Актуал мавзу - 29 March 2009
06:01 - Ислом динида қилиниши муқаррар бўлган ислоҳотларнинг умумий принциплари ҳақида
“Ҳаракат” сайтида Ислом дини ислоҳотларга муҳтожлиги, ислоҳотлар қайси йўналишда бўлиш кераклиги ҳақида бир туркум ёзувлар эълон қилинди. Минг афсуслар билан айтиш керак, бизга етиб келаётган хабарлар шуни кўрсатмоқдаки, Ислом дунёсининг бугунги аҳволини тушунган, аҳволимизнинг ғариблигини сабаби - динимизда сўнг асрларда мутлақо ислоҳатлар қилинмагани эканини идрок этган, қолаверса, дин нимаю ислоҳот нималигини фарқига борадиган одамлар оз. Яна ҳам муҳими, бундай одамлар ўзини Ислом уламоси деб ҳисоблайдиганлар ичида ҳам йўқ ҳисоб.

Ислом уламолари бу нарсаларни тушунмагунларича ислоҳотлар бўлиши қийин, демак, Ислом дунёси қолоқликдан чиқолмайди. Аҳвол шундай давом этадиган бўлса, бу ишда ҳам ташаббусни сиёсатчилар ўз қўлларига олишлари, уламолар номларига кўра шариат қонунлари ва диний билимларни яхши билган одамлар бўлиши кераклигига қарамасдан, фақат Қуръонни ёдлаш билан оворо бўлиб, аслида жоҳилга айланганларини мусулмонларга тушунтириб, уламоларни жоҳилликда қутилиш йўлига чақиришлари керак бўлади.

Ҳозир ўзини Ислом уламоси ҳисоблаб, дунёвий билимларни менсимасдан, уларга салкам материализм меваси сифатида юқоридан қараб келаётганларга қуйидагиларни тушунтириш лозим. Оллоҳ одамзодга фақат Қуръон беришдан ташқари, ҳозир яшаётганимиз Оламни яратган. Уни ҳам бизга берган дейишимиз мумкин. Биз бу оламда яшар эканмиз, уни билишимиз, ўрганишимиз лозим. Оллоҳ Қуръонга дунёвий билимларни ҳам киритмади, бунинг ўрнига бизга ақл берди. Бизга бу ақлдан фойдаланиб дунёни ўрганишни буюрди. Чунки, дунёвий билимларимизни чуқурлаштириш йўли билангина Қуръонни мукаммал тушунишимиз мумкинлиги - гапириб ўтириш ҳам керак бўлмаган ҳақиқатдир.

Дунёвий билимларимизни чуқурлаштирганимиз сари Қуръонни тушунишимиз, яъни тафсир қилишимиз мукаммалашиб боради. Ислом уламоларининг энг катта хатоси, яъни Қуръонни тафсир қилиш жараёнинг тўхтатилиши натижасида мусулмонлар учун дунёвий билимларни ривожлантиришга йўл бекитилди, ҳатто, тақиқланди дейиш мумкин. Расадхоналар қуриш даражасига етиб борган уммат, кейинги бир неча аср ичида жаҳолат қучоғига отиб юборилди. Ўша вақтдан бери, баъзи даврлар хориж, Ислом дунёси инқироз йўлидан кетди. Дунёда ривожланишда шунчалик орқада қолдикки, сал кам ҳамма мусулмон давлатлари бошқаларга мустамлака бўлдилар. Фақат Мустафо Камол Отатурк Туркияни дунёвий давлатга айлантириб, унинг ва унинг соясида Эроннинг мустақиллигини сақлаб қолди.

Тўғри, мусулмонлар томошабин бўлиб турар экан, бошқалар дунёвий илмларни ривожлантирдилар. Энди биз ҳам бу жараёнларга қўшилдик-ку, ҳозир Исломда ислоҳотлар нимага керак, дейдиганлар бўлиши мумкин.

Жавоб шундай: Маънавий ҳаётимизнинг асоси бўлмиш динимзда ўтган асрларнинг билимларига асосланган тафсирлар, қонун-қоидаю урф-одат ва маросимлар ҳукмронлиги давом этар экан, биз дунёда, лидерликни қўйиб туринг, ҳамма билан баравар ҳам кетолмаймиз, фақат бошқаларга тақлид қилиб орқада кетамиз.

Хуллас, Исломда ислоҳотлар қилиш кимнингдир хоҳиши эмас, ҳаётий заруриятдир.

Лекин, ислоҳотлар бировнинг буйруғи билан билан қилинадиган иш эмас, бунга мусулмонларнинг ўзи белни боғлаб, енгни шимариб киришишлари керак. Ҳозир эса, кўриниб турибдики, кўпчилик дин нима, ислоҳот нималигини ҳам тўғри тушунмасдан, дин ислоҳoти Қуръонни ислоҳот қилишдир, ислоҳот динимизга қарши ҳужумдир деган қўрқув остида яшамоқда.

Шунинг учун дин нима эканлигини, диннинг таърифи қандай эканлигини эслатиб ўтишдан фойда бор.

Яқинда чиқарилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғатида” шундай дейилади: “Дин – Илоҳий кучга, Худога ишонишга асосланган дунёқараш, тасаввур, урф-одат ва маросимлар мажмуасидир”. Рус, инглиз, араб энциклопедияларида ҳам шу каби таърифлар берилган.

Демак, Оллоҳга бўлган ишонч ва у берган Қуръонга асосланиб инсон тарафидан яратилган дунёқараш, тасаввур, урф-одат ва маросимларимиз Оллоҳга бўлган ишонч ва У берган Қуръон доирасида яна инсон тарафидан ўзгартирилиши, ислоҳ қилиниши ғоят табиий нарса. Бунга қарши чиқиш ножиддийликдир, ислоҳотлар бўлмагани сабабли дунёда ҳаммадан орқада қолиб кетаётганимиз ҳисобга олинса, бунга қарши чиқиш – динимизга, Ислом дунёсига нисбатан душманликдир.

