Холдор Вулқон - Олислардан ёнган чироқлар (ҳужжатли қиссанинг давоми)
11. Исён

Дўстимнинг қазо қилгани, севган қизимнинг турмушга чиқиб кетгани ҳам оздай мен ўз туғилиб ўсган уйимда ухлолмай қолдим. Уйқуга кетдим дегунча қоп-қора, юнглари узун улкан маҳлуқ мени бўға бошлар, нафасим қайтиб ўлиб қолишимга оз қоларди. Қўрқув унчалик кучли бўлмасада, мен ўша маҳлуқ билан олишишдан безиллаб қолгандим. Бунинг устига дадамнинг қовоғи сира очилмас, заҳар-заққум гаплардан, совуқ муомалардан тўйиб кетган эдим. Отамга қаттиқ гапириш тугул тик қарашга ҳам ҳаққим йўқ.

Болаликдаги меҳрибон бобом оламдан ўтиб кетган. Касалманд қари энам Пазил амаким қарамоғида. Қаёққа ҳам бораман. Менинг бир дақиқа ҳам уйда тургим келмай қолди. Ишдан уйга қайтаётиб, ўзимни, худди, қоронғу қабрга кириб кетаётгандай ҳис қилардим.

Бир куни онамларнинг қишлоғига бордим. Энам мени бағрига босиб йиғларкан, - онанг сиғмаган уйга сен ҳам сиғмадингми, болагинам, - деди.
Ўша куни тоғаларим билан то ярим тунгача суҳбатлашиб ўтирдик. Шу кеча ҳайрон қоларли даражада тинч ухладим. Шундай қилиб мен энамларнинг уйида яшай бошладим. Бир куни темирдан қилинган кўча дарвозасини бўядимда, дарвозага расм чизиб қўйдим.

Бир зумда менинг рассом эканлигим ҳақидаги хабар бутун қишлоққа ёйилди. Эртасига бир қиз тоғамнинг Жаҳонгир исмли ўғлидан ўз хотира альбомини юбориб, альбом ичидаги калькаларга расмлар чизиб беришимни сўрабди. Бир-иккита расм чизиб альбомни қайтардим. Лекин альбом яна қайтиб чиқди. Кечки овқатдан сўнг расм чизиб қўяй деб, альбомни очдим. Не кўз билан кўрайки, альбомда ишқий мактуб бор бўлиб, у қиз менга четлари жим-жимадор қилиб тўкилган шоҳи рўмолча ҳам совға қилибди.

У қизни мен севолмаганим туфайли, совға қилинган рўмолчасига эсда йўк, расм чизаётиб, мўйқаламдаги бўёқларни артиб юборибман. Шундан кейин жуда кўп қизлар менга севги изҳор қилиб, ишқий хатлар ёзишди, йиғлашди, қарғашди. Ҳатто, бир қиз мени деб сирка ичиб юборди. Лекин ўлмади. Дўхтирлар қутқариб қолишди. Инсонгарчилик юзасидан майда чуйда олиб, уни кўргани касалхонага бордим. У мени қучоқлаб узоқ йиғлади.

Мен «ўзини осиб-нетса балосига қолмайин» дея уни инсофга чақирдим. Кейин, - мен сени севгингга арзимайман. Қара, кўзимнинг остида холим бўлса, мени бошинга урасанми? Дунёда чиройли йигитлар кўп-ку? – дедим.

- Йўқ –деди, у қатъий. Мен фақат сизни севаман. Холингиз бор йўқлиги менга биланмайди. Майли бошқага уйлансангиз ҳам мени ташлаб кетмасангиз бўлди – дея, йиғлади у. Кейин менга битта иссиқ шарф билан Шавкат Раҳмоннинг «Юрак қирралари» деган китобини совға қилди. Орадан бир йил ўтгач, у мени тўйига таклиф қилиб, таклифнома берди. Тўй жума кунга белгиланган экан. Мен бировларнинг уйида расм чизиб юраверибман. Тўйга бориш эсдан чиқибди. Тўёнага, деб олинган чангютгич ҳам қолиб кетди. Кейнчалик шогирдим Бахтиёр ўша чангютгичда суюлтирилган бўёқларни сочиб юрди. Кўп ўтмай, «Тошкентга бориб Универститетга ўқишга кираман» дейишимга ҳам қарамай, мени мажбур ўйлантиришиб қўйишди. Лекин, хотиним менга маъқул келмади. Бир куни энамга уни севмаслигимни, паттасини қўлига тутказиб, орани очиқ қилмоқчи эканимни айтдим.

