Актуал мавзу - 03 April 2009
06:01 - Ислом ислоҳотларга муҳтож, аммо буни тан оладиган мардлар кам
Шу йил 2 апрелда сайтимизда қуйидаги хабар берилганди.

G20 саммити ва фоизли қарз беришнинг эмас, фоизсиз қарз олишнинг ҳаромлиги ҳақида

Бугун Лондонда G20 саммити ўз ишини давом эттиради. Кечаги кун асосан икки тарафлама учрашувлар, турли расмий қабул маросимлари (қироличанинг резиденциясида ва ҳукумат қароргоҳидаги қабул маросимлари) билан ўтганини ҳисобга олинса, саммитнинг асосий мажлиси бугун бўлади дейиш мумкин. Ҳар қандай маъсулиятли йиғилишларда бўладигандек, бу сафар ҳам ҳамма қабул қилинадиган ҳужжатлар лойиҳаси аллақачон мақомига етказилган ва имзолашга тайёр.

Шу нарса ҳам маълумки, бу саммитда принципиал янги қарорлар олинмайди, Вашингтонда белгиланган стратегиялар доирасида ва ўтган вақт давомидаги тажрибалар асосида ҳар бир мамлакат ўз ишини давом эттираверади. АҚШ билан Европа давлатлари орасида бўҳрондан чиқиш йўлидаги фарқлар ҳам ўзгармайди. АҚШда асосан банкларга ёрдам бериш ва банклар воситасида иқтисодни кўтариш йўли танланган бўлса, Европада кучсиз мамлакатларга (асосан Шарқий Европа мамлакатларига) ва банклардан кўра кўпроқ ишлаб чиқариш секторига ва кам даромадли одамларга тўғридан-тўғри ёрдам бериш йўлига афзаллик берилмоқда.

Ҳозир Россия ҳам АҚШнинг йўлидан кетишга қарор қилгани маълум бўлмоқда. Масалан, 31 март куни МДҲ давлатлари молиия вазирларининг Москвадаги йиғилишида РФ вице-премьери, молия вазири Алексей Кудрин ҳаммани молиявий ёрдам бериш масаласида ишлаб чиқариш секторига эмас, банкларга афзаллик беришга чақирган.

Банкларга афзаллик бериш сиёсати банкчиликни ҳаром деб ҳисоблайдиган исломий мамлакатларда қандай қабул қилиниши маълум. Салбий қабул қилинади. Демак, ислом удумлари билан яшайдиган мамлакатлар ўзларига зарар қилишади. Айни замонда, улар ўзларини ҳаром ишдан четда тутаётганларидан хурсанд бўлишса ҳам ажаб эмас. Шу тўғрими? Агарда замонавий банкчилик системасинининг фаолияти Қуръонда ҳаром деб белгиланган “рибо” билан боғланса, тўғридек кўринади. Лекин, аслида, ундай эмас. Замонавий банкчилик ўта мураккаб ва катта меҳнат талаб қиладиган ишдир. Унинг рибога боғлаш хато.

Масаланинг фақат бир хусусий томонини олайлик. Айниқса мусулмон мамлакатлариад инфляция даражаси жуда катта. Демак, кимдандир фоизсиз қарз олиб, маълум вақтдан кейин айнан олинган миқдор қатариладиган бўлса, инфляция туфайои қарз берган одам катта ютқазади. Шу ҳам адолатми, бировга ёрдам берган (қарз берган) одам зарар кўрса. Демак, ҳақиқий адолатпарвар мусулмон учун фоизга қарз бериш эмас, фоизсиз қарз олиш ҳаром бўлиб қолади.

Бунинг устига бугунги пул - олиб сотиладиган молдир. Мол олиб сотиш, яъни оддий савдогарчилик ҳаром ҳисобланадими? Албатта, йўқ.

Демак, Ислом уламолари шу каби оддий ҳақиқатларни ҳисобга олиб, Қуръоннинг бу хусусдаги бюрганларини қайтадан тафсир қилишлар шарт. Яъни, бизнинг сайтимиз давомли ёзиб бораётганидек, Исломда ислоҳот бу соҳада ҳам қилиниши керак. Банкчилик замонавий иқтисоднинг мотори экалигини ҳисобга олсак, ислоҳот қанча тез қилинса, мусулмонлар учун шунча яхши бўлади Акс ҳолда қолоқликда қолаверамиз.

Тўғри, Ислом мамлакатларида ҳозир “исломий банк” дейиладиган банклар бор. Моҳиятан уларнинг оддий банкдан фарқи йўқ. Бундай иккюзламачик эса, бизни маънавий инқирозга чўктириши мумкин. Чўктирмоқда ҳам.

Сайт маъмуриятидан: Алоҳида айтиш керакки, Ислом динида ислоҳатлар лозимлиги ҳақида фақат бизнинг сайт ёзаётгани ва ҳозир ёзаётгани йўқ. “Ҳаракат” журналининг бундан 12 йил аввалги сонида бир турк профессорининг шу масалаларни ўртага қўйган мақоласи бор. Истаганлар унинг "Ҳаракат" журналидаги таржимаси билан шу ерда танишсинлар.

