Журнал Ҳаракат №3 (66) 2007. Андижон фожеасининг икки йиллиги
Абдураҳим Пўлатнинг баёноти - “Бирлик” Андижон фожеасини хотирлаб, олға кетишни давом эттиради
13 май 2007 йил

Бугун Андижондаги хунрезликнинг қурбонларини хотирлаб, уларнинг руҳи учун дуолар ўқиб, бошимизни эгамиз. Бу қонли жуманинг халқимиз қалбида қолдирган жароҳатлари ҳали бери битмайди, у воқеалар мамлакатимиз тарихида қора саҳифа сифатида умрбод қолади.

Шу билан бирга, тирикларни, миллатимиз ва мамлакатимизнинг келажагини ўйлаб, олға кетиш йўллари устида ишлашга, бундай воқеалар такрорланмаcлигини таъминлаш учун курашни давом эттиришга маҳкуммиз.

“Бирлик” Партиясининг бу хусусдаги прозицияси унинг 2006 йил 12 майдаги “Aндижoнни хoтирлaб, илгарига қараб кетиш бурчимиздир” ва 2006 йил 6 ноябрдаги “Европа Иттифоқи-Ўзбекистон: муносабатларни нормаллаштириш фақат демократялаштириш эвазига бўлиши керак” номли баёнотларида ифода этилган. Ўтган вақтга қарамасдан, бизнинг бу позициямизда ўзгариш йўқ. Бунинг устига, ҳеч ким бундан реалроқ альтернатив таклифлар киритолмади.

Ўзбекистонга қарши санкциялар киритиш, уни дунёдан изоляция қилиш таклифлари дунё тарихи ва реалликларни ҳисобга олмайдиганлар тарафидан ўртага ташланмоқда. Уларнинг ҳеч қандай самараси бўлмаслиги исбот қилиниб бўлди.

Шу кунларда Европанинг турли мамлакатларида Андижон воқеаларининг 2 йиллиги муносабати билан ўтказилган акцияларда санкциялар ва изоляция хусусидаги талаблар такрорланди. Биз бу акцияларни ўзбекларнинг борлигини кўрсатиб қўйиш учун амалга оширилган тадбирлар сифатида юқори баҳолаймиз ва у ерларда айтилган фикрларини ҳурмат қилан ҳолда, юрт ташқарисидаги мухолифатчилар самара бермайдиган йўл танлаганларини қайд этиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Охирги ойларда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан алоқаларни нормаллаштириш учун жиддий ҳаракатлар қилмоқда. Биз уларни мутлақо қўллаб қувватлаймиз. Айни пайтда шуни тушуниш керакки, ҳозир Европа Иттифоқи, аввал АҚШ қилгани каби, биринчи навбатда ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Марказий Осиёга нисбатан сиёсат олиб боради. Бу масалада улар нафақат ўзбек мухолифатининг фикрини, балки Ўзбекистоннинг ўзини борлигини ҳисобга олмасликлари ҳам мумкин.

Бу дегани, Ғарбдан умидни узиш ва тушкунликка тушиш керак дегани эмас. 2001 йилда АҚШнинг Ўзбекистонга кириб келиши мамлакатимзга демократия олиб келмаса ҳам, демократик руҳдаги шамол олиб кирди.

Европа Иттифоқининг яқин келажакда Ўзбекистонга кириб боришида ҳам шундай бўлади. Биз сиёсатчилар, денгиз ва океанлардаги шамолдан фойдаланган елканли кемачилар каби, бу демократия шамолларидан фойдаланиб, Ўзбекистонда ўзимиз ўзгаришлар қилишимиз керак. АҚШнинг 2001 йилда бошланган шамолидан фойдаланиб, мухолифатни тикладик, ЕИ шамолидан ҳам шундай фойдаланишимиз керак. Табиий, бу ишни Ўзбекистон ичидаги демократлар қиладилар.

Биз бу хусусдаги фикрларимизни Европа Иттифоқининг энг юқори органларига етказдик. Кўраяпмизки, бу маслалар бўйича "Бирлик"нинг позицияси Европа Иттифоқининг позициясига жуда яқин.

Ҳозир турли сабаблар билан юрт ташқарисига чиқиб кетган мухолифатчилар мамлакт ичкарисида эмас, юрт ташқарисида фаолият олиб бориш каби осон йўлни танламоқдалар. Уларнинг кўпчилиги юрт ичкарисидаги сафдошлари билан алоқаларни ҳам узиб бўлдилар.
Фақат “Бирлик” Партияси бошқача йўлдан кетмоқда ва ҳозирда мамлакат ичида фаолият олиб бораётган ягона партияга айланиб бўлди. Бу бизга юксак маъсулият юклайди. Ишонманки, “Бирлик” ўз маъсулиятни ҳис қилган ҳолда, миллат ва мамлакат олдидаги вазифасини бажаради.
Мен юрт ташқарисидаги мухолифатчиларга мурожаат қилиб, боши берк кўчадан чиқишга ва биз билан биргаликда юрт ичидаги фаолиятга эътиборни қаратишга чақираман.

Бу йил мамлакатимизда президент сайлови бўлади. Бу сайловга жиддий тайёргарлик кўраётган ҳам фақат “Бирлик” Партияси бўлиб қолмоқда. Ҳаммани “Бирлик” Партияси атрофида бирлашиб, сайловолди кампанияси даврида мухолифатнинг сафларини мустаҳкамлаш ва 2009 йилд бўладиган парламент сайловларида ғалаба қилиш учун бошланган тайёргарчилик жараёнига қўшилишга чақираман.