Ҳукумат “Бирлик”ка қарши ҳужумларини кескинлаштирди
Марказий Осиёнинг бошқа жумҳуриятларида ўртага чиққан миллий-демократик ташкилотлар комета каби пайдо бўлиб, сўнгра замоннинг талаб ва чақириқларига жавоб беролмай сиёсий саҳнадан йўқ бўлган бўлсалар ҳам, “Бирлик” халқ ҳаракати туғилгандан куни бери Ўзбекистондаги сиёсий курашнинг олдинги сафларида келишни давом эттирмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистондаги режим ҳар доим қўшниларга қараганда қаттиққўлроқ, кейинчалик ваҳшийроқ эди. Демак, “”Бирлик” халқ ҳаракати, сўнгра “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси шундай режим билан курашиб келмоқда.

Каримов Москва томонидан Ўзбекистон “тахтига” ўтқазилган кундан бери “Бирлик”ни йўқ қилиш нияти билан яшамоқда, шубҳа йўқки, ниятига етишмай ўтиб кетади. Чунки, “Бирлик” номи билангина эмас, моҳияти билан халқ ҳаракатидир. Уни йўқ қилиш учун халқни йўқ қилиш керак, бунга эса, каримовларнинг кучи етмайди.

Мавжуд ҳукуматнинг “Бирлик”ка қарши курaш шиддати ички ва ташқи вазиятга қараб ўзгариб келди. 1989-91 йиллари ҳукумат уни ичидан парчалаб кучсизлантириш, унинг фаолларини суд қилиб, маъмурий жазоларга тортиш, уларга ишхоналари орқали тазйиқ ўтказиш каби чоралар билан чегараланган бўлса, мустақиллик эълонидан кейин “бирликчи”ларга қарши суиқасдлар уюштириш, сохта айбномалар билан жиноий жавобгарликка тортиш ва қамаш, ишларидан ҳайдатиш, уларнинг уйларини ёқиб юбориш, сўнгги йилларда эса, уларни қамоқхоналарда ўлдириб юборишгача етиб борди.

Ўзбекистон АҚШ билан террорга қарши урушда ҳамкорлик қилишга бошлагач, АҚШнинг Ўзбекистон ҳукуматига таъсири етралича ошди. Натижа ўлароқ, ҳукумат “Бирлик”ка ва умуман мухолифатга нисбатан бироз тоқатлироқ муомала қилиб борди.

Андижондаги 12-13 май қонли воқеаларидан кейин тахти тебраниб, бунинг устига демократик дунё ва ички демократик мухолифатнинг шиддатли танқиди остида қолган Каримов ва унинг ҳукумати, ўзини сақлаб қолишнинг бирдан бир йўли сифатида Россия ва Хитой билан яқинлашиш, демократияни яна ҳам бўғиш, демак мухолифатга қарши курашни кескинлаштиришни танлагани энди ҳаммага маълум.

Tинч аҳолининг Андижонда ўққа тутилиши натижасида юзлаб бегуноҳ одамларнинг қонга буланиши каби жирканч воқеага ўзбек миллатнинг асл фарзандлари бефарқ қараб туролмасдилар. Бу сафар ҳам миллатнинг шон-шарафини ҳимоя қилиш учун ўртага “Бирлик” Партияси чиқди. Унинг Марказий Кенгаши Андижон воқеаларидан олдинроқ, партияни рўйхатдан ўтиш масаласи ҳал бўлмаётганига норозилик билдириш учун 30 майда Адлия вазирлиги олдида пикет ўтказишни режалаштирган бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокимияти бу хусусда расман огоҳлантирилганди.

13 майдан кейин бу пикет ҳукуматнинг Андижондаги қонхўрлигини қораловчи, қон тўкилишига олиб келганларни жавобгарликка тортишни талаб қилувчи акцияга айланиб кета бошлагани ҳам табиий бир ҳол бўлди.
Қаранг, миллатнинг бир қисми ўққа тутилди. Қолганлар бу воқеани қоралаб, айбдорларни жазолашни талаб қилиб қонунлар доирасида кўчага чиқсалар, миллат миллатлигини кўрсатган бўлмасмиди? Бўларди.

Лекин, шундай пикет ўтказиш режаси ҳукуматниг жонини ҳалқумига келтирди. Нимага? Чунки, ҳукуматдагилар ўзларини миллатнинг хизматкори эмас, унинг ҳўжайини деб биладилар. Уларга кўра, миллат - қуллар тўплами. Қуллар итоат қилишлари керак. Бировдан бирон нарса талаб қилишга ҳақлари йўқ.

“Бирлик” фаоллари ўзбеклар қул эмас, миллат эканлигини кўрсатиш учун, ҳукуматнинг қаршилигига қарамасдан норозилик акцияси ўтказиш ниятидан воз кечмадилар. Буни ўзига қилинган чақириқ деб тушунган ҳукумат, “Бирлик”ка қарши курашини яна кискинлаштирди.
Бундан кейин воқеалар қуйидагича ривожланиб борди.