* * *

Шу хабарда кўтарилган мавзу бўйича бир ўқувчимиздан хат олдик. Тоҳир исмли ўқувчи кўп қиррали мавзунинг биттасинигина тилга олган ва жуда ибтидоий мулоҳазалар қилган. Одатда бундай хатларга жавоб ҳам бериб ўтирмасдик. Лекин бу хатга жавоб бериш баҳонасида ўша мазуга яна бир марта қайтишни фойдали деб билиб, қуйидаги фикрларни ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.

Ўқувчимизнинг лотин харфлари билан ёзилган хатини кирилга ўтказганимизда, у қуйидаги ҳолга келди.

* * *

Aссaлoму aлaйкум тaҳририят хoдим(лaр)и,

Aввaлo тeзкoр хaбaрлaрингиз учун тaшaккур. 2-Aпрeл куни бeрилгaн юқoридaги мaвзугa эътирoзимни билдириб ўтмoқчимaн. Ислoмдa қaрз бeргaн oдaм ҳeч қaчoн зaрaр қилмaйди. Мaсaлaн мeн Сизгa 2000 минг сўм қaрз бeрсaм вa имкoнингиз бўлгaндa қaйтaрaрсиз дeдим. Сиз мeнгa 10 йилдaн кeйин бeрдингиз вa бу пaйтдa 2000 сўм пулгa бир сиқим пистa сoтиб oлиш мумкин. Ислoм дини ҳaр бир муaммoгa ечим бeргaн вa жумлaдaн мaнa шу мaсaлaгa. Ислoм ҳaдислaригa aсoслaниб мeн Сиздaн инфляциянинг тaъсирини ҳaм oлишгa ҳaққим бoр вa бу ҳaлoл. Яъни фaқaт вa фaқaт тиллaнинг нaрхигa aсoслaниб Сиздaн ҳaққимни тaлaб қилишим мумкин. Мисoл учун пaйтдa 2000 сўмгa 50 грaмм тиллa бeргaн бўлсa, мeнгa пулни қaйтaрaётгaнингиздa 50 грaмм тиллaнинг қиймaтини тaлaб қилишимгa ҳaққим бoр. Бaъзaн ўзбeклaр гўштгa, буғдoйгa чaқишaди бу ҳoлaтдa вa бу ҳaтo. Ислoм бундaй вaзиятдa фaқaт тиллaгa чaқишгa руxсaт бeрaди. Сиз(лaр) aйтaётгaн ислoҳoт Ислoм учун кeрaк эмaс. Бизлaрнинг ўзимиз ислoҳoтгa муҳтoжмиз.

Янa ўшa мaқoлaдa ёзилиптики, зaмoнaвий бaнкчилик мурaккaб вa кaттa мeҳнaт тaлaб қилaди, уни рибoгa бoғлaш ҳaтo дeйилипти. Винo, aрoқ ишлaб чиқaриш вa ўзигa ярaшa мурaккaб иш вa oғир мaҳнaт тaлaб қилaди. Хaбaр ёзишдaн aввaл, aйниқсa Ислoм ҳaқидa, бу сoҳaдaн хaбaрдoр инсoнлaрдaн ҳaм фикр oлинсa яxши бўлaрди.

Тaнқидимни тўғри қaбул қилaсиз дeгaн умиддaмaн.

Ҳурмaт билaн,

Тoҳир.

* * *

Хат муаллифи айтганидек, Исломда қарз учун олинган фоизнинг инфляцияни қопловчи қисми ҳалол деб тан олинган бўлса, дарвоқе, бунга шубҳамиз бор, бундан фақат хурсанд бўлиш керак. Лекин фоизнинг қолган қисми ҳаром бўлса, демак, бутун фоиз ҳаром бўлади. Ҳамма банклар шу принципда ишлагани учун, банклардан қарз олиш ҳаром бўлаверади. Мусулмонлар шу сабадан банклар системасини, унинг асоси бўлмиш қарз бериш системасини яратмадилар. Замонавий банкчилик (қарз бериш системаси ҳам дохил) иқтисоднинг мотори бўлгани учун, банкларни ривожлантирмаган Ислом дунёси умумий ривожланишда ҳаммадан орқада қолиб кетди.

Биз демоқчимизки, қарз учун олинадиган фоизнинг қолган қисми ҳам ҳалолдир. Чунки замонавий банк - бир одам бир неча кишига қарз бериб ва оёғини узатиб ўтириб, фоиз келишини кутадиган жой эмас. Замонавий банк - моҳияти билан - фойдага ишлайдиган ҳеч бир корхонадан фарқи йўқ.

