Қашқадарёнинг Шайхали ҳудудида жойлашган мазкур зонада аҳвол даҳшатли манзара касб этган. Ҳар йили баҳор-ёз ойларида маҳбуслар ўртасида ўткир формали дизентерия (ич кетиши) тарқалади. Зона шу типдаги муассасаларидан ҳар хил ҳашоратларнинг кўплиги, оддий гигиена нормаларига амал қилинмаслиги билан ажралиб туради. Ана шу муассасадаги Норбой Холжигитовнинг аҳволи ҳатто бундан икки йил аввал ҳам оғир эди.

Ҳаётулло Холжигитовнинг баён қилишича, отаси қамоққа олинган пайтда унинг ўзига нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси (Ўғирлик), 277-моддаси (Безорилик) билан айбланиб, жазо муддатини ўтаган Ҳаётуллога ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳозирга қадар босимлар ўтказиб келинмоқда. У бу босимларни отасининг сиёсий фаолияти натижаси ўлароқ кўради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти умумий аҳволни ҳисобга олиб, Ҳаётулло Холжигитовнинг аризаси асосида Норбой Холжигитовга адвокат ёллади ва адвокат ҳуқуқ ҳимоячиси номига ордер олди. Ҳозирда Холжигитовни озод қилиш учун ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга бошлади.
“Эзгулик” жамияти Ўзбекистон ҳукуматини 60 ёшга тўлган, аҳволи ўта оғир ҳуқуқ ҳимоячисини озодликка чиқаришга чақиради. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуроридан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 534-моддаси асосида мухолифат вакилининг ишини қайта кўриб чиқишни, унинг тузалмас дардга чалингани муносабати билан жазо муддатини дарҳол тўхтатишни талаб қилади. Халқаро ҳамжамият, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини бу борада мамлакат расмийларига босим ўтказишга ундайди.

Манба: www.ezgulik.org

28 май: “Эзгулик” шикоятлар ёмғири остида

“Эзгулик” жамиятининг навбатдаги пресс-релизида (№ 34, 27.06.2008) фуқаролардан келаётган аризалар сони тўхтамасдан ошиб бораётгани айтилади. Бир қатор аниқ фактлардан маълум бўлишича, шикоят хатлари, фуқароларнинг мурожаатлари жамият хатқутисига мамлака-тимизнинг турли мутасадди идораларига қилинган арзлардан сўнг келмоқда. Мониторинг ва таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, шикоятларнинг арифметик прогрессия шаклида ўсаётганининг объектив сабаби - қонунчилик кафолати бўлган прокуратура органларининг ишламаётган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизимидаги коррупция ва қонунсизлик, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг параллел ҳолатда эканлигидир. Жамиятимиз мамлакат ҳукумати, миллатимиз эрки ва иродасини ифода этувчи Парламент, унинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)ни кескин ислоҳотлар ўтказиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига танқидий-таҳлилий баҳо беришга чақиради. Ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий илғор шахсларни фаолликка ундайди.

Пресс-релизнинг тўла матни жамиятнинг сайтида - www.ezgulik.org