Пикетни тўхтатиш учун ҳаракатлар


25 май: «Бирлик» Партияси ва «Эзгулик» жамиятининг Қашқадарё вилоят ташкилотлари раислари Дайнов Ташанов ва Зулфиқор Мирзони Нишон туман милиция бошқармасига чақирдилар ва «Бирлик» Партиясининг 30 майда Тошкентда Адлия вазирлиги биноси олдида ўтказиладиган пикетида қатнашиш учун бормаслик хусусида жиддий шаклда оғзаки огоҳлантириш эълон қилдилар. Икки демократ ҳам бундай таъқиқ учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқлиги, Ўзбекистонда на фавқулодда на ҳарбий ҳолат эълон қилинмагани сабабли Ўзбекистон қонунлари доирасида, Тошкент шаҳар ҳокимлигини ёзма шаклда огоҳлантириб пикет ўтказиш учун ҳеч қандай тўсиқ кўрмаётганларини ва ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишга қатъий қарор қилганларини билдирдилар.

Маълум бўлишича, бир кун аввал «Эзгулик»нинг Жиззах вилояти Зарбдор тумани раиси Мамаражаб Назаровга қарши ҳам шундай хатти-ҳаракатлар қилинган.

Кейин олинган хабарлар шуни кўрсатдики, мамлакатнинг ҳамма вилоят ва туманларида маҳаллий демократларга нисбатан тазйиқлар бошланган.
27 май: «Бирлик» Партияси Бош котиби Васила Иноятнинг уйига келган Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг раҳбарларидан бири 30 май куни Адлия вазирлиги олдида ўтказиладиган партия тарафдорларининг пикети шаҳар ҳокимлиги тарафидан тақиқлангани ҳақидаги қарорни кўрсатди. Унда айтилишича, «Бирлик» Партияси расман рўйхатдан ўтмаганлиги учун ҳеч қандай фаолият олиб боришга, хусусан пикет, митинг, намойиш каби тадбирлар ўтказишга ҳаққи йўқ.

Бу хусусда маслахатлашган “Бирлик” фаоллари Тошкент шаҳар ҳокимиятининг қарорини ноқонуний деб ҳисобласалар ҳам, уни бажаришга рози бўлдилар. Пикетда катнашиши учун тўпланганлар эртага соат 11 да Адлия вазирлигига келиб, партияни рўйхатдан ўтказиш масаласини гаплашиш учун Адлия вазири билан учрашув талаб қиладилар. Вазир уларни қабул қилмаса, одамлар бошқа бир кунга пикет ўтказиш хусусида келишиб тарқаладилар.

* * *

28 май: «Эзгулик» жамиятининг Андижон вилояти Мархамат тумани раиси Дилмурод Муҳиддинов ва «Бирлик» Партиясининг шу тумандаги етакчиси Мусажон Бобожоновлар туман ИИБ ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Улар «Бирлик» Партиясининг Андижон хунрезлигини қораловчи баёноти ва партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг АҚШдаги Хельсинки Комиссиясида сўзлаган нутқини ҳукумат идоралари ва одамлар орасида тарқатишда ва шу йўл билан давлатга қарши фаолият юритишда айбланмоқдалар.

“Эзгулик” жамиятининг Андижон вилоят ташкилоти раиси Музаффармирзо Исоқовнинг билдиришича, Дилмурод Муҳиддиновнинг уйга автоматлар билан қуролланган 5-6 милиционер бостириб кирган ва тинтув ўтказиб, ҳеч нарса тополмагач, Дилмурод Муҳиддинов билан биргаликда жамиятга оид компютерни милиция бўлимига олиб кетишган.

Мусажон Бобожоновнинг уйида ҳам тинтув қилинганда, “Бирлик”нинг Устав ва Программаси, “Бирлик”нинг Андижон хунрезлигини қораловчи баёноти ва ҳуқуқ ҳимоясига оид баъзи баёнотлар чиққан. Уларни ҳам Мусажон билан милицияга олиб кетганлар.

Бу икки демократнинг уйида тинтив қилиш ва кейин уларни қамаш ҳақида Мархамат туман прокурори Йўлчиевнинг санкцияси бор экан. Хозир бу икки кишининг фаолияти бўйича тергов ишлари бошланган.

Шу куни Халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотининг Мархамат туман бўлими раиси, “Бирлик” фаоли Муҳаммадқодир Отахонов ҳам айни шаклда қамалган.
Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида бир қатор ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат вакилларининг паспорти олиб қўйилган. Ҳозир паспортсиз Тошкентга ҳам бориб бўлмаслигини билган одам тушунадики, мақсад - уларни “Бирлик” пикетига етиб боришларининг олдини олиш.

Шу куни бошқа маълумотлар ҳам олинди. Масалан, АҚШлик машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилот «Фридумхауз»нинг Самарқанд шаҳрида бошлаган семинар-тернингларга қатнашиш мақсадида йўлга тушган Қашқадарёдаги бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар Қарши шаҳар ИИБ тезкор ходимлари томонидан ҳеч бир сабаб ва асоссиз вақтинчалик ҳибсга олинган. Бу ҳақда Буюкбританиянинг Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти билан ҳамкорлик қилувчи, “Бирлик” фаоли Тўлкин Қораев хабар берди. Унга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раиси Ёдгор Турлибеков ва «Бирлик» Партияси Қарши шаҳар Кенгаши аъзоси Нодир Аҳадовлар ИИБ биносида қоронғи тушганига қадар ушлаб ўтирилган ва паспортлари қайтариб берилмасдан қўйиб юборилган.

