Маҳмуд Тоштемир - Туркияда сиёсий кризис парламент сайловлари билан битмади
Сиёсий кризиснинг бошланиши

Туркияда яқинда бўлган сиёсий кризиснинг илдизлари жамият ичида давлат тузумининг келажагига турлича муносабат борлигига бориб тақалади. Аммо, биринчи қарашда, ҳамма нарса бу давлат Конституциясидаги бир камчиликдан бошланди каби.

Бу мамлакатнинг президенти умумхалқ сайловда эмас, парламент, яъни Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ) тарафидан фақат бир муддатга ҳар 7 йилда сайланади. Президент ҳеч бир сиёсий партия аъзоси бўлмаслиги керак, аввал партия аъзоси бўлган бўлса ҳам, бу лавозимга сайлангач, дарҳол партиясидан истеъфо этиши шарт.

Булар камчилик эмас, анчагина давлатдарда шундай қилишади. Қонунлардаги камчилик ҳақида кейинроқ гапирамиз. Аввал Туркиядаги сиёсий вазият ҳақида қисқа маълумот бериш муҳим.

Туркияда асосий сиёсий шахс Бош вазир бўлиб, президент (Туркияда президентни Жумҳурбошқони дейишади) рамзий роль ўйнайди. Аммо, у Қуролли кучлар Бош қўмондони бўлгани, ҳуқуқий давлатларда муҳим ўрни бўлган судьяларни тайинлаш ҳуқуқига эгалиги ва парламент қонунларига вето ҳаққи борлиги туфайли етарлича катта салоҳиятга эга.

Бундан 7 йил аввал сайланган жумҳурбошқони Аҳмет Неждат Сезарнинг муддати шу йил май ойида битиши керак бўлгани учун, Туркия қонунларига кўра, президент сайловлари 26 апрелда бошланиши кераклиги ҳам аниқ эди.

Табиий, биринча савол - ким номзод бўлади? ТБММда Адолат ва Тараққиёт Партияси кўпчилик овозга, яни 550 кишилик парламентда 354 жойга эга бўлгани учун, бу партиянинг вакилларигина сайланиш шансига эга эканликлари ўз-ўзидан маълум.

Ҳозирги Бош вазир Тойиб Эрдўғон, у АТПнинг раиси ҳам, истаса ҳеч бир қийинчиликсиз президент бўлиб сайланарди, аммо, у ҳолда кўпроқ унинг исми билан боғлиқ бўлган АТПнинг тақдири нима бўлади, чунки у сайлангандан кейин партия аъзолигидан чиқиши керак. Партия раҳбарлигига ва Бош вазирликка ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гул олиб келинишини кутганлар кўп эди. Аммо, у Эрдўғон каби лидер бўлоладими, деган савол жавобсиз эди.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Маълумки, Туркияда унинг дунёвийлик принципига қарши бўлган исломий гуруҳлар анчагина кучли. Шу сабабли, Отатурк замонидан бошлаб, давлатнинг бу принципини ҳимоя қилишга жуда катта эътибор берилади. Бу приципдан ҳеч чекинмаслик учун, ҳатто расмий жойларда қандай кийиниш хусусида қонунлар бор. Масалан, расмий жойларга боши ўралган аёлларнинг кириши ҳам тақиқланган. Боши ўралган аёллар университетларга ҳам олинмади.

Охирги йилларда расмий учрашувларга ҳукумрон партия АТПнинг бир қатор йирик намоёндалари боши ўралган хотинларини олиб келолмайдилар. Агар Эрдўғон президент бўлса, расмий учрашувларда унинг боши ўралган хотини қатнашолмайдими? Қатнашаман деса, бундай аёлларни расмий жойларга киритмаслик ҳусусидаги қонуннинг тақдири нима бўлади? Бу қонуннинг бузилиши ёки унинг бекор қилиниши ислом фанатикларини янги жангларга рағбатлантирмайдими?

