Актуал мавзу - 25 March 2010
06:01 - Дайнов Ташанов - Қўшнилар ва ўзаро муносабатлар: Яна бир бор Роғун ГЭСИ ҳақида
Мувозанат зўровонлик билан бузилганда табиат қандай ўч олишини Орол фожеаси туфайли ҳис қилиб яшаётган халқимиз яна бир марта ҳассасини олдириш арафасида. Орол фожеаси собиқ Қизил Империяга тобелигимиз туфайли юз берди, деб ўзимизни овунтириб келдик ва ниҳоят мустақил бўлдик. Бироқ мустақиллик Марказий Осиё халқларининг асрий орзусини рўёбга чиқара олдими? Йўқ, бу мустақиллик эркинлик ва озодликнинг ўрнига қуллик, қашшоқлик, ҳақсизлик, коррупция, зўровонлик, ишсизлик, қўрқув каби қанчадан қанча негатив иллатларни инъом этди.

Бу ҳам етмагандай яна келажакка энг катта таҳдид – минтақавий сиёсий ва экологик кўргуликлар раҳна солиб турибди. Яъни азалий қон-қордош халқлар бир-биридан сим тўсиқлар билан ажратилиб, Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Марказий Осиёниг қон томирлари ҳисобланмиш Амударё ва Сирдарё ўзани бўйлаб ўнлаб ГЭСлар учун тўғонлар қуришни режалаштирмоқда. Агар бу режалар амалга ошадиган бўлса, Орол бўйи халқларининг янги экологик фожеаси олдида эскилари хамир учидан патир дегандек гап.

Бу масала бўйича сафдошим Пўлат Охунниннг баёнотини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда баъзи фикрларимни қоғозга туширмоқчиман.

Биргина Роғун ГЭСи мисолида бу улкан экологик муаммони таҳлил қиладиган бўлсак, бу иншоот 1974 йилда Тошкентдаги Ўрта Осиё “Гидропроект” бирлашмаси томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, Амударёнинг учдан бир сувини берадиган Вахш дарёсига қурилади. Роғун ГЭСи тўғонининг баландлиги 335 метрни ташкил этишидан ҳам маълумки, у дунёдаги энг баланд тўғонли ГЭС бўлиб, 13 миллиард кВт/соат электр қуввати ишлаб чиқаришга мўлжаллангандир. Бугунги кунда Тожикистон ҳукумати қурилишини жадаллаштираётган ушбу Роғун ГЭСи зилзилалар кўп бўлиб турадиган зонада эканлиги, жуда катта миқдордаги сувнинг тўпланиши ва Помир тоғидаги улкан музликларга ёндошлиги ҳисобга олинса, Амударёнинг ўрта ва қуйи оқими бўйлаб яшаётган миллион-миллионлаб халқларнинг ҳаёти хавф остида қолиши турган гап.

Ушбу иншоот лойиҳалаштирилаётган даврлардаёқ рус эколог олимлари улкан экологик фалокатнинг содир бўлмаслигига ҳеч қандай кафолатнинг йўқлиги хусусида бонг уришган эди. Айнан шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, Роғун ГЭСи Марказий Осиё халқлари учун ажал ўқидан бошқа нарса эмас.

Иккинчи томондан Роғунда лойиҳавий сув заҳирасини тўплаш учун беш-ўн йиллар кетиши, қуйи оқимда жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистонда аянчли сув тақчиллиги юзага келиб, аксарият ҳудудларнинг чўлга айланиш эҳтимоли ҳам эколог олимлар томонидан қайд этилган. Қолаверса, йил сайин террористик хуружларнинг кўлами кенгая бориши ҳисобга олинса, вақти келиб бу иншоот террорчилар нишонига айланиши ҳам мумкин. Негаки, Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини тўла қувват билан ишлатиб диний экстремизм ва терроризм ўчоғи ҳисобланиб, келаётган Афғонистон ва Покистон каби давлатларга электр қуввати етказиб беришни режалаштираётганини ҳам яширмаяпти.

Минтақа келажагига қаратилган бу даҳшатли фалокатга ким айбдор, деган савол ўртага ташланса: биринчидан, Тожикистон ҳукумати бу тўғонни ўз мамлакатини электр энергияси билан таъминлаш учун қуряпти ва бу унинг ҳаққи деганлар, адашади. Тожикистон бу тўғон ортидан қўшниларининг бахтсизлиги эвазига максимал тижорий фойда излаяпти ва Амударё оқими бўйлаб жойлашган қўшниларига босим ўтказиш механзмини яратмоқчи бўляпти. Қўшниларини, айниқса Ўзбекистон ҳукуматини сиёсий томондан “тиз чўктириш”ни мақсад қилаётган Имомали Раҳмоннинг хомҳаёли Роғун ГЭСи тўла қувват билан ишлай бошлаганидан ҳақиқатга айланиши турган гап.