Маълум бўлишича, бундан бир неча кун илгари «Эзгулик»нинг 29-30 майда Тошкентда ўтказиладиган «Қонунчилик ва унинг асослари» номли семинари ва «Бирлик»нинг 30 май пикетида иштирок этиш, уни фаол ўтказиш юзасидан Қашқадарёда бирлашган мухолифат аъзолари ўзаро маслахатлашиб, хукумат назоратидан қочиш мақсадида турли «айланма йўллар» билан олдинма-кетин Тошкентга етиб олишга келишишган экан. Шу мақсадда Самарқанд семинарини баҳона қилиб йўлга тушган икки мухолифат фаолининг хийласи ўтмабди. Ҳукумат одамлари уларнинг паспортларини олиб қўйиб, Тошкентгача бўлган сон-саноқсиз постларнинг бирида ушлаб қоламиз, деган режа тузганга ўхшйдилар.

* * *
29 май. Бугун соат 17.30 ларда «Бирлик» Партиясининг Қаршидаги офисидан эртанги пикет учун Тошкентга келишга тараддудланаётган партиянинг Қашкадарё вилояти раиси Дайнов Ташанов ҳамда «Эзгулик» жамияти вилоят бўлими раиси Зулфиқор Мирзо катта лейтенант либосидаги милиционер ва фуқаро кийимидаги шахс томонидан давлат рақами мавжуд бўлмаган ВАЗ-2106 русумли енгил машинада номаълум томонга олиб кетилган. Бу хақда офисга қўшни хонадонлардан бирининг соҳиби Вадим Евсеев «Бирлик» фаолларига хабар қилди.

“Ҳаракат”Агентлигининг мухбирлари шу ҳодиса юзасидан суриштирувлар олиб бориб, айтарли натижага эришолмаётган бир паллада Зулфиқор Мирзонинг ўзи «бирликчи»лар билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди ҳамда воқеа тафсилотларини қуйидагича сўзлаб берди:
«Дайнов ака билан Қарши автовокзалига бориб, бошқа сафдошларни кутиб олиш ва Тошкентга кетишни мўлжаллаб турганимизда бирдан офис эшиги қаттиқ тақиллади. Аввал фуқаро кийимидаги афтидан спортчини эслатадиган ёш норгул йигит Дайнов акани «катта» сўраётганини, бир ўзи чиқиши кераклигини таъкидлади. Бундай хавфни тахмин килганимиз учун бирга чиқдик ва милиционер «Демонстрациячилар билан кўришиб кўяйлик» деб пичинг қилди. Дайнов ака уларни офисга таклиф қилгач, ҳалиги спортчи йигит ҳеч нарса демасдан унинг қўлини қайириб машинага ўтиришга мажбур қилди. Милиционерга бунга ҳаққи йўқлигини айтганимда куч ишлатишимизни хохламасангиз, сизам ўтиринг, деди. Шундан сўнг Қамаши туманига олиб борувчи трассага чиқдик. Машинада «дўст»ларимиз бизнинг яхши одам эканлигимиз, Абдураҳим Пўлат Американинг шпиони эканлиги, Васила Иноятовага эса «Бирлик»дан кўра пул муҳим эканлигини тушунтириб, насиҳатлар берди.

Қамашининг Қамай қишлоғига буриладиган чорраҳадаги дўкон олдига мени машинадан тушириб, сиз чекиб туринг, Дайнов ака билан гаплашиб олайлик, дейишди. Мен машинадан тушгач, машинани тезлик билан ҳайдаб, кўздан ғойиб бўлишди. Ҳозир Дайнов аканинг тақдири менга номаълум».

Кейинчалик маълум бўлдики. Дайнов Ташанов Қамаши тумани Қизилтепа қишлоғи ҳудудидаги яйдоқ далага тун ярмида ташлаб кетилган.

Шундай йўллар билан ҳукумат одамлари қашқадарёлик демократларнинг Тошкентга келишларига имкон бермадилар.

Хуллас, “Бирлик”нинг Тошкентда 200 кишилик пикет ўтказиш режаси ҳукуматнинг қатағон органларини оёққа тургазди. Қашқадарёдаги каби воқеалар ҳамма вилоятларда юз берди.

Аслида, 200 киши иштирокидаги акция пикет эмас, ҳақиқий митинглигини ҳамма тушунарди. Бъазилар ҳазиллашиб уни МИтинг + пиКЕТ = МИКЕТ деб аташга бошлашгани ҳам бежиз эмас. Энди маълум бўлишича, шу микетни ўтказтирмаслик учун бутун мамлакат бўйлаб Ички Ишлар Вазирлиги ва Миллий Хавсизлик Хизмати ходимлари оёққа тургизилибди. Барча вилоятларидан келиши мўлжалланган «бирликчи»ларнинг йўллари тўсилибди. Юзлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар вақтинча ҳибсга олинбди, сўроққа тутилибди.

Масалан, Наманган вилояти Поп тумани «бирликчи»лари Тошкентга кетиш учун йўлга чиққанларида туман милиция ходимлари томонидан ушланганлар, уларнинг баъзиларини милиционерлар калтаклашган ва тумандан чиқаришмаган.

Бухоролик “бирликчи”ларнинг раҳбари Саидбурхон Қодировдан шаҳардан чиқмаслик ҳақидаги тилхат мажбуран ёздириб олинган.

