06:01 - "Бирлик" лидерининг мамлакат президентига меҳнат муҳожирларининг аҳволи хусусидаги мактуби, 3 июль 2008 йил

3 июль 2008 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга


Жаноб Президент,

Ўзбекистонда ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб аҳоли сонининг тезлик билан ортиб бориши мамлакатимиздаги муаммоларнинг - бугунги оғир иқтисодий аҳвол, хусусан, кенг кўламдаги ишсизликнинг ҳам сабабларидан биридир. Ўзбекистон бу муаммоларни ўз имкониятлари билангина ҳал этолмайди. Айниқса, мустақилликнинг биринчи йиллари, бошқа совет республикаларидан фарқли ўлароқ, бизда сиёсий-иқтисодий ислоҳатлар жуда суст олиб борилгани учун ҳам.

Ишсизлик муаммоси ўз вақтида ҳал этилмаса, бу нарса стихияли миграцияни кескин кучайтириши ва уни тўхтатиб бўлмаслигини ҳисобга олиб, ҳукумат миграцион жараёнларни назорат остига олиши, уни режали равишда бошқариши мақсадга мувофиқ эканлигини “Бирлик” аллақачон тушуниб етган. Унинг позицияси сўнги ўн йилда эълон қилинган бир қатор мақолаларда, “Бирлик” Партиясининг Таъсис қурултойи резолюцияларида ўз аксини топган.

Бу кунда юз минглаб, балки миллионлаб ўзбеклар меҳнат муҳожирлари сифатида яқин ва узоқ ўлкаларда ишлашмоқда. Уларнинг Ўзбекистондаги оилаларига юбораётган молиявий ёрдами, баъзи мустақил кузатувчиларнинг фикрича, мамлакат бюджети билан солиштирса бўладиган рақамларга чиқмоқда.

Маълумки, меҳнат мужоҳирларининг катта бир қисми нолегал ҳолатда ишламоқда. Улар ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо муҳофазаланмаганлар. Бу аҳвол давом этаверса, ҳозир уларнинг бир қисми билан бўлаётган фожиявий воқеалар оммавийга айланиб, умуммиллат фожеасига айланиш эҳтимоли бор.

Легал шароитда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг аҳволи ҳам яхши эмас. Бу хулоса ривожланган мамлакатлардаги янги ўзбек муҳожирларига ҳам таалуқли. Яъни, уларнинг ҳам етарлича муаммолари бор.

Уларга, яъни ўз мамлакатининг фуқароларига ёрдам бериш Ўзбекистон ҳукуматининг вазифаси, мажбуриятидир. Ҳукуматнинг ташқи алоқаларга оид муассасалари ўзбек муҳожирларининг у ёки бу муаммолари билан маълум бир шаклда шуғулланаётганини инкор этиб бўлмайди. Аммо бугун бу ишни систематик ҳолга келтириш ва охир-оқибат унинг самарадорлигини кескин ошириш вақти келди.

Айтилган мулоҳазалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда янги алоҳида вазирлик яратиш ва унинг зиммасига чет элларда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари билан шуғулланишни топшириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Унинг номи, мисол учун, Чет эллардаги ватандошлар билан алоқалар вазирлиги бўлиши мумкин.

Бу вазирлик ўзбек меҳнат муҳожирлари яшайдиган мамлакатларнинг тегишли структуралари билан биргаликда, меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий ва ижтимой ҳимоя қилиш масалаларини ҳал қилишда катта роль ўйнаши мумкин. Айни замонда, вазирлик ўзбек меҳнат муҳожирларини яшаётган мамлакатларида ташкилотлантириш, уларни ўз-ўзларини ҳимоя қилоладиган даражага олиб келишда ёрдамчи бўлиш, уларни ўз ватанлари билан алоқаларини узмасликка рағбатлантириш каби масалалар билан ҳам шуғулланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Биз бу масалада Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликка тайёрлигимизни билдириб, янги вазирлик тузиладиган бўлса, вазир лавозимига номзод қилиб партия раисининг ўринбосари Пўлат Охуновни таклиф қиламиз. У собиқ СССРнинг сўнги парламентида депутат бўлган, партиямизда ташқи алоқлар масалалари билан шуғулланган. Яъни, у сиёсатда ҳам, янги тузиладиган вазирликнинг вазифаларига оид соҳада ҳам тажрибага эга.

Мухолифат вакилининг ҳукуматга киритилиши - Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, демократиянинг ривожлантирилиши, демократик мухолифатнинг фаолиятига имкон берилиши каби соҳаларда ўзгаришлар кутаётган дунё жамоатчилиги учун ҳам ижобий сигнал бўлиши муҳимдир. Ҳозир “юқорининг байруғи” эканлигига ишора қилиб, Пўлат Охуновнинг паспортини алмаштириш масаласини ҳал қилмай келаётган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг тегишли муассасалари ва бу ишга холис ёндошмаётган суд органлари эса, мамлакатимиз обрўсинининг тўкилишига сабаб бўлмоқдалар.

Мамлакат Конституцияси кўра, айнан Сиз инсон ҳуқуқларининг кафолатчиси бўлганингиз сабабли, Пўлат Охуннинг паспорти масаласида унинг ҳуқуқлари бузилишини дарҳол тўхтаттирасиз, деб ҳам ишонамиз.

Агар бизнинг таклифимиз инобатга олиниб, янги вазирлик тузилса ва Пўлат Охунов вазир этиб тайинланса, у партиямиздаги лавозимидан истеъфога чиқиши ва керак бўлса, партия аъзолигини вақтинча тўхтатиши ҳам мумкин.

Эътиборингиз учун раҳмат.


Абдураҳим Пўлат
Партия раиси