Иккинчидан, йирик империялардан бири Россиянинг ўз манфаатлари йўлида истаса “тиз чўктира оладиган” газ ва сув қуроли мавжуддир. Европани газдан қисиб қўйиши, Марказий Осиёликларни эса Роғунни ишга солиб, Тожикистон ҳукуматига минтақанинг бошқа халқларини муте қилиб ва азалий қон-қардош халқларни бир-бирига гиж-гижлаб, эҳтиёж сезган куни минтақани уруш полигонига айлантиришдек ғаразли мақсади борлиги ойдинлашмоқда. Имомалининг тожик халқини Роғун ГЭСи акцияларини сотиб олишга ундаётгани, бундай улкан иншоотни шундоғам қашшоқликда яшаётган тожикларнинг ўз пулига қура олмаслигини ва бу бир найранг эканлигини ҳамма билади.

Учинчидан, Роғун ГЭСи қурилар экан, минтақадаги сув оқими мувозанати буткул бузилишини ва кутулмаганда даҳшатли фалокат юз беришини билган Ўзбекистон ҳукумати, Амударёни тожиклар ўзича тасарруф қилишга халқаро меъёрларга кўра мутлақо ҳаққи йўқ деган, иддао билан уларга ҳозирдан босим ўтказмоқда. Энергетика муаммоларини ҳал қилишда Ўзбекистонга мутлақо қарам Тожикистон ва Қирғизистон республикаларини айни қишнинг қаҳратон кунларида газсиз ва электрсиз қолдиришгача бормоқда. Ҳатто шу кунларда Тожикистоннинг мамлакатимиздан ўтадиган транзит юкларини асоссиз равишда тутиб тургани ва бунга тожик томонининг норозилик нотаси берганини эшитмоқдамиз.

Булар Ўзбекистоннинг Роғунга жавоби эканини ҳамма тушунади. Ҳалитдан шундай бўлса келажакда нима бўлади?

Биз Ўзбекистон ҳукуматининг позициясини кўр-кўрона қўллаб-қувватламаяпмиз, у тўғри бўлгани учун қўллаб-қувватлаяпмиз. Айни замонда, ҳукуматнинг хатоларини ҳам гапирамиз. Ҳар қандай нормал сиёсат олиб борадиган ҳукумат ўз табиий ва энергетика ресурсларини четга экспорт қилар экан, аввало ўз халқининг ушбу ресурсларга бўлган талабини тўла қондириши, қолаверса ҳаёт учун мутлақо зарур чегара бўйлаб оқадиган дарёлар сувини баҳам кўрадиган ён қўшниларини имкон қадар таъминлашни муҳим сиёсий омил ҳисоблайдилар. Бироқ, Ўзбекистон ҳукуматининг қўшнилари тугул ўз халқини электр ва газ билан ҳаминқадар таъминлаб, Россияга газини, Афғонистонга электр энергияси сотаётганини қандай баҳолаш керак?

Бугунги кунда айнан Ўзбекистон ҳукуматининг ўйлаб қиинмаган қадамлари туфайли одий тожик ва қирғизлар, қардошларига экологик фожеа келтиришини билсаларда, ўз ҳукуматларининг дарёлар сувини ўнлаб жойидан буғиб қўйишдек ғаразли сиёсатини қўллаб-қувватламоқдалар.

Тўртинчидан, Ғарб ва АҚШнинг Марказий Осиё минтақаси давлатлари ҳукуматларининг юритаётган сиёсатларига кўз юмиб, фақатгина ўз мақсадлари йўлида ҳамкорлик қилиши натижаси ўлароқ Москва ўзининг пухта ўйланган режасини Тожикистоннинг қўли билан амалга оширмоқда. Интернет сайтларида кўплаб ушбу сиёсий ва экологик муаммоларга бағишланган мақолаларга кўзим тушди. Кимдир ушбу фалокатнинг олдини олишга энди кеч деса, яна кимдир минтақа давлатлари халқаро холис экспертизага рози бўлиши, низони келишувлар йўли билан ҳал этиш лозим, деб ўйлайди. Яна кимдир ГЭСлар қуриб электр энергияси ҳосил қилиш ўрнига муқобил энергетика манбаларини яратиш, яъни атом энергиясидан, қуёш ва шамол энергиясидан, биогаз ва биомассадан фойдаланишни таклиф этади. Яна бири эса муаммонинг ечимини пахтага ўхшаш кўп сув талаб қиладиган экинлар миқдорини кескин камайтиришда кўради.

Жаҳон Банки вакили Мото Кониши, агар барча текширувлар ижобий натижа берса, Роғун ГЭСининг табиат, қўшнилар ҳамда минтақага салбий таъсир этмаслиги аниқланса, Жаҳон банки бу улкан иншоотни тиклашда Тожикистонга ёрдам беради, дейди ўз чиқишларидан бирида.