Туркия жамияти йил бошидан шу каби бир қарашда муҳим бўлмаган саволар ичида қайнаб тошди. Ҳамманинг боши қотган: Туркия қуролли кучлари ичида бирон офицернинг хотини бошини ўраса, офицер дарҳол армиядан чиқариб юборилади. Бош қўмондоннинг хотини бошини ўраб юрса нима бўлади?

12 апрелда Туркия Қуролли кучлари Бош штабининг бошлиғи Яшар Буюканит махсус матбуот конференцияси ўтказиб, сўздагина эмас, амалда дунёвийлик принципига амал қилган одам президент бўлиб сайланишини истаётганини билдирди. Бу сўзлар тўғридан тўғри Тойиб Эрдўғонга қаратилганини ҳамма тушунади, чунки, Эрдўғон бундан 10 йилча аввал динни сиёсий мақсадда ишлатиш айби билан 10 ой қамалиб ҳам чиққан.

Туркияда шу пайтгача дунёвийлик принципининг асл ҳимоячиси Туркия қуролли кучларидир, деган фикр ҳукумрон. Шу сабабли, АТП Яшар Буюканитнинг бу сўзларига қандай жавоб беради деган савол ҳам ҳаммани ўйлантириб қўйгани табиий.

Хуллас, шундай мураккаб вазиятда, шу йил 27 апрель куни ТБММ мамлакатнинг навбатдаги президентини сайлашга киришди.

Туркия қонунларига кўра, номзод биринчи ёки иккинчи турдаёқ президент бўлиб сайланиш учун ТБММ аъзоларининг 2/3 овозини олиши керак, аммо ололмаса, кейинги турларда аъзоларнинг ярмини овози билан сайлана олади.

Туркия қонунларидаги дарҳол тушуниш қийин бўлган нуқсон шу ердан бошланади.

Чунки, қонуннинг бошқа бир моддасида парламент иш бошлаши учун кворум - парламент аъзоларинг яримиси плюс бир, деб белгиланган.

Демак, бирон бир партия парламентда 2/3 дан кам, аммо яримдан кўп овозга эга бўлса, у ўз номзодини биринчи-иккинчи турда ўтказолмаса ҳам, кейингиларида бемалол ўтказди. Аммо, бу ерда кичик бир ноаниқлик бор. Масалан, ҳукумрон партиянинг мухолифлари биринчи-иккинчи турни бойкот қилишса нима бўлади? Кворум бор, аммо ҳукумрон партиянинг номзоди 2/3 овоз ололмайди ва кейинги турда ютиши муқаррар. Шунда савол туғилади – парламент аъзоларининг ярмидан кўпи, аммо 2/3 ками иштирок этган мажлисда 2/3 дан кўпроқ овоз олишни талаб қилиш мантиқлими?

Мана шу, ҳар ким ҳам дарҳол тушунолмайдиган савол атрофида 70 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Туркиядек катта бир давлат сиёсий кризисга кирар экан, воқеалар шундай давом этди.

27 апрелда бўлган президент сайловининг биринчи турига мухолифатдаги ягона партия - Жумҳурият Халқ Партияси вакиллари иштирок этишмади. Аммо, АТПлиларнинг ўзи билан оддий корум бўлди, улар ўз партияларининг номзоди бўлмиш Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гул учун овоз бердилар. Табиий овозлар сони яримдан кўп, аммо 2/3 дан кам бўлгани учун, у биринчи турда президент бўлиб сайланмади. Масала кейинги турларга қолди.

Кейинги турларда Абдуллоҳ Гул президент бўлиб сайланиши муқарра бўлган вақтда, мухолифат биринчи турдаги овоз бериш натижалари бўйича Конституцион Судга мурожаат қилди. Мухолифатнинг аргументи шундай эди – парламент аъзоларининг 2/3 дан ками иштирок этган мажлисда 2/3 дан кўпроқ овоз олишши талаб қилиш мантиқсиз, демак, конституциянинг кворумни белгиловчи моддаси биринчи тур сайлови учун парламент аъзоларининг ярми плюс бир эмас, парламент аъзоларининг иккидан учи плюс бир, деб талқин қилиниши керак.