Яъни, банкнинг оладиган фойдаси Қуръонда айтилган “рибоъ” эмас. Ҳозирги Ислом уламоларининг шу оддий ҳақиқатни айтишга журъати етмаяпти. Уларни тушуниш мумкин. Ахир, бор-йўғи 3-4 юз аввал “ер қуёш атрофида ва ўз ўқи атрофида айланади” деб ҳақиқатни гапирган одамларни насронийлар тириклайин оловда ёқишган-ку! Бизда оловда ёқиш одати йўқ, аммо дарҳол кофирга чиқариб юборишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шунинг учун биз инқилобий ислоҳотлар ҳақида гапирмоқдамиз. Кимдир инқилоб қилиши зарур. Биз бошлаб бердик деса ҳам бўлади.

Мана инқилобдан қочаётган уламоларнинг аҳволини кўрсатувчи иккита мисол.

“Мусулмон Ўзбекистон” сайтида Шайх Холид Ал-Мушайқиҳнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “Рибо билан шуғулланадиган банклардан ҳисоб рақами очиш ҳаромдир. Демак, мусулмон киши ўзининг молини рибо билан шуғулланмайдиган банкларда сақлаши лозим. Рибо билан шуғулланмайдиган банкларни топишга имкон қадар ҳаракат қилиш керак. Агар рибодан холи бўлган биронта банк тополмаса ва бу каби банклар билан алоқа қилишга жуда ҳам мажбур бўлиб қолса, бундай ҳолда зарурат нуқтаи назаридан ана шу банк билан алоқа қилишга зарур ишларидагина рухсат берилади. Валлоҳу аълам.”

ББСнинг сайтида эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сўзлари бор: "Албатта, "рибоъ" - Қуръони Каримда қораланган, харомлиги тўғрисида бутун Ислом уммати иттифоқ қилган нарса. "Рибо" ўз эгасига эвазсиз фойда келтирувчи қарз эканлигини ҳамма яхши билади. Мана шу қоидага солиб кўриш керак, ана шу қоидадан "рибоъ"лиги аниқ бўлиб турган нарсага қўл урмаслик керак, қоида бўйича "рибоъ" эмаслиги тушуниб етилган нарсани қилиш керак. Буни "фалон банк", "фистон муассаса" деб алоҳида-алоҳида айтишни уламолар учун иложи йўқ. Уламолар фақат қоидани айтиб берадилар, кишилар ўзлари муомала қилмоқчи бўлган шахс ёки тарафлар билан муомала жараёнида "рибоъ" бўлса, ундан четланишлари, "рибоъ"сиз бўлса, ундан фойдаланишлари мумкин бўлади."

Ўзимизнинг шайҳимиз масаланинг моҳиятига киришдан қочаётгани кўриниб турибди. У киши “ҳамма нарсани ҳар бир одамнинг ўзи ҳал қилсин” демоқчи. Шайх Холид Ал-Мушайқиҳ эса, бироз мардлик қилиб, “мажбур бўлган ҳолларда ҳаром банк билан ҳам алоқа қилаверишга” рухсат бермоқда. Қуръоннинг ҳозиргача қилинган тафсирлари замонавий банкларнинг олаётган фойдасини рибоъ эмас деб баҳолаш учун етарсиз бўлгани учун, юқорида исмлари келтирилган икки шайх тўғри жавобдан қочмоқдалар. Аслида, сўралса, бугун ҳамма Ислом уламолари шу каби жавоблар беришларини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.

Агар банкчилик ўта хусусий бир масала бўлса эди, банкларнинг жамиятга, унинг ривожланишига таъсири кам бўлса эди, бу мавзуга ортиқча эътибор бермаса ҳам бўларди. Аммо, банкчилик, замонавий иқтисоднинг мотори. Бу масалада аниқ фатво бўлмас экан, иқтисоднинг мотори, яъни, банкчилик иши Ислом дунёсида ҳеч қачон тўла ривожланмайди.

Шуни ҳам айтиш керакки, ҳозирги “исломий” деб айтилаётган банклар сўз ўйинлари билан фоиз олишни, яъни Қуръоннинг мавжуд тафсирига кўра рибоъ деб баҳоласа бўладиган фаолиятларини бекитиб келмоқдалар, тўғрироғи, иккиюзламачилик билан шуғулланмоқдалар. Жамиятдаги иккиюзламачилик, охир-оқибатда, маънавий инқирозга олиб келади.

Демак, битта йўл бор. Қуръоннинг рибоъга оид жойлари қайтадан тафсир этилиши ва замонавий банклар, ҳамма корхоналар каби, фойда олиш учун ишлайдиган ҳалол муассаса эканлиги тан олиниши керак. Банкчилар ва банкларнинг минглаб хизматчиларн ўз меҳнатлари ҳисобига фойда олишади. Уларнинг қарз эвазига фоиз олишдан топаётган фойдаси дунёнинг энг бой кишиси Бил Гейт олаётган фойдадан "ҳаромроқ" эмас. Ислом уламолари буларни тушунмасдан банкчиликни рибоъга боғлашган. Шуларни тан олишнинг ўзини ислоҳот дейдилар.

Исломда бўладиган ислоҳотларнинг мақсади – Ислом дунёсинининг кескин ривожланишига йўл очиш эканлигини ҳам унутмаслик керак.