«Бирлик» Партияси раисининг ўринбосари Ҳамдам Сулаймон «уй қамоғи»да ушлаб ўтирилган, партиянинг Андижон вилоят ташкилти раиси Акбар Орипов Шаҳрихондан яширинча чиқиб олган бўлса ҳам Тошкентга келаберишда дoвондаги постда «қўлга туширилган» ва уйига қайтариб юборилган. «Бирлик» раиси Абдураҳим Пўлат улар билан телефонда доимий алоқа қилиб турган экан.

Шундай бўлса ҳам, ҳайрон қолиш керакки, Тошкентга анчагина ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари етиб келишди.
Фарғонадан келганларнинг бошига тушган қуйидаги воқеалар алоҳида диққатга сазовордир.

Бу вилоятнинг Бувайда, Риштон ва Ўзбекистон туманларидан 12 киши қандайдир қилиб 29 май куни Тошкент етиб келишган ва “Эзгулик” нинг “Қонунчилик ва унинг асослари” мавзуда ўтказилган семинарида қатнашишган, сўнгра шу жамият томонидан “Олимпия” меҳмонхонасига жойлаштирилишган.

Аммо, 29 дан 30 майга ўтар кечаси бу ерга етиб келган милиция ва миллий хавфсизлик хизматининг одамлари меҳмонхона маъмуриятига босим ўтказиб, уларни меҳмонхонадан чиқартириб юборишган. Васила Иноятова уларни шу ерга яқин бўлган акасининг уйига жойлаштирган. Кечаси 2-3 лар атрофида бу уй қуролланган ва итлари ҳам бўлган милиция отряди томонидан босилган. Мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари калтакланган ва махсус автобуларга чиқарилиб, миршаблар назорати остида ўз туманларига жўнатиб юборилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, пикетни тайёрлашда “Бирлик” партияси Бош котиби Васила Иноятнинг ролини ҳукумат одамлари яхши билардилар. Охирги кунларда унинг ҳар бир қадами контрол остига олинди. Пикет ўтказиш хусусидаги ариза унинг номидан берилгани учун, уни жавобгарликка тортиш ҳақида таҳдидлар ҳам бўлди. Уни, турмуш ўртоғи Тўлқинни ва акаси Ҳасанни 29 май куни кечаси фарғоналик демократлар билан Собир Раҳимов туман милициясига олиб келдилар ва эртаси куни пешиндан кейингина қўйиб юбордилар. Аммо, шу кунларда Васила ўзини мардларча тутди ва бутун ишларни координация қилолди.

* * *

30 май: Бугун Тошкентнинг маркази, хусусан, Адлия вазирлигига яқин бўлган Амир Темир ҳиёбони фавқулодда вазиятни эслатарди. Ҳудуд миршаблар томонидан қуршовга олинди. Ҳиёбонга турли провокациялар уюштириш мақсадида ҳар дoимгидек 30 дан зиёд «бозорчи аёллар» жойлаштирилган, бир неча ўт ўчириш машинаси, автобуслар ҳозирлаб қўйилганди. Ҳар 10 метрда турган формали милиционерлардан ташқари юзлаб фуқаро кийимидаги махсус хизмат одамлари искович итдек ҳар бир кишини синчиклаб кузатишар, ҳужжатларини текширишар ва сал шубҳали кўринган одамларини махсус машиналарда миршабхонага олиб кетишарди.

Пикетда қатнашиш учун шаҳар марказига келган, аммо Адлия вазирлиги биноси олдига миршаблар томонидан ўтказилмаган “Эрк” партиясининг раиси Самад Мурод шундай дейди: “14 йилдан бери Ўзбекистоннинг пойтахти бу каби хавфсизлик чораларини кўрмаган эди. Ҳатто, 1999 ва 2004 йил террор воқеаларидан кейин ҳам”.

Милициянинг кўзидан қочиб вилоятлардан Тошкентга етиб келган 40-50 нафар «Бирлик» фаоли ва бир қатор Тошкентлик «бирликчи»лар, бошқа мухолифат ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларинг вакиллари шаҳар марказига келишган, аммо, мавжуд вазиятда бир ерга тўплана олишмаган ҳам. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Андижон воқеаларининг хам таъсирида остида, «Бирлик» рахбарлари ўз аъзоларини ҳукуматнинг зарбаси остида қолдирмаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан иш олиб боришди, ортиқча конфронтация чиқармасликка интилишди.

Шундай бўлса ҳам кутилмаган воқеалар юз берди. Масалан, уйидан 28 майда чиқиб кетган “Бирлик” Партияси Самарқанд ташкилотининг раиси Ҳолиқназар Ғаниев Тошкентга етиб келмади. Кейин маълум бўлишича, уни ўша куниёқ бир сохта айб билан 15 кунга қамаганлар, аммо ҳеч кимга билдирмаганлар.

Ўзбекистон режимини таҳликага солган, Тошкент марказини милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари билан тўлатилишига сабаб бўлган нарса – «Бирлик» Партиясининг Адлия вазирлиги олдида ўтказиш режалаштирилган пикети эканлигинидан, табиийки, ошкоралик бўлмагани сабабли, кўпчилик хабарсиз қолди. Аммо, муҳим бўлгани, буни ҳукуматнинг ўзи биларди. Ҳукумат кўрдики, у ўзининг миллатга қарши қилган жиноятларини яширолмайди, ундан жавоб талаб қиладиган мухолифат бор. Ва бу мухолифатнинг асосий кучи “Бирлик” Партияси бор.