- Ҳой, девона, нималар деяпсан? Бировнинг қизига уйланиб, икки ҳафтада ҳайдаворсанг, номусга чидамай, хотининг ўзини Фарғона каналига ташлаб юборса, уволига қоламиз, - деди.

Мен энамни қаттиқ ҳурмат қилганим боис, гапига тутун қайтармас эдим. У мени ўша хотиним билан яшашга кўндирди. Мажбур яшай бошладим. Мен қувноқ хазилкаш бўлсам, хотиним ўта жиддий эди. Мана ёрқин бир мисол:
Бир куни хотиним эскириб қийшаган ишком устинига ишора қилиб, - Шу устун яқинда қулаб тушмасада, тузатиб қўйсангиз бўлмайдими? - деди. Мен устунга қараб, - хой, устун қулама! - дедим. Кейин хотинга караб, - ана, айтиб қўйдим, энди қуламайди, - деб реакцияни кутдим. Хотиним эса, кулиш ўрнига бадтар қовоғини уйди. Кейин йиғлай бошлади.

– Бир гап гапирсам дарров мазах қилади. Одам ўрнида кўрмайди, - деди у. Этик мойлайдиган щёткани кўрсатиб, - Мана бу тиш щётканг нимага бу ерда ётибди- дея, ҳазиллашганимда ҳам роса йиғловди. Кўп ўтмай биз фарзанд кўрдик. Кейин иккинчиси, сўнгра учинчиси туғилди.
Биз учта ўғил курдик. Мен барибир у аёл билан яшай олмадим. Охири уйга маст ҳолатда келадиган бўлдим. Мен шу тариқа ғам-ҳасратимни ароққа чўктирар эдим. Ароқ денгизида кемам чўкиб кетгунга қадар, ичардим. Менинг разведкачиларим берган маълумотларига кўра, бир куни хотинимнинг опаси:

- Гулдек аёл бўлсанг, ўша алкаш билан яшаб нима қиласан? Онамникига келиб ол, - дебди.

Шундан кейин хотин тушмагур кетиб қолди. Мен ҳаммани ҳайратга кўйиб, арок ичишни тақа-тақ тўхтатдим. Бир куни йўлда мактаб директори учраб, у менга тасвирий санъат ўқитувчиси йўқлиги сабаб, шу фан ўқитилмаётганлигини, иложини қилсам, бўш кунларимда ўқувчиларга тасвирий санъатдан дарс беришимни илтимос қилди. Мен ўқитувчиликни ёқтирмасамда, дарссиз қолаётган ўқувчиларга раҳмим келди. Мактаб ўқувчилари расм дафтарларини очиб менга умидвор тикилиб тургандай туйилиб кетди. Рози бўлдим. Шундан сўнг, мен ҳафтада икки кун тасвирий санъатдан дарс бера бошладим. Бу борада район, область, республика газеталарида шеърларим эълон қилиниб, элга анча танилиб қолган эдим.
Менинг бир ёмон одатим бор. Бир ишни қиламан дедимми, албатта, эртами-кечми уни амалага ошираман.

Бу феълимдан, тўғриси, ўзим ҳам қўрқаман. Баъзан бу таввакалчилигим фойда ҳам беради. Қайсидир даврада мен шеърларимни жамлаб китоб чиқармоқчи эканлигимни айтгандим. Шунда бир кимса мазхаромуз кулиб, - Ҳе, ўша китоб чиқара оладими? Валдираверади-да, дебди. Кўп ўтмай, мен «Лайлатулкадр» номли китобимни Тошкенда нашр қилиб, бир донасини «валдир