Кўриниб турибдики, туркларнинг боши бекорга қотмаган.

Конституцион Суд бу масалада мухолифатнинг талабини тўғри, деб топди ва ТБММдаги биринчи тур сайловининг наитижаларини бекор қилди. Шундан кейин, қайтадан бирничи тур сайловлари ўтказилса эди, мухолифат уни яна бойкот этарди ва ҳамма нарса эскиси каби бўларди. Ана шунда ҳолатда, боши берк кўчадан чиқиш учун парламент ўз-ўзини тарқатди ва 22 июлга эрта парламент сайловлари тайинлади.

Сайловолди кампаниясида Ўзбекистон учун ибратли воқеалар

Парламентдаги кризиснинг асл сабабчиси жамиятдаги турли қарашларни ўзида акс эттирган ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги шиддатли қарама-қаршилик бўлгани учун, сайлов олди кампанияси ҳам ашаддий қарама-қаршилик руҳида ўтди.

Партиялар халқдан oвоз олиш, яъни унинг симпатиясини қозониш учун, кўпинча бўладиганидек, ўзларини кўрсатишдан ҳам кўпроқ, бошқаларнинг камчиликларини кўрсатиш билан овора бўлдилар.

Ҳозир ҳокимиятда бўлган Ражаб Эрдўғон бошчилигидаги Адолат ва Тараққиёт Партияси даврида Туркиянинг иқтисоди ижобий натижaларга эришди, масалан, Туркияда анъанавийга айланган юксак даражали инфляция пасайтирилди. Янги Турк лираси долларга нисбатан бақувват бўлишга бошлади. Шу сабабли мухолифат ҳукуматни иқтисодий масалаларда ортиқча танқид қилолмасдан, сиёсий масалаларга урғу берди. Масалан, охирги пайтда террор воқеаларининг кўпайишини бу партиянинг хато сиёсати билан боғлади, ҳукуматни АҚШ чизиғидан юришда айблади ва ҳоказолар.

Партия лидерлари бир бирларининг шахсига тегадиган кўп гаплар ҳам айтишди. Мухолифатдаги сўл қанот Жумҳурият Халқ Партияси раиси Дениз Байкал Ражаб Эрдўғоннинг қўлидаги 60 минг долларлик соатни гапирса, Ражаб Эрдўғон унга “Кел, шу соатни сенга 15 мингга сотаман” дейишгача борди.

Испарта шаҳридаги митингда нутқ сўзлаган Эрдўғон сайловларда кўпчилик овоз олажакларига имо қилиб, “партиямиз якка ўзи ҳукумат тузишга кучи етмаса, сиёсатдан кетаман” дея хитоб қилди ва мухолифатдаги асосий партияларнинг лидерлари Дениз Байкал ҳамда Давлат Боғчалини (у ўнг қанотдаги Миллиётчи Ҳаракат Партияси раиси) шу каби ваъдалар беришга чақирди.

Эрдўғоннинг бундай баёнот билан чиқишига асос бор эди. Чунки, ўша пайтда аҳоли ичида ўтказилган ҳамма сўровномалар Адолат ва Тараққиёт Партияси сайловларда биринчи бўлиб чиқиши, буюк эҳтимоллик билан якка ўзи ҳукумат қуриш қобилиятига эга бўлишини кўрсатарди.
Туркиядаги воқеаларни Ўзбекистон нуқтаи назаридан анализ қилиш ҳам жуда муҳимлигини тушиниш керак.

Туркияда бир партия раисининг қўлидаги соатнинг қимматбаҳолигини, у исботланмаган бўлса ҳам, мамлакат сиёсатига айлантиришди. Агарда Ўзбекистонда “Эрк” партияси раиси, лақаби 53-54 бўлган Салой Мадамин ўз сафдошларини сотиш эвазига Каримовдан 2 дона квартира олгани, мамлакат парламентига Компартия рўйхатидан альтернативсиз депутат қилиб қўйилгани, 1991 йилдаги президент сайловларида қўғирчоқ номзод сифатида қатнашиб, сайловларни легимитив қилиб бергани каби исботланган фактлар туркларнинг қўлида бўлса эди, улар бундайларни эшакка тескари ўтказиб, Истанбулни айлантирган бўлардилар.