Куннинг ярмини Собир Рахимов ИИБсида ўтказган Васила Иноят шундай дейди: «Биз «Бирлик» Партияси ўлароқ режимни қалқитолганимиз мухолифатнинг сўнгги вақтдаги энг катта ютуғидир. Пикетни ўтказа олмаганимиз ҳам асло мағлубият эмас, аксинча, режимни талвасага солиб қўйишга эришганимиз ғалабадир».

Шуларнинг ҳаммасини эътиборга олиб айтиш мумкинки, 30 майга режалаштирилган “Бирлик”нинг пикети қисман бўлса ҳам ўз мақсадига етишди.


Ҳукуматнинг қарши ҳужуми


“Бирлик” Партиясининг амалага ошмаган пикетининг ролини англамоқ жуда муҳим. Бир тарафдан, партия ўзининг зиммасидаги асосий мажбуриятини, яъни миллатни ҳимоя қилиш мажбуриятини бажаришда қатъий эканлигини, уни қўрқитиб бўлмаслигини очиқча кўрсатди. Иккинчи тарафдан, ҳукумат мухолифатнинг 200 кишилик кичик бир тадбирини бутун қатағон органларини оёққа турғазибгина тўхтатолган бўлса, демак, Гуржистон, Украина ва Қирғизистондаги каби рангли инқилобни ҳеч ҳам тўхтатолмаслиги маълум бўлди.

Бу ҳақиқат қаршисида талвасга тушган Каримов ва унинг одамлари, кўринишидан, икки йўналишда ҳаракатга тушдилар. Биринчиси, ташқарининг, тўғрироғи, Россиянинг вассалига айланиш ва керак бўлган ҳолларда унинг ёрдамида ўзларини қутқариш. Иккинчиси, “Бирлик”ка қарши ҳужумларини кескинлаштириб, уни кучсизлантириш, нейтраллаштириш.

Биринчи йўналишда ҳукумат қанчалик узоққа кетиш ҳали унчалик маълум эмас, аммо иккинчи йўналишдаги ҳаракатлар дарҳол бошланди.
Тошкентдаги пикетга келиш ниятидаги бир гуруҳ демократларнинг 30 майдан олдинги кунларда ҳибсга олинганини юқорида тилга олгандик. 30 майдан кейин уларга ва бошқа “Бирлик” фаолларига қарши жиддий жиноий айблар қўйила бошлади, қамлаганларнинг сони ошди.

* * *

Марҳаматлик ҳуқуқ ҳимоячилари, айни замонда, “Бирлик” фаоллари Дилмурод Муҳиддинов, Мусажон Бобожонов ва Муҳаммадқодир Отахонов 28 майда шу туманинг прокурори Йўлчиевнинг санкцияси билан ҳибсга олингандилар. 30 май куни уларни озод этишни талаб қилиб прокуратура олдида йиғилган бир неча юз кишининг олдига чиққан туман ҳокими улар эртага озод бўлажагини билдирди. Аммо, улар озод қилинмади ва 1 июнда Асака шаҳар милициясининг изоляторига ўтказилди. Уларга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-3 моддасида кўзда тутилган давлат тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга уриниш айби билан жиноий иш очилди. Сабаб ўлароқ, «Бирлик» Партиясининг Андижон воқеалари бўйича тарқатган баёнотномаси ва партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг АҚШдаги Хельсинки комиссиясида Андижондаги қонхўрлик хусусида сўзлаган нутқининг матнини тарқатиш кўрсатилди.

2 июнь куни «Бирлик» Партиясининг Андижон вилояти ташкилоти раиси Акбар Орипов, партия Марказий Кенгашининг аъзоси, “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилоят бўлими раиси Музаффармирзо Исҳоқов ва партия фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Шаҳрихон бўлими раиси Нурмуҳаммад Азизовлар, уларнинг уйларида тинтув ўтказилгач, ҳибсга олиндилар.

Музаффармирзо Исҳоқов соғлиги ёмонлиги туфайли ўша куни қўйиб юборилди, аммо, унга қарши очилган иш ёпилмади. У барибир қамалажагини тушунгач, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди, Қирғизистон орқали Украинага келди. У бу ерда БМТнинг Қочоқлар Бош Комиссарлигидан сиёсий қочқин статуси олди. Журналнинг ушбу сони тайёрланаётган пайтда, у Киевда оиласи билан Ғарб давлатларидан бирига кўчиш масаласи ҳал этилишини кутмоқда эди.

5 июнда Мусажон Бобожоновнинг отаси Абдулла ака 90 ёшда вафот этди, уни отасининг дафн маросимига ҳам қўйиб юборишмади.