Масалани чуқур тушунмасдан чиқиш қилаётган мухолифатчилар ҳам йўқ эмас. Масалан, журналист Тўлқин Қораев Россия дарёларини Ўзбекистонга буриш учун Россия ҳукумати билан келишувга эришиш хусусисидаги эски гапларни кўтарса, яна бир мухолифат фаоли Нодир Аҳадов эса Роғун ва Қамбар Ота ГЭСларини қураётганлиги учун ўзбек халқи тожиклар ва қирғизларга алоҳида раҳмат айтишлари кераклигини айтади. Негаки, сув тақчиллиги туфайли пахта майдонлари камаярмиш ва мактаб ўқувчилари қулларча пахта теримидан озод бўлармиш(!). Соддалик ҳам шунчалик бўладими?

Фикрларнинг кўплиги албатта яхши. Негаки, реал вариант ҳар хил фикрлар орасидан изланади. Бироқ Мото Конишининг текширувларини кутиб ўтирмай Имомали Раҳмон Роғунда жадал суръатлар билан кенг кўламли қурилиш ишларини олиб бормоқда. Британиялик Ҳоқон “Роғун: Бугунги эътиборсизлик эртага фалокат олиб келиши мумкин” номли мақоласида у шундай эътироф этади: “Бирлик”чилардан ташқари бирорта ўзини мухолиф деган партияда ватанпарварликни сезмадим. Улар ҳаммаси аламзада ва нафрати кучлилигидан ўз ватани миллий хавфсизлигини, манфаатларини кўролмай қолишибди. “Озод деҳқонлар” деб партия қуриб олган Нигора Ҳидоятова ҳаттоки Роғун қурулишига ёрдам бермоқчилигини “Озодлик”да айтибди. Уни ростакамига бирорта ўзбек деҳқони бундан кейин сайлармикин. Ушбу масалани бирликчилар ташаббус қилиб кўтаришди. Бошқа мухолиф партиялар Каримов курсисидан бошқа нарсани кўрмай қоляптилар”. (Иқтибос тугади).

Бирлик Халқ Ҳаракати “Орол фожеаси”ни ҳам биринчилардан бўлиб муаммо сифатида кўтаргани назарда тутилса, британиялик Ҳоқоннинг бу борада мутлақо хақлигини кўрамиз.

Хўш, Марказий Осиё халқлари келажагига хавф солаётган сиёсий ва экологик муаммоларни бартараф этишнинг иложи борми? Агар “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси шу кунларда қурултой ўтказса, унинг бу саволга жавоби шундай бўлади:

1. БМТ бошчилигида минтақа давлатлари ва чет эл эколог олимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги мутахасислари ва олимлари, халқаро экспертиза вакиллари, гидрогеология ва зилзилашунослик бўйича мутахасис олимлар ва бошқалар бир даврада йиғилишиб, минтақада қурилиши кўзда тутилаётган ГЭСларнинг келажакка ижобий ёки салбий таъсирини (фавқулодда ҳодисаларнинг бўлишини эътибордан соқит қилмаган ҳолда) илмий фикрлар билан далиллаб, масалани ҳал қилишни минтақа халқларининг ўзига ташлаш керак, яъни минтақа халқлари референдумини ўтказиш керак. Ўз халқининг келажагини ўйласа, бу иш Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг қўлидан келади.

2. Минтақа давлатлари, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари бир ном остида сиёсий қарашларини мувофиқлаштирган ҳолда ва тенг ҳуқуқлилик асосида ЕХҲТга ўхшаш Марказий Осиё бирлиги ташкилотини тузиши лозим.

3. Марказий Осиё давлатлари халқаро сувдан фойдаланиш консорциумини тузиб имзоланиши лозим.

4. Минтақа давлатлари халқлари орасида дўстлик, қон-қардошлик каби азалий ришталарни қайта тиклаш, борди-келдини эркинлаштириш юзасидан виза чекловини бекор қилиш лозим.

5. Минтақа давлатлари ўртасида минтақа халқларининг товар айрбошлаши ва савдо сотиқ қилишини эркинлаштириш каби қатор бугунги куннинг долзарб вазифалари амалга оширилса сиёсий ва экологик муаммолар ўз ўзидан бартараф бўлиб кетади. Негаки, минтақа халқлари ўртасида мустаҳкам дўстлик ва бирлик бўлса минтақага ташқи эффектнинг ғаразли мақсадлари ҳам салбий таъсир кўрсата олмайди. Бу борада “Бирлик”, минтақа давлатлари лидерларининг ташаббускорлиги ва ижобий қадамлари муҳим рол ўйнашини таъкидлаган ҳолда, минтақа давлатлари раҳбарларининг оқилона иш тутишларига умид қилади. Акс ҳолда, қайсики давлат раҳбари бўлмасин, унинг қўлига ўз тақдирини ишонч билан топшириб қўйган халқнинг ва келажак авлоднинг қарғишига учрашини муқаррар, деб билади.

Дайнов Ташанов,
“Бирлик” Партияси раиси ўринбосари,
партиянинг Қашқадарё вилояти кенгаши раиси
22 март 2010 йил