Парламент сайловларининг натижаси

Шундай қилиб 22 июлда парлмент сайловлари бўлиб ўтди. Ҳамма тадқиқот ва тахминлар ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) сайловларда биринчи ўринни олишини, бир маҳаллар Отатурк томонидан қурилган сўлчи-миллиётчи Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) ва Туркеш томонидан ўтган асрнинг 60-чи йилларида ташкил этилган ўнг қанотдаги миллиётчи партия – Миллиётчи Ҳаракат Партияси (МХП) ҳам парламентга кириши муқаррар эканлигини кўрсатганди. ЖХП ва МХП биргаликда коалицион ҳукумат қуролмаслиги, АТП яна якка ўзи ҳукумат қуриши ҳам аниқ эди.

Унутмайликки, АТП етарлича радикал исломчи партия бўлмиш Рефах Партиясидан ажралиб чиққан сиёсатчилар томонидан қурилган бўлиб, жамиятда ислом динининг ролини оширишни жуда юмшоқ йўллар билан амалга оширмоқда. Дунёвий тузум тарафдорлари, айниқса Туркия армияси қўмондонлари шундан ҳам хавотирда.

Армия давлат тўнтариши қилиши мумкинлигидан чўчиган АТП лидерлари ўзларини янада юмшоқроқ қилиб кўрсатиш мақсадида сайловдаги номзодлар рўйхатига анчагина дунёвий қарашли зиёлиларни, бир қатор бошини ўрамайдиган аёлларни киритдилар. Улар парламентга сайлансалар, АТПнинг сиёсатига жиддий таъсир кўрсатишлари муқаррар. Бу фактор эса, Туркия дунёвий давлат чизиғидан чиқиб кетмаслигига кафолат бўла оларди.

Шулардан келиб чиқиб, Туркиядаги сайлов натижаларини фақат турклар эмас, бутун дунё диққат ва қизиқиш билан кутди.

Ниҳоят, 30 июлда сайловларининг расмий натижалари эълон қилинди.
Партияларнинг парламентда олган ўринларинг тақсимоти қуйидагича:

Адолат ва Тараққиёт Партияси - 342
Жумҳурият Халқ Партияси - 112
Mиллиётчи Ҳаракат Партияси - 70
Мустақиллар - 26

Мустақил парламент аъзоларининг 20 нафари курдларнинг Демократик Жамият Партиясининг (ДЖП) фаоллари эди. ДЖП партия сифатида сайловларда қатнашса, 10 фоизлик тўсиқдан ўтолмаслигини билгани учун, ўз фаолларини мустақиллар сифатида парламентга киритди.

Мустақиллар ичида, улардан ташқари, Она Ватан Партиясининг собиқ раиси, собиқ Бош вазир Маъсут Йилмаз, мустақил номзод сифатида сайловда қатнашиш учун Буюк Бирлик Партияси раислигидан вақтинча истеъфо этган Мухсин Ёзувчиўғли бор.

Яқинда номини Демократик Партия деб ўзгартирган собиқ Тўғри Йўл Партияси (асосчиси Сулаймон Демирэл эди) 10 фоизлик тўсиқдан ўтолмади ва унинг раиси Маҳмет Ағар дарҳол истеъфога чиққанини билдирди.

Ўша куниёқ, ярим кеча бўлишига қарамасдан партисининг қароргоҳи ёнида тўпланган одамлар олдига чиққан Ражаб Эрдўғон 52 йилдан бери биринчи марта Туркияда бир партия икки марта кетма-кает ғалаба қозонганини урғулаб, АТП мамлакатга барқарорлик олиб келганини, демократик дунёвий давлатни мустаҳкмлаш учун халққа хизмат қилишни давом эттиражакларини, яқин йилларда киши бошига миллий даромадни 10 минг долларга олиб чиқажакаларини айтди ва Турк халқига сайловдаги ишончлари учун ташаккурлар изҳор этди.