Бу иш билан шуғулланишни бошлаган «Эзгулик» жамиятининг билдиришича, Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар зиммасига Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159, 242 (2-қисм), 244’ (1-қисм) моддалари бўйича айб қўйилмоқда. Ушбу моддалар Жиноят Кодексида шундай ифодаланган:

159-модданинг 3-қисми. Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш - 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

242-модданинг 2-қисми. Уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек, унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш - 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

244'-модданинг 1-қисми. Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёҳуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш - шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, - энг кам иш ҳаққининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёҳуд 6 ойгача қамоқ ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Кейинчалик буларнинг қаторига 158- модда қўшилди:

158-модданинг 1-қисми. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаётига тажовуз қилиш - 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум килиш билан жазоланади.

“Бирлик” Партиясининг сиёсий бир баёноти бўйича (баёнот матни журналнинг аввалги сонида эълон қилинган) бу каби айблар билан жиноий иш очилишини изоҳлаш қийин. Баёнотда исёнчилар тарафидан давлат муассасалари (турма, ҳарбий қисм ва вилоят ҳокимлиги биноси) босиб олиниши қораланади. Айни заманда, исённи бостириш учун оқилона йўл танланмаганлиги ва юзлаб бегуноҳ одамларнинг қoни тўкилагни ҳам қораланади, бунинг айбдори ҳукумат эканлиги таъкидланади. Бу - партиянинг бўлган воқеаларга муносабати, бунинг учун жиноий очишнинг ҳеч бир мантиғи йўқ.

Баёнотнинг сўнгида, “Бирлик” Партияси мажуд тузумни ўзгартириш учун конституцион йўллар доирасида фаолиятини давом эттира бериши алоҳида таъкидланган. Шундай пайтда, бу баёнотни тарқатувчиларга “конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” айби қўйилишини тушуниб бўладими?

Тўғри, баёнотда миллатни ўққа тутишга президентнинг ўзи бошчилик қилгани ва бу нарса миллатнинг тақдири қандай одамларнинг қўлида қолганлигини кўрсатиши ҳам айтилган. Бу айбнома президент Каримовга ёқмаётган бўлиши мумкин. Лекин, унинг ўзи бу айбномани, яъни Андижонда халқни ўққа тутиш ишига ўзи бошчилик қилганини рад этгани йўқ. Қуролли кучлар кўмондани функциясини ҳам бажарувчи мамлакат президенти ўша куни Андижонда эдику. Қолаверса, бу масала бўйича Олий Мажлиснинг комиссияси тузилган. Ўзбекистоннинг олий мақомли органи тарафидан тузилган бу комиссия ўз хулосаларини эълон қилмасдан туриб, бу масалада очиқлик киритиб бўлмайди.

Хўш, агар бу комиссия ҳам халқнинг ўққа тутилишида Каримов айбдор деган хулоса чиқарса, комиссияга қарши ҳам жиноий иш очиладими? Комиссия шу пайтгача ўз хулосаларини эълон қилмаётгани ҳам, у тараддуд ичида эканлигини кўрсатмайдими?


Халқни ҳимоя қилганлар жазоланмоқда


Орадан бир неча кун ўтар ўтмас, ҳукумат юқорида номлари келтирилган кишиларни қамаш билан чекланмаслиги маълум бўлди. 7 июнда «Бирлик» Партияси раисининг Фаргона водийси бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймон Андижон вилояти Мархамат тумани милицияси тарафидан уйидан олиб кетилди ва ўзи яшайдиган Қўқон шаҳрининг милиция бошқармасида “Бирлик”нинг Анжижон воқеалари хусусидаги баёноти бўйича сўроққа тутилди. Уни ўша куни қўйиб юборган бўлсалар ҳам, уйида тинтув ўтказганлари ва унинг компютерини олиб кетганларини шуни кўрсатмоқдаки, органлар Ҳамдам Сулаймон билан ҳам жиддий шуғулланиш ниятидалар.

Қамалганларни ҳимоя қилиш, уларни озод қилига эришиш учун демократик дунё жамоатчилигининг ёрдами зарур эди. “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг фаоллари ЕХҲТнинг Тошкентдаги маркази ва Ғарб мамлакатларининг Тошкентдаги элчихоналарида керакли учрашувлар ўтказиб, Ўзбекистон ҳукумати фақатгина ўз мамлакатининг қонунларини эмас, ўзи имзолаган халқаро ҳужжатларни ҳам бузаётгани англатдилар ва улардан Каримов ҳукуматига таъсир ўтказиш ва халқаро мезонларга бўйсинишни талаб қилишни сўрадилар.

27 июнда «Бирлик» Партияси АҚШнинг Хельсинки Комиссиясига мурожаат юборди. Мурожаaтда Андижон хунрезлигидан кейин мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ химоячиларига, асосан «Бирлик» ва «Эзгулик» фаолларига қарши тазйиқларларнинг кескин ортганлиги ҳақида маълумотлар берилиб, вазиятни тузатиш масаласида Хельсинки Комиссияси нималар қила олиши ҳақида сўз юритилади (бу баёнотнинг матни “Ҳаракат” журналининг аввалги сонида эълон қилинган).