Исломни ислоҳ қилиш бир маҳаллар Исломнинг қабул қилиниши билан солиштирсак бўладиган даражадаги жиддий, мураккаб ва машаққатли жараёндир. Бу масала билан шуғулланиш, жараёнларнинг асосий кўрсатгичларини белгилаш, керак бўлса жараёнларни бошқариш Ислом уламоларининг иши. Лекин, бу хусусда фикр билдириш ҳар бир мусулмоннинг табиий ҳаққи, қолаверса, вазифасидир.

Ҳозирги реалликдан келиб чиқиб, Исломда бўладиган ислоҳотларнинг мақсади, моҳияти ва расмий тарафи хусуида қуйидагиларни айтиш мумкин.

Ислоҳотларнинг мақсади. Шу кунгача мусулмонларнинг онгига “Ҳамма нарса Олоҳдан” каби тўғри ақида ибтидоий “Пешонангга ёзилганини кўрасан” шаклда сингдирилган. Айнан шу сабабдан, мусулмонлар жамияти ўрта асрлардаёқ ривожланишдан тўхтади ва Ислом дунёси ҳамма соҳаларда ҳаммадан орқада қолди. Чунки, ҳамма нарса Олоҳдан эканлигига ишонган одамлар ўзлари бир нарса қилиш ташаббусидан чекиндилар. Бу нарса ўзгартирилиши ва ислоҳотлар натижасида “Оллоҳдан баракат, биздан ҳаркат” шиори мусулмон дунёсининг кундалик амалий қуролига айланиши керак.

Ислоҳотларнинг моҳияти. Оллоҳ берган Қуръонни Оллоҳ яратган мавжудот (борлиқ) ташқарисида тўла ва тўғри идрок этиш мумкин эмас. Шу сабабли, дунёвий билимларимиз ортиши билан, Қуръонни бу билимлар доирасида тафсир қилишга маҳкуммиз. Буни Оллоҳнинг амри сифатида қабул қилиш керак. Ҳозир эса, мусулмонлар Қуръоннинг ўрта асрлардан ҳам аввал, яъни дунёвий билимларимиз оз бўлган вақтда қилинган тафсири бўйича яшамоқдалар. Баъзи тафсирлар бу куннинг реалликларига мос келмаса, уларни бекитиш учун икки юзламачиликкача бориш – мусулмонлар жамиятини таназуллага дучор қилишдир. Демак, Исломда қилинадиган ислоҳатларнинг моҳияти – Қуръонни борлиқ ҳақидаги бу кунги билимларимиз доирасида тафсир қилиш ва келажакдаги тафсирларга йўл очишдир.

Ислоҳотларнинг расмий тарафи. Ислом дини, юқоридаги таърифга кўра, Оллоҳга бўлган ишончга асосланган дунёқараш, тасаввур, урф-одат ва маросимлар системасидир. Бу системанинг пойдеворида динимизнинг фарзлари, яъни Оллоҳнинг қатъий амрлари ётади.

Айни пайтда, очиқча кўриниб турган ҳақиқат шундан иборатки, ҳамма фарзлар таъсир кучи, талаблари ва бошқа жиҳатлари билан тенг эмас. Баъзи фарзлар - шартли талаб, шартли амрлардир. Ҳатто, машҳур деб билинган фарзларнинг ичида ҳам бештаси Исломнинг устунлари деб ҳисобланади. Булар - иймон, намоз ўқиш, рўза тутиш, закат бериш ва ҳаж қилишдир. Қуръоннинг ўзидаёқ бу фарзларнинг биттаси, аниқроғи, иймон шартсиз амрлиги эътироф қилинган. Бошқа фарзларни маълум шартлар остида бажармаслик гуноҳ эмаслиги билдирилган. Бу шартлар аниқ формаллаштирилмагани сабали, уларни бажариш-бажармаслик, яъни Савоб билан Гуноҳни ажратиш одaмлар учун субъектив категорияга айланган.

Шулардан келиб чиқиб, Оллоҳ Қуръон воситасида мусулмонларга берган асосий фарз Иймон, Иймон келтириш эканлиги, бошқа фарзларнинг бажарилмаслиги, суннатнинг бажарилмаслигида бўлгани каби, Гуноҳ ҳисобланмаслиги расмийлаштирилиши керак.

Лавҳамизнинг сўнгида Исломдаги ислоҳот билан боғлиқ бўлган бир глобал масалани тилга олишга мажбурмиз.

Ҳали ҳам ўрта асрларга хос турмуш қоидалари доирасида яшаётган араб маамлакатлари ҳамда Эрон, Афғонистон ва Покистон каби мамлакатлардаги мусулмонлар жамияти бу ерда тилга олинган ислоҳотларни бажаришни қўйиб туринг, уларни тушунишга ҳам қодир бўлмаган жоҳиллик даражасида ибтидоийдир. Шунинг учун, улар билан солишириб бўлмайдиган даражада юқори турган ва уларнининг етиб олишини кутиб вақт ўтказишни истамаган туркий мусулмонлар бошқа йўл танлашлари мумкин. У ҳам бўлса, шу ерда тилга олинган ислоҳотларга асосланган, дунёвий давлатчиликни тан олган ва номи, масалан, “иймоний” бўлган мазҳаб яратишдир. Ҳеч шубҳа йўқки, мусулмонлар жамияти ривожлангани сари, бундай мазҳаб Исломнинг асосий йўналишига айланган бўларди.