У сайлов кампанияи давомида айтилган қаттиқ ботувчи ифодалари учун мухолифатга нисбатан аламзадалиги йўқлигини ҳам билдириб, давлат ва миллат келажаги учун ҳамма билан ҳамкорликка тайёр эканлигини гапирди.

Аввалги парламентда АТПнинг 354 депутати бор эди, энди уларнинг сони 342 га тушди. У ҳали ҳам кўпчилик овозга эга, аммо, биринчи турдаёқ ўз номзодини президент қилиш учун керак бўлган 2/3 овозга эга эмас. Лекин МХП ва ДЖП сайловнинг биринчи турини бойкот қилиш ниятлари йўқлигини аввалдан айтишгани сабабли, энди АТП ўз номзодини президент қила олиши аниқ.

Туркия ўзбекистонликлар учун визани бекор қилди

Сайлов натижалари эълон қилинган куни, бир қарашда бунга алоқаси бўлмаган, аммо ўзбекларни қизиқтириши аниқ бўлган бир воқеа юз берди. 30 июлдан бошлаб Туркия ҳукумати 2-3 туркийзабон мамлакатлар қатори ўзбекистонликлар учун ҳам виза олишни бекор қилди. Бу ҳақда Туркиянинг Тошкентдаги элчилиги тарқатган хабарномада мамлакатнинг Ўзбекистон билан тил, тарихий, маданий ва ижтимоий алоқлари узоқ ўтмишга бориб тақалиши, шу боисдан Туркияга кириш тартиби бир томонлама бекор қилингани баён қилинади. Шунингдек, матбуот хабарномасида Туркиянинг "Rasmiy gazeta"сида эълон қилинган маълумот ҳам ўрин олган. Унга кўра, Туркияга 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга йўл олган турист ёки йўловчи визадан озод қилинади.

Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон турклар учун виза нархини қиммат қилиб қўйгани сабабли, Туркия ҳам Ўзбекистонга қасд қилиб, бизнинг фуқаролар учун виза нархини 100 доллар қилиб қўйганди. Энди нима ўзгарди экан?

Бу хусусда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат шундай дейди:
- Мен шу йил январь ойида Туркияда бўлганимда пойтахт Анқарада Туркия Буюк Миллат Мажлиси аъзолари ҳамда хукумат одамлари билан учрашганман ва виза масаласини ҳам алоҳида кўтарганман. Ўшанда уларга: “Сиз виза нархини ошириб қўйган Ўзбекистон ҳукуматига аччиқ қилиб, ўз визангиз нархини кўтардингиз. Шу билан Каримовдан қасд олдик, деб ўйласангиз хато бўлади. Зотан унинг мақсади Ўзбекистон-Туркия алоқаларини тамомийла бузиш. Сизнинг бу қадамингиз Ўзбекистон расмийларига ҳеч қандай таъсир қилмайди, оддий ўзбеклар эса, виза қимматлиги сабабли Туркияга келолмайдилар. Ўзбекистон ҳукуматидан ўч олишнинг энг яхши йўли - ўзбекистонликлар учун Туркияга визани текин қилиб қўйиш”, дегандим. Улар таклифимни тўғри деб топиб, эски танишим, Туркия Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гулга менинг саломларимни етказишдан ташқари, Ташқи ишлар вазирлигига ўзбеклар учун визани текин қилиб қўйиш ҳақида расман таклиф киритишадиган бўлишди.
Туркия ҳукумати Ўзбекистон билан бирга яна 2 ёки 3 мамлакат фуқароларига визани текин ҳам қилиб ўтирмай, биратўласи бекор қилибди. Бу олқишга сазовор қадам.