29 июнда АҚШнинг Хельсинки комиссияси «Ўзбекистонда кризис: Воқеалар анализи ва кейинги кадамлар» мавзусида Тинглов ўтказди. Бу ерда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Комиссия раисдоши сенатор Браунберг суҳбат килди. Абдураҳим Пўлат бу Комиссия Ўзбекистондаги ащвол бўйича бир неча марта тинглов ўтказиб, бу мамлакатдаги вокеаларни якиндан кузатаётган бўлса хам, натижа берадиган амалий ишлар камлигини таъкидлади. У «Бирлик»нинг «Демократик ўзгаришларга альтернатива йўк» номли Хельсинки комиссиясига каратилган Мурожаатномасини сенаатор Браунбергга топширди ва унда кўрсатилган конкрет масалалар бўйича килиниши мумкин бўлган ишларни шахсан контрол остига олишни сўради. У айниқса, Андижон воқеаларидан кейин қамалаган «Бирлик» фаолари ва яна бир қатор ўзбек демократларининг такдирига АҚШ расмийларининг эътиборини тортишга ҳаракат қилди. Сенатор Браунберга «Бирлик»нинг мурожаати комиссия тарафидан ўрганиб чиқилажагини билдирди.

«Бирлик» Партиясининг Хельсинки комиссиясига Мурожаати Тинглов катнашчиларига таркатилди.

1 июлда Вашингтонда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Парламентлараро Ассамблеяси навбатдаги 14-чи йиллик мажлисини бошлади. ЕХҲТнинг 60 га яқин аъзоси бўлиб, Вашингтонга Ўзбекситондан бошқа ҳамма мамлакатларнинг парламентлари ўз ҳайъатларини юборганлар. Маълумки, Ўзбекистон режими Андижондаги ўз хунрезлигининг муҳокама килиниши ва қораланишидан кўркиб, турли халқаро анжуманларга ўз вакилларини юбормай қўйган. Бу сафар хам шундай бўлди, Ўзбекистон ҳайъати Вашингтонга келмади.

Аммо, Ўзбекистоннинг борлигини мамлакатимиз демократлари кўрсатдилар. Бу йиғилишда қатнашиш учун БМТ қошидаги Халқаро Инсон Ҳуқуқлари Лигасининг таклифи билан ААҚШга келган «Эзгулик» жамиятининг раиси Васила Иноят ва Вашингтода яшаётган «Бирлик» Партияси раиси Абдураҳим Пўлат бир неча кун Ассамблея қатнашчилари билан бирга бўлдилар. Уларнинг ташаббуси билан йиғилиш қатнашчиларига «Бирлик» Партиясининг 27 июнь куни эълон қилинган «АҚШнинг Хельсинки Комиссиясига Мурожаати» инглиз ва рус тилларида тарқатилди.
Ўзбекистон ҳукумати аламини ўзининг анъанавий йўли билан олди.

4 июль куни Ҳамдам Сулаймон қамалди. Уни шу куни кечқурун Қўқон шаҳар милиция бошқармасига чақиришиб, Марҳамат туманида «бирликчи» ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши очилган иш бўйича уни ҳам ҳибсга олиш ҳақидаги прокурор санкцияси билан таништиришган ва ўша заҳоти уни Марҳамат туманидан келган миршаблар қўлига топширишган.

Эртаси куни, 5 июлда Вашингтонда давом этаётган ЕХҲТнинг Парламентлараро Ассамблеяси қатнашчиларига “Бирлик” Партиясининг Ҳамдам Сулаймон ҳам қамалгани ҳақидаги байноти тарқатилди. Унда аввал қамалганган демократ мухолифатчилар қаторига Ҳамдам Сулаймоннинг ҳам қўшилганини билдиришдан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати қилмишлари жазосиз қолаётгани сабабли мухолифатга нисбатан репрессияларини кучайтираётгани, “Бирлик” ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги аҳволга етарлича эътибор бермаётгани, демократларга етарлича ёрдам бермаётгани таъкидланади. Абдураҳим Пўлат шу анжуманда иштирок этаётган АҚШнинг Хельсинки Комиссиясининг раисдоши конгрессмен Кристофер Смит билан учрашиб, Ўзбекистондаги вазият ҳақида суҳбатлашди ва, хусусан, қамалганларни озод этиш масаласида ёрдам сўради.

* * *

Бир нарса аниқки, “бирликчи” ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши жиноий иш очилиши ва уларнинг қамалишини асосий сабаби, аслида, “Бирлик” Партиясининг Андижонда ҳукумат хунрезлигини қораловчи 15 май баёноти ҳaм эмас. Тўғри, у баёнотда ҳукуматга ёқмайдиган ифодалар, жиддий айбномалар бор. Лекин, маълумки, бошқа мухолиф ва ҳуқуқ ҳимоячиси гуруҳлар “Бирлик”никидан ҳам кескинроқ, ҳатто, шахсан Каримовга нисбатан ҳақоратомуз бўлган сўзларга тўла баёнотлар эълон қилдилар. Улар билан ҳеч кимнинг иши ҳам бўлмади.

”Бирлик”ка қарши бошланган ҳужумларнинг сабаби бошқа. Тилга олинган мухолиф ва ҳуқуқ ҳимоячиси гуруҳлар ўз баёнотларининг ўзбеклар ўқий олмайдиган асосан рус сайтларида эълон қилиш билан чекланган бўлсалар, “бирликчи”лар Андижондаги ҳукумат хунрезлигини қораловчи баёнотларини ўз халқимиз ичида тарқатишга ҳаракат қилдилар. Бундан ҳам муҳими, Андижонда халқнинг ҳукумат томонидан ўққа тутилишини қоралаш мақсадида оммавий акция ўтказшга жазм қилдилар. Буларга ҳукумат чидай олармиди?

Қисқа қилиб айтсак, “Бирлик” партиясига қарши бошланган янги ҳужумлар бу партиянинг мухолифатчилик фаолияти қанчалик самарали бўлаётганиниг энг яхши кўрсатгичидир.

Мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари қамалганлар ҳақида хабар тарқатиш, ҳалқаро ташкилотлардан, Ғарб мамлакатларидан ёрдам сўраш билан чекланиадилар. Асосий эътибор қамалаганларнинг қисматини енгиллаштириш ва улар бирон жиноий иш очишга асос бўладиган фаолият кўрсатмаганларини исботлаш йўналишида ҳуқуқ усуллари билан курашишга қаратилди. “Эзгулик”чи адвокатлар Руҳиддин Комилов, Қўчқор Сотволдиев ва бироз кейин Суҳробжон Исмоиловлар қамалганларнинг расмий адвокати бўлдилар.

Табиий, фақат ҳукуматнинг топшириғини бажарувчи тергов органлари қўллари дан келганча авдокатларнинг ишини қийинлаштиришга ҳаракат қилдилаор. Аввалига қамалганлар қаерда сақланаётганини билдирмадилар, адвокатларни қамалганлар билан учраштирмасликка интилдилар. Қамалганларнинг яқинлари ҳам кунлаб сарсон бўлиб, на улар билан учрашолдилар, на уларга бирон нарса, масалан, озиқ-овқат, кийим-кечак ва дорилар беролдилар.

Қамалаганларнинг яқинлари Ўзбекистонда тергов қилинаётганлар ва маҳкум этилганлар мудҳиш қийноқларга солиниши, баъзи ҳолларда ўлдириб юборилишини яхши билишарди. Шу сабабли, яқинларидан хабар ололмагач улар қандай ҳолатда бўлганларини тушуиниш қийин эмас.

Тергов ишларини олиб борувчи – Марҳамат туман Ички ишлар бўлимининг терговчиси Муҳаммадумар Аҳмедов эса бундан завқланарди. Завқланган фақат у эмас, Ўзбекистондаги бошқарув вертикалида ўтирган ҳамма амалдорлар эканлигига шубҳа йўқ.

Июль ойининг ўрталарида қамалган “Бирликчи”ларнинг иши Ўзбекистон Бош прокуратурасига ўтказилгани, лекин терговчи сифатида Муҳаммадумар Аҳмедовнинг ўзи қолавериши маълум бўлди.

Аввокатларнинг қаттиқ талаблари, бир неча марта юқори инстанцияларга қилан мурожаатларидан кейин, 21 июлда улар терговчи иштирокида қамалганлар билан биринчи марта Тоштурмада кўришолдилар.
Адвокатларнинг билдиришича, шу куни 1,5 ойдан бери давом этаётган тергов бўйича қамалганларни сўроқ қилиш номигагина давом эттирилган. Ишда олдинга силжиш йўқ. Асосий далил деб ҳисобланаётган «Бирлик» Партиясининг Баёноти қамалганларнинг ишини судга олиб чиқиш учун тамомийла етарсиз. Ваҳоланкки, тергов 3 ой ичида тамомланиши ва айбнома эълон қилиниши керак. Тергов муддатини чўзиш учун жиддий асос ҳам йўк.

Лекин, яна ҳеч нарса ўзгармади. Адвокатларнинг бир неча марта қилган талабларига қарамасдан жиноий иш ёпилмади, қамалганлар озод қилинмади. Ўтган вақт ичида ҳеч қандай тергов иши олиб борилмади ҳисоб.

19 августда ишда бироз ўзгариш бўлгандек кўринди. Қамалгандлардан бири - Муҳаммадқодир Отахонов озод қилинди. У ҳали ҳам айбланувчи, аммо яшайдиган еридан кетмаслик хусусидаги тилхат асосида қўйиб юборилган.

Хуллас, август ойининг сўнгигача ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Мутлақо гуноҳсиз “Бирлик” фаолларини ҳали ҳам қамоқхонада ушлаб туришибди.

* * *

Бир гуруҳ “бирликчи”лар - Ҳамдам Сулаймонов, Акбар Орипов, Дилмурод Муҳиддинов, Мусажон Бобожонов ва Нурмуҳаммад Азизовларнинг қамалиши ва уларга ўта ваҳимали айблар қўйилишига қарамасдан, бир неча ойдан бери номигагина тергов ўтказилаётгани ва иш атайлаб чўзиб келинаётгани шуни аниқ кўрсатмоқдаки, буларнинг ҳаммаси халқни, табиий, биринчи навбатда, демократик мухолифатнинг ўзаги бўлмиш “Бирлик” Партияси фаолларини қўрқувда ушлаб туриш учунгина қилинмоқда.

Қамалганлар - ўққа тутилиб, қонига ботирилган ўз халқларини ҳимоя қилганлари учун жазоланмоқдалар.

Аммо, “Бирлик”нинг тарихга кирган 15 май Баёнотида айтилганидек, халқни ўққа тутганлар ва туттирганлар халқ олдида, қонун ва тарих олдида жавоб берадилар.

Шубҳасиз, шундай кунлар ҳали келади.

Зотан, “бирликчи”лар шунинг учун курашмоқдалар.