Бу қарорнинг бугун эълон қилиниши ҳам тасодифий эмас. Маълумки, янги парламентга умумтуркчилик ғояларини байроқ қилиб кўтарган Миллиётчи Ҳаракат Партияси ҳам кирди. Бу партия аввалги сайловларга нисбатан 2 марта кўп овоз олди ва ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясига кескин мухолифатчлик қилишини билдирмоқда. Туркийзаабон мамлакатларга визани бекор қилиш қарори МҲПга ёқадиган қарор. Демак, ҳукумат мухолифатнинг фикрларига қулоқ соложагини намойиш ҳам қилишга бошлади.

Кейинчалик, аниқроғи, 9 августда Абдураҳим Пўлат Туркия парламентининг бир неча миллатвакили (депутати) билан телефонлашиб, уларни 22 июлдаги сайловларда Туркия Буюк Миллат Мажлисига (ТБММга) қайтадан сайланишлари муносабати билан табриклади. Суҳбат вақтида Туркия ҳукуматининг ўзбекларга визани бекор қилиши ҳам тилга олинди. Улар “Бирлик”чининг ташаббуси билан бошланган иш охирига етганидан журсанд эканликларини билдирдилар.

- Аммо, минг афсуски, - дейди “Бирлик” лидери, - уларнинг исмларини ҳозир айтишни лозим топмадим. Аслини олганда, бундай одамлар Ўзбекистон ҳукумати ва ҳамма ўзбекларнинг олқишига сазовор бўлишлари керак. Бироқ, бугунги ҳукуматимиз Туркия билан алоқаларни яқинлаштириш эмас, узоқлаштириш тарафдори. Шу сабабли визанинг йўқ қилиниши уларни севинтирмайди. Бунинг устига, мухолифат лидери билан учрашган, у билан ҳамкорлик қилган Туркия миллатвакиллари Ўзбекистон ҳукуматининг “қора рўйхатига” киритилишлари муқаррар. Мен буни истамайман. Вақти келиб уларнинг исмларини очиқлаш имконига эга бўламиз, деб ўйлайман. Уларнинг ўзи ҳам ўзбекларга визанинг бекор қилинишидаги хизматларини фахр билан эълон қилишларига ишонаман.

Туркия президенти сайланди, аммо муаммолар битмади

20 августда Туркия Буюк Миллат Мажлиси мамлакатнинг 11-чи президентини сайлашга киришди. Бу сафар биринчи турда, уни ЖХП бойкот қилган бўлса ҳам, конституцион кворум (аъзоларнинг 2/3 қисми – 448 киши) бўлди. Адолат ва Тараққиёт Партиясининг номзоди, Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гул 341 овоз олди, аммо, юқорида айтилганидек, овозлар сони 2/3 дан кам бўлгани учун, президентликка ўтолмади.

24 августда ўтказилган иккинчи турда ҳам шундай бўлди. Абдуллоҳ Гул 337 овоз олди, президент сайланмади.

Ниҳоят, 28 август куни ўтказилган учинчи тур сайловида оддий кўпчилик - 339 овозни олган Абдуллоҳ Гул Туркия президенти бўлди.

57 ёшли Абдуллоҳ Гул армиядан эмас, сиёсий майдондан келган 5-чи президентдир, аввалгиларинг 6 нафари кўпинча давлат тўнтариш йўли билан келган ҳарбийлар эди. Абдуллоҳ Гул билан 15 ёшлигида турмуш қурган, бугун 42 ёшли Хайриниса Гул сайловлар бўлаётган мажлис залига келмади, турмуш ўртоғининг парламентда бўладиган онт ичиш маросимида иштирок этмади. Туркиянинг “Отатурк инқолоблари” деб ном олган қонунлардан бирига кўра, боши исломий қоридалар бўйича ўралган аёллар расмий жойларга киритилмайди.

Апрель ойида бошланган Туркиядаги сиёсий кризис шу билан битдими? Йўқ. У вақтинча орқа планга ўтказилди. Чунки, дунёвий давлатни сақлаб қолиш тарафдорлари билан жамият ва давлат ишларида Ислом динининг ролини ошириш тарафдорлари ўртасидаги кураш ҳали битгани йўқ. Яқин орада битмаса